31.03.2018

АФҒОНИСТОН ХАВФСИЗЛИГИ — БУ ЎЗБЕКИСТОН ХАВФСИЗЛИГИ,

бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётининг гаровидир

26-27 март кунлари ўтказилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерик­лик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бутун дунёда катта қизиқиш билан кузатилди. Конференция иштирокчилари Афғонистондаги зиддиятни ҳал этиш юзасидан билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлади.

Таҳририятимизга ушбу халқаро анжуманнинг тарихий аҳамияти ҳақида муносабатлар келиши давом этмоқда.

 

Робия Казимова, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси:

— Юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясини барча юртдошларимиз қатори катта ҳаяжон билан кузатдим. Унда таъкидланганидек, анжуман халқаро ҳамжамият томонидан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилади.

Дарҳақиқат, Афғонистон ва Ўзбекистон азалдан дўс­тона муносабатда бўлган. Икки халқнинг маданияти, тарихи, адабиёти кўп жиҳатдан муштарак. Маълумки, бу ришталарнинг сарҳалқаси ҳазрат Алишер Навоийга бориб тақалади. Афғонистон қадимда маърифат ва илму урфон замини бўлган. Афсуски, мамлакатда қарийб 40 йилдан буён давом этиб келаётган урушлар, можаролар бу мамлакатни вайронага айлантирди. Уруш туфайли аҳолининг муайян қисми ўзи яшаб турган жойларини ташлаб, бошқа мамлакатларга қочоқ сифатида кетишга мажбур бўлди. Бу ҳудудда пайдо бўлган инқироз, аҳолининг қашшоқлашуви дунё ҳамжамиятидан ушбу глобал муаммога биргаликда ечим топишни тақозо қилмоқда. Уруш жамият ва давлатнинг ҳаётига фалокатли таъсир кўрсатади. Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик бўлмас экан, бутун минтақамизда тинчлик бўлмайди.

Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида қўшни мамлакатлар билан алоқаларга устувор аҳамият берар экан, Афғонистонда тинчликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича Ўзбекистон позициясини баён қилган эди. Мазкур Тошкент конференциясида ҳам бу борадаги аниқ таклифларни илгари сураркан, терроризм ва экстремизм билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашишда фақат уларнинг оқибатларига эмас, балки сабабларига алоҳида аҳамият бериш зарурлигини таъкидлади.

Аслида ҳам, жаҳолатни қурол билан енгиб бўлмаслигини бугунги ҳаёт кўрсатиб турибди. Агар бутун дунё маърифатга интилса, портлатиш, қўпорувчилик учун кетаётган маблағ маърифат йўлида сарфланса, ер юзида тинчлик ҳукм суришига ишонаман.

Мазкур халқаро конференция дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига ғоят муҳим ҳисса қўшди. Ишонч билан айтамизки, унда билдирилган фикрлар ҳар бир инсон қалбига тинчликка даъват сифатида кириб боради.

Афғонистон дўстона ҳамкоримиз ва жон қўшнимиздир. Бу мамлакатнинг қаддини ростлашига Ўзбекистон имкон даражада ҳисса қўшишга интилмоқда. Дунё аҳли бирлашиб, афғон халқига тинчлик ва тараққиёт йўлида ёрдам қўлини чўзиши инсонпарварликнинг ёрқин намунаси бўлади.

 

Тошниёз Аҳмедов, халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Афғонистонда тинчликни таъминлаш масаласига бағишланган халқаро конференция, айтиш мумкинки, кўп­лаб мудраб ётган қалбларни уйғотди. Унда билдирилган фикрлар афғон халқининг тортган жабри, ўтказилган зулмлар бутун инсониятга тегишли эканини намоён этди.

 40 йилдирки давом этаётган қуролли тўқнашувлар, зўравонлик шароитида бутун бир авлод вояга етди. Айрим экспертлар эса уларни «йўқотилган авлод», «бой берилган авлод» сифатида баҳоламоқда. Аслида, улар уруш ва муҳтожликдан, ноҳақлигу низолардан чарчаган. Бир бурда нонини хотиржам тановул қилишни истамоқда, холос. Ўзи бошидан кечирган даҳшатларни фарзандига раво кўрмаяпти, бизга ҳаловат керак, тинчлик керак, деяпти.

Тошкент халқаро конференцияси эса мана шу истакни дунё аҳлига яна бир бор тушунтиришга, англатишга хизмат қилди, деб ўйлайман.

Президентимиз ҳамиша ёрдамга тайёр экани ва бу Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига тўла мос келишини таъкидлади. Мамлакатимиз аввало, чегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашни устувор вазифа этиб белгилаган. Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари асрлар давомида ягона маданий-цивилизацион маконда яшаб келган.

Муҳими, хавфсизлик ягона ва бўлинмасдир. Уни таъминлаш учун бутун дунё биргаликда саъй-ҳаракат олиб бориши талаб этилади. Ана шунда «сеники-меники» қабилидаги қарашларга барҳам берилиб, хавф-хатарлар бартараф этилади.

Шу нуқтаи назардан пойтахтимизда ўтказилган нуфузли конференциянинг аҳамияти беқиёсдир. Марказий Осиё ва Европа иттифоқининг етук сиёсатчилари, тажрибали дипломатлар Ўзбекистон позициясини, яъни тинч музокаралар йўли билан, сиёсий муносабатлар орқали муаммони ҳал қилиш таклифини қўллаб-қувватлади.

Мазкур конференциянинг маданий, иқтисодий аҳамияти ҳам ниҳоятда катта. Унинг натижаси тез орада намоён бўлиб, қардош афғонистонликларга янги ҳаёт беради, биз учун эса дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.