31.03.2018

ТОМОРҚА — ТУГАНМАС ХАЗИНА МАНБАИ

Бу — деҳқонбозорликларнинг фикри

Деҳқонбозор — Боғот тумани қишлоқларидан бири. Аввало қишлоқ номига эътибор беринг: «Деҳқон... бозор». Бу ном бекорга берилмаган ҳар ҳолда. Бу ерда 3749 хонадон бор, аҳоли сони йигирма минг нафарга яқинлашиб қолган. Ер майдони эса...

Ана шу ер майдони... оз-да. Шу боисдан қишлоқ ҳудудида буғдой, пахта етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги йўқ ҳисоби.

Деҳқонбозорликларнинг бош­қа қишлоқ аҳлидан устун бўлган, фахр¬ланса арзийдиган жиҳатларидан бири — бу деярли ҳар хонадонда замонавий енгил машина борлиги. Ҳатто айрим хонадонларда икки-учтадан.

Уйларини замонавий таъмирлашни ҳам улар биринчилардан бўлиб бошлади десак, ишонаверинг.

Қишлоқ аҳли бой-бадавлат яшайди.

Ниманинг эвазига?..

Президентимизнинг куни кеча қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида айрим хонадон эгаларининг томорқасига беэътиборлиги, ҳатто ўзи қишлоқда яшаб туриб, бозордан мева, сабзавот харид қилишлари борасида куйинчаклик билан айтган сўзларини тинглай туриб, беихтиёр деҳқонбозорлик­лар ёдимга келди. Тўрт йил олдин деҳқонбозорлик­лар ҳақида бир мақола тайёрлагандим. Сабаби — ўша вақтда қишлоқдаги 60 фоиз хонадон ўз шахсий автомашинасига эга эди. Бу вилоятдаги энг юқори кўрсаткич саналарди. Бугун эса бу кўрсаткич деярли юз фоизга етиб қолган.

Ниманинг эвазига?

Яхшиси, бу ҳақда уларнинг ўзларидан эшитсак.

Маҳалламиздаги 681 хонадонда уч минг етти юз нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Деҳқонобод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шарифбой Аҳмедов. — Бу хонадонлар илкида 165 гектар томорқа ва қўшимча томорқа бор. Томорқаларнинг аксари, юз фоиз десам ҳам адашмайман, узумзор. Яна бозорбоп тоифи навли узумлар. Ўртача уч юз, айрим боғбонлар ҳатто тўрт юз центнердан ҳосил олишади. Ана энди ҳисоблаб кўраверинг: саккиз сотих ердаги узумзордан ўртача уч-уч ярим тонна ҳосил олинади. Ўтган йили бир килограмм узум боғнинг ўзидаёқ узилиб, килоси уч минг сўм атрофида сотилди. Яна ҳаммаси экспортга кетди. Айрим хонадонлар узумни яхши асраб, қиш мавсумида ҳар килосини беш-олти ва ҳатто саккиз-ўн минг сўмдан сотишди. Агарда қўшимча томорқаларнинг аксари ҳам аллақачон узумзорга айланганини айтсам... бир хонадон бир мавсумда 25-30 миллион сўмгача даромад қилади...

Бугун Деҳқонбозор қишлоғида тўртта маҳалла ва бир шаҳарча бор. Шаҳарча ҳам «Узумзор» деб аталади. Яна бир маҳалла «Боғис­тон» номи билан машҳур.

Тўртта маҳалла ва шаҳарчада яшовчилар илкидаги 886 гектар томорқа ва қўшимча томорқаларда етиштирилган узумларни қўшни давлатларга олиб кетиш учун ҳали куз бошланмасиданоқ қишлоқ йўлларини оғир юк элтувчи машиналар босиб кетади. Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, бир ой ичида қишлоқдан мингдан зиёд ана шундай машина узум ортиб, қўшни давлатларга йўл олишади. Қишлоқ аҳли ана шу бир ой ичида ҳосил хирмонини кўтариб, даромадини ҳисоб-китоб қилиш билан овора бўлади.

Ҳа, дарвоқе, қишлоқда айнан узумчиликка ихтисослашган 72 та фермер хўжалиги бўлиб, уларга 182 гектар ер майдони ажратилган. Бу фермерлар даромадларини саккиз, тўққиз рақамли сонлар билан ҳисоблашади.

«Боғистон» маҳалласида яшовчи Ғанижон Юсуповнинг лақаби «болчи». Тиниб-тинчимас бу йигит ҳар йили бирор ўн миллион сўмлик узум сотиш билан кифояланмай, асалари боқади.

