Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
31.03.2018

Ўзбекистон — Тожикистон: САМАРҚАНД ВА СЎҒД ВИЛОЯТЛАРИ ВАКИЛЛАРИ БИР-БИРЛАРИГА САМИМИЙ ҚУЧОҚ ОЧИШДИ

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун, Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун

Мавлоно Рудакийнинг ушбу сатрлари самарқандлик бир гуруҳ юртдош­ларимизнинг Тожикистон Республикасининг Сўғд вилоятига ташрифи давомида такрор-такрор айтилди.

Тожикистон Республикаси томонидан самарқандлик меҳмонларни Сўғд вилояти раиси ўринбосари Анвар Ёқубий бошчилигидаги мезбонлар кутиб олишди. Чегарадаёқ карнай-сурнай садолари остида бошланган дийдорлашувда ҳамманинг юзида табассум, тилида шукроналик. Икки халқ дўстлигида янги саҳифа очган ­Президентлар Шавкат Мирзиёев ва ­Имомали Раҳмондан барча миннатдор. Оддий одамларнинг кўзида қувонч ёшларини кўрдик. Уларнинг дилсўзлари, тилак­лари тугамас эди. Қувончлари қалбларидан тошиб чиқарди.

Борди-келдилар тиклангани учун Яратганга шукр қиламиз, — дейди ­«Нуроний» жамғармаси Самарқанд ­вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят ­Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ­аъзоси Ҳасан Нормуродов. — Самарқандда ўтказилган Наврўз тантаналарида Сўғд вилояти вакиллари иштирок этишган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев улар билан учрашиб, байрам билан қутлаганди. Ўз навбатида, меҳмонлар бизни ҳам Панжикентда ўтадиган Наврўз байрамига таклиф қилишди. Қанчалар яхши, икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик абадий бўлсин. Мамлакатларимиз раҳбарлари омон бўлишсин. Мен уч кунлик сафар давомида кексалар билан ҳам суҳбатлашдим. Улар шодлигининг чегараси йўқ.

Самарқандликлар Сўғд вилоятидаги ишлаб чиқариш корхоналарида, бозорларда бўлишди. Муқаддас қадамжоларни зиё­рат қилишди. Панжикентдаги Лойиқ Шерали ҳайкали пойига гул қўйишди. Шоир қаламига мансуб халқларимиз дўстлиги куйланган шеърлардан намуналар ўқишди.

Сафар давомида Самарқанд давлат университети ректори, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Рустам Холмуродов Тожикистон Миллий университети ректори, академик Муҳаммадюсуф Сайдали, Хўжанд давлат университети ректори Жўразода Жамшид Ҳабибуллоҳ, Тожикистон ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосимлар билан учрашди. Мазкур мулоқотлар давомида маданий, маърифий алоқаларни янада кенгайтириш, университетлар ўртасида ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш, кадрлар тайёрлаш борасида тажриба алмашиш юзасидан келишувларга эришилди.

Панжикентда бўлиб ўтган Наврўз сайл­ларида иштирок этган самарқандликларни қалби фахр-ифтихорга тўлди. Тантаналарда ҳар икки халқ санъат усталарининг куй-қўшиқларига барча жўр бўлди. Байрам дўстлик шодиёнасига айланиб кетди.

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ўз табрик сўзида халқларимиз ўртасидаги дўстлик, асрлар синовидан ўтганини, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бутун Марказий Осиёда дўстлик, қардошлик, ўзаро яқинлик, ҳамкорлик руҳи қарор топганини, мустаҳкамланганини алоҳида эътироф этди. Байрам тадбирида иштирок этаётган самарқанд­лик меҳмонларни муборакбод этди.

Байрамдан сўнг Тожикистон Респуб­ликаси Президенти Имомали Раҳмон Самарқанд вилояти вакиллари билан учрашиб, самимий суҳбатлашди. Мулоқот давомида Наврўз байрами арафасида халқларимиз ўртасидаги тарихий дўстлик алоқалари қайтадан тикланганлигини мамнуният билан айтиб ўтди. Ўз навбатида самарқандликлар ҳам ҳурмат ва эътибор учун Тожикистон давлат раҳбарига ўзларининг чексиз миннатдорлик­ларини билдиришди.



Жумақул ҲАМРОЕВ,

Самарқанд давлат университети профессори.



DB query error.
Please try later.