29.03.2018

ДАБДАБА ШУҲРАТ КЕЛТИРМАЙДИ, АКСИНЧА...

Тўйлардаги ортиқча дабдабабозлик, исрофгарчилик анчадан бери халқимизни ўйлантириб келаётган масалалардан бирига айланган.

Кейинги 10-15 йилда тўйларимизда дабдаба, исрофгарчилик, шуҳратпарастлик авжига чиқиб, тўйхоналарда 500-600 кишига дастурхон ёзишлар одат тусига кириб бораётган эди. Ўзига тўқ, даромади яхши оилалар тўйларни серҳашам, дабдабали қилиб ўтказаётганини кўрган ёш йигит-қизлар ота-онасининг моддий аҳволини, оила бюджетини ҳисобга олмасдан уларга ҳам шундай ҳашамдор тўй ўтказиб беришларини талаб қилаётганини барчамиз биламиз. Натижада кўп оилалар ўтказган тўйлари туфайли қулоғигача қарзга ботиб қолмоқда.

Кимўзарга бўлаётган тўйларнинг сарполари, қиз томондан қилинадиган сарполарнинг баҳоси ҳам ақлга сиғмас даражага етди. Қимматбаҳо кийим-бошлар, уй жиҳозлари, хориж мебелларини харид қилишни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармайди. Шу сабабли қудалар орасида кечадиган гап-сўзлар, баҳс-тортишувлар орадаги меҳр-оқибатнинг, қуда-андачиликнинг бузилишига олиб келмоқда. Оқибатда яхши ниятлар билан оила қуришни, бахтли яшашни орзу қилган ёш келин-куёвларнинг ҳам муносабатларига дарз кетиб, ҳатто ажримгача сабаб бўлмоқда.

Охирги пайтларда айрим қиз-йигитларнинг ўзбошимчалик билан турмуш қураётган ҳолатлар кузатилаётган экан. Эндигина 16-18 ёшга кирган баъзи қизлар уйдан кетиб, йигит билан оила қуради, ота-онанинг хабари йўқ, орадан бироз вақт ўтиб, ноилож қолган қудалар ўзаро келишиб, катта сарф-харажатлар билан тўйни ўтказиб берадилар. Нега бу гапларни айтяпман? Тўйларимиз ҳақида сўз очилган экан, аввало, бундай ҳолатларнинг ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатишини англашимиз, азалий қадриятларимиз, бу ҳолат миллий урф-одатларимизга ҳам зид эканини биз катталар тушуниб олишимиз лозим. Никоҳнинг муқаддаслиги, оила деган қўрғонни барпо этишда эр-хотин масъулияти катталиги, унга хиёнат қилиш улкан гуноҳ эканини англамасдан, турмуш қуриш мумкин эмаслигини фарзандларимиз онгига сингдиришимиз шарт, деб ўйлайман.

Биз тўй ва тантаналарни ўтказишдек масъулиятли вазифани ёшлар қўлига буткул топшириб қўйиб, катта хатоликларга йўл қўймаслигимиз лозим. Шу маънода, маҳалла фаоллари, ёши улуғ отахон-онахонларимиз халқимиз орасида бўлиб, бу борада кенг тушунтириш ишларини олиб бориши муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

Дабдаба ўрнига ихчам, сермазмун тўй ўтказилса, тежалган маблағ ҳисобидан ота-оналар сиҳатгоҳларда дам олиб даволанса, ўз фарзандларини тарихий масканларга саёҳатларга олиб бориб, юртимиз тарихи, улуғ алломалар қадамжолари билан таништириб борсалар, бу зиёратлар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиради. Тўйларимизни чиройли, эсда қоладиган қилиб ўтказишни ташкил этиш мақсадида маҳаллалар ҳузурида тўй комиссияси фаолияти йўлга қўйилса, тўй ва маросимлар ана шу комиссия назорати остида ўтказилса, нур устига нур бўлур эди, деб ҳисоблайман. Хонадон соҳиблари тўйдан олдин шу комиссия маслаҳатини олиб, иш тутса, янада мақсадга мувофиқ бўларди.

Тўй-маъракалар миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган кўзгу экан, уларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказайлик. Бу эзгу ишга ҳамма бирдек бош қўшиши лозим, ҳеч ким ўзини четга олиши, менга бунинг даҳли йўқ, деб лоқайд бўлиши мумкин эмас. Зеро, не-не машаққатларни, оғир кунларни бир жону бир тан бўлиб мардларча енгиб ўтган донишманд халқимиз одоб-ахлоқ мезонларига ҳам, муқаддас динимиз талабларига ҳам тўғри келмайдиган исрофгарчилик, шуҳратпарастлик, кибр каби иллатларга барҳам беришга қодир, деб ишонаман.

Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва Республика «Нуроний» жамғармасининг халқимизга мурожаатномасида айтилганидек, тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масаладир. Шундай экан, ҳар биримиз ўз ҳудудимизда тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этишимиз лозим. Бу борада тарғибот ва тушунтириш ишлари самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада кучайтиришимиз келгусида ўзимизнинг фаровонлигимизга, оилаларимиз тотувлигига, энг муҳими, умримиз узайишига туртки бўлади.



Рустам ТЎРАЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.



DB query error.
Please try later.