Шу асаларидан олган даромадим орқасидан уй қурдим, тўйлар ўтказдим, енгил машина олдим, — деб гурунг беради у. — Биз каби асаларини қўшимча даромад, деб билганлар қиш­лоқда озмас. Улар салкам минг қути асалари боқишади. Бу ёқда фарзандлар узум парвариши билан банд. Бош­қа не керак? Ўзимизга тўқмиз — ер берган, табиат берган неъматдан фаровон яшаяп­миз.

Шу ўринда деҳқонбозорликлар ўз томорқаларида ўтган йили саксонта катта-кичик иссиқхоналар ташкил этишганини ҳам айтиб ўтиш керак. Бу жараён бу йил — ҳали қиш ойларидаёқ яна давом қилдирилаяпти.

«Боғистон» маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Сафарбой ­Содиқов­ миришкор инсонлардан. Унинг айтмоқчи бўлган фикрлари барча маҳалладошларига тааллуқли:

Ҳали узумларни очиб, сўриларга тарашдан олдинроқ қатор ораларига картошка, пиёз, помидор экамиз. Токзорлар оралиғида бир қарич ер бўш қолмайди. Ҳали узум ҳосилга кирмасиданоқ биринчи ҳосил кўтарилади — сабзавотлар йиғиштириб олинади. Бу сабзавотлар билан рўзғорни таъминлаймиз ва ортиқчасини бозорга чиқарамиз. Биргина томорқадан шу тахлит йилда икки марта ҳосил кўтарамиз...

...Қиш ниҳоясида бир ажиб воқеа гувоҳи бўлдим. «Ўзгариш» маҳалласида яшовчи Ҳайитбой Сафаров бизнинг маҳалладан маҳаллий ўғит харид қилишга келган экан. Тагида яп-янги машина, ёнида фарзандлари. Улар кун бўйи замбилғалтакда гўнг ташиб, трактор прицепига юклашди. «Бу гўнгни узумзорга ташлаймиз. Қор-ёмғирда ивиб, тупроққа шимилиб, ерни бақувват қилади. Яна ҳар суғорганда токка қувват бўлаверади. Минерал ўғит олишга эҳтиёж қолмайди. Яна минерал ўғит кўп берилган токзордаги узум сифати тез бузилувчан бўлади, қишга асраб қўйиб бўлмайди».

Деҳқонбозорга қўшни айрим қишлоқлардаги ва ҳатто­ бизнинг маҳаллада ҳам айрим фуқаролар томорқасини доимо бир экин — буғдой ва ўрнига шоли кўчатлашдан нарига ўтишмайди. Уларнинг шунча томорқадан оладиган даромади ўша қиш кунида замбилғалтакда гўнг ташиётган Ҳайитбой боғбоннинг ўн-ўн беш туп узуми даромадига етмайди ҳам.

Айнан Давлат дастури бў­йича қишлоққа ёндош жойда ҳар йили икки минг тонна узумни қайта ишлайдиган завод қурилаётгани ҳам бежиз эмас.

...Хонқа туманидаги Оложа қиш­лоғи аҳли томорқа деҳқончилиги маданияти бўйича бутун воҳада машҳур. Қишлоқ аҳли илкидаги томорқалардан бир йилда уч ва ҳатто тўрт марта ҳосил олиш русум бўлган. Биринчи ҳосил аллақачон бозорга чиқарилди. Помидор, бод­ринг, карам кўчатлари. Иккинчи ҳосил шуларнинг ўрнига экилиб, ёз ўртасидаёқ ҳосил беради. У ёғи кузгача яна бир ҳосил. Қишда эса томорқаларга ўрнатилган иссиқхоналар «ишга тушади». Ёдимда, бундан йигирма йилча муқаддам вилоят раҳбари мажлисда колхоз раисларини уялтирганди: «Ҳисоб-китоб қилиб кўрдик, сизлар бир гектардан олаётган даромадни оложалик­лар томорқасидан олишяпти. Ана, ернинг ҳар бир қаричидан унум билан фойдаланиш. Шулардан ўрнак олсанглар бўлмайдими?»

...Ушбу мақолани тайёрлаётган пайтда «Деҳқонобод» маҳалласи фаоли Қувондиқ Жуманиёзов қўнғироқ қилиб қолди. Нима дейди денг? «Сизга қишлоқдаги енгил машиналар сонини айтгандим. Яна бешта қўшиб қўйинг. Икки кунда беш хонадон енгил машина харид қилди...»



Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.