Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
31.03.2018

СОБИҚ ҲОКИМ ҚАРОРИ БЕКОР ҚИЛИНДИ

Лекин...

Газетамизнинг 2017 йил 4 июнь сонида Навоий шаҳар, «Янгиобод» маҳалласида аҳоли сайр қилиб, ҳордиқ чиқарадиган хиёбоннинг бир қисми собиқ шаҳар ҳокими Неъматулло Ахатов томонидан 2016 йил 25 августда қабул қилинган қарор асосида «Vegas-Navoiy» МЧЖга ошхона қуриш учун ажратилгани, шу ҳудуддаги кўп қаватли уйларда яшаётган 522 нафар фуқаро бундан норози бўлиб, ёзган шикоят хати асосида мақола чоп этилган эди.

Собиқ шаҳар ҳокимининг қарори Навоий шаҳар прокуратураси томонидан ўрганилиб, 2017 йил 12 декабрда уни бекор қилиш бўйича протест келтирилди. 2017 йил 20 декабрда эса мазкур протестга асосан «Vegas-Navoiy» МЧЖга ошхона қуриш учун ер майдони ажратишда давлат экологик экспертизаси хулосаси олинмагани боис, собиқ ҳоким қарори Навоий шаҳар ҳокими Умарбек Халилов томонидан бекор қилинди...

Ҳақиқат қарор топибди, яна нима керак, деб ўйларсиз? Гап шундаки, Ўзбекистон ­Республикаси Ер Кодексининг 64-моддасига­ асосан болалар ўйнайдиган, шаҳар аҳолиси, кекса нафақахўрлар сайр қиладиган жойлар, дарахтзор, ариқ тармоқлари, йўл ва йўлакчалар умумий фойдаланишдаги ерлар ҳисоб­ланади. Шаҳар бош режасига кўра, бундай жойлар яшил хиёбон бўлиши белгилаб қўйилган.

2012 йил 16 мартда Навоий шаҳар ер танлаш ва ажратиш доимий комиссиясининг ижобий хулосасига кўра, «Екspress-servis» МЧЖга тегишли «Флора» қаҳвахонаси атрофида жойлашган бир гектардан зиёд ер майдони шаҳар ҳокими томонидан бирорта қурилиш ишларини амалга оширмаслик шарти билан қаҳвахонани қайта таъмирлаш ва атрофини ободонлаштиришга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилинган. Тадбиркор Шоди Исмоилов томонидан бу ҳудудга дарахт кўчатлари ўтқазилиб, яшил хиёбон ва болалар майдончаси ташкил этилган.

Шунга қарамай, 2016 йил 25 августда ­Навоий шаҳар собиқ ҳокими Неъматулло Ахатов қонунга зид равишда ушбу хиёбоннинг бир қисмини «Vegas-Navoiy» МЧЖга ошхона қуриш учун ажратиш ҳақида қарор қабул қилади. Натижада хиёбондаги дарахтлар турли техникалар ёрдамида кесиб ташланади, бетон устунлар ўрнатилиб, ошхона биноси қад кўтара бошлайди. Маҳалла аҳолиси бу ­ноқонуний қурилиш тўхтатилишини сўраб, турли юқори ташкилотларга шикоят хати билан мурожаат қилади.

Прокурор протестида ушбу ҳудуддан «Vegas-Navoiy» МЧЖга қурилиш учун ер майдони ажратилиши Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2006 йил 29 майда қабул қилинган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги қарор асосида тасдиқланган Низомнинг 26-қисмига зид эканлиги баён этилган.

Бироқ собиқ ҳокимнинг ноқонуний қарори бекор қилинганига уч ой бўлишига қарамасдан, афсуски, шаҳарнинг қоқ марказида қаторасига жойлашган тўртта умумий овқатланиш корхонаси ёнида яна битта ошхона қурилиши ҳамон давом этаяпти.

Биз хизмат сафари билан Навоий вилоятида бўлганимизда, шаҳар ҳокими Умарбек Халилов билан учрашишнинг иложи бўлмади. Чунки у киши жойларда уюштирилаётган хайрия тадбирларида қатнашаётган экан. Шунинг учун телефон орқали бўлса ҳам ундан бу масалага ўз муносабатини билдиришини сўрадик.

Ҳоким «Vegas-Navoiy» МЧЖга тааллуқли ошхона ўрнида шифо маскани қурилиши мўлжаллангани учун унга бошқа жойдан ер ажратилгани, лекин қонунга зид равишда экологик экспертиза хулосаси олинмагани учун прокурор протести асосида собиқ шаҳар ҳокими қарори бекор қилинганини инкор этмади. Лекин шу билан бирга, экологик экспертиза хулосаси олиш мумкинлиги, инсонийлик нуқтаи назаридан шу ердан жой ажратилган тадбиркорнинг икки марта «бурнини қонатиш» инсофдан эмаслигини, бу борада шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуноси қўлидаги ҳужжатлар билан танишиш мумкинлигини билдирди...

Навоий шаҳар прокуратураси ушбу масалада қонун устуворлиги, адолат мезонлари асосида иш кўрган, деб ўйлаймиз. ­Навоий шаҳар ҳокими ҳам ўз навбатида прокурор протести асосида собиқ ҳоким қарорини бекор қилган. Лекин кўп қаватли уйларда яшаётган аҳоли ўзлари дам оладиган хиёбонда ошхона қурилиши ҳамон давом этаётганидан норози. Нима қилмоқ керак? Бир тадбиркорнинг «бурни қонамасинми» ёки 500 нафардан зиёд фуқаро норози бўлиб қолмасинми?



Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.