Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
29.03.2018

ТИНЧЛИК ОРЗУСИ: афғонистонлик ёшлар таҳририятимиз меҳмони

«Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси кунлари матбуот марказида ўтган тадбирлар пайтида афғонистонлик тўрт нафар талаба журналистлар диққат-эътиборида бўлишди. Улар Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ўқиётган ёшлар эди. Конференция муносабати билан улар Афғонистон ёшлари вакиллари сифатида Тошкентга таклиф этилганди.

Конференциядан сўнг улар ўз устозлари билан бирга таҳририятимиз меҳмони бўлишди.



Асадилло АЗИЗИЙ, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси:

Саъдий Шерозий бир асарида ер юзидаги инсонларни бир одам танасига қиёслайди. Агар кишининг бирор аъзоси оғриса, бутун вужуди азобланишини айтади. Шунинг учун бир инсон дарди башарият ҳаётига таъсир қилиши чиройли тарзда ифодаланган. Афғонистонни бир неча йиллардан буён қийнаётган муаммо ҳам барчани бирдек ташвишга солиши керак, деб ҳисоблайман.

Афғон ҳукумати доимо толибонлар билан муросага келишга ҳаракат қилади. Президентимиз байрамларда, ҳайит кунларида толибонларга қарата бир-биримизга қучоғимизни очайлик, ярашайлик, деб мурожаат қилади. Толибонлар бу таклифни бир неча шарт эвазига қабул қилишни билдиришган. Ўзбекистон Президенти ҳам конференцияда сўзлаган нутқида шу масалага алоҳида эътибор қаратди. У аф­ғон халқи дардига дунё мамлакатлари раҳбарлари эътиборини қаратмоқда. Келишув борасида ҳар қандай кўмакка ҳозирлигини билдирди.

Жуда таъсирландим, қувондим, бошим осмонга етди. Негаки, юртимизнинг кўпгина гўшаларида вайронгарчилик, болалар ота-онасидан эрта етим қолади. Уларда хотиржам кайфиятда таълим олиш имконияти йўқ.

Ушбу чақириққа жавобан биз Афғонистон халқи, миллатимиз ва қайси ҳудуддан бўлишимиздан қатъи назар, уруш, қўпорувчилик етар энди, деб бир-биримизга мадад бўлишимиз, юртимиз келажаги учун бирдамликка эришишимиз зарур.

Бугунги кунгача афғон диёрида тинчликни таъминлаш мақсадида бир неча бор халқаро конференция ўтказилган. Олий даражадаги Тошкент халқаро конфренциясининг олдингиларидан фарқи шундаки, бу анжуманда дунёда ўз сўзига эга бўлган давлатлар вакиллари иштирок этди. Энг муҳими, фикрлар, манфаатлар муштарак келди.

Оилада 7 қиз, 2 ўғилмиз. Уч опам ва бир синглим турмушга чиққан. Отам оламдан ўтганидан сўнг мен оила боқувчиси эдим. Ўзбекистон ­билан Афғонистон Президентлари келишуви, яратган имконияти туфайли Ўзбекистонга ўқишга келдим. Бўлмаса камбағал бир оила боласи бўлган менга асло ўқиш насиб этмасди.

Афғонистон деганда кўпчилик ўқ товушлари, портлашлар доим эшитилиб турувчи жойни тасаввур қилади. Аслида айрим ҳудудларимизда, яъни Бадахшон, Қундуз, Бағлон, Жузжон каби 9 вилоятда бошқа жойларга нисбатан тинчроқ ҳаёт ҳукм суради. Афсуски, бошқа вилоятларнинг тақдири қоронғулик ичида қолган. Фарзандлар уйдан чиқар экан, оналари билан хайрлашиб, ризолик сўрайди. Чунки унинг оиласига қайтиши даргумон. Демакки, ҳаёт тарзи ҳам режаларсиз, орзу-мақсадларсиз, шунчаки яшаб қолишга ҳаракатдан иборатдир. Бу эса инсон қалбини ларзага келтиради, урушга нисбатан нафратни уйғотади.

Ўзбекистонга келиб билдимки, урф-одат, анъаналаримиз, қадриятларимиз жуда ҳам ўхшаш экан. Байрамларимиз ҳам бир-бирига ўхшайди. Чунки биз бир аждоднинг авлодларимиз.

Бизни умумий тарих боғлаб турибди. Бир дарё ажратгани билан қалбан яқинлик, бирдамлик ҳеч қачон бизни тарк этмасин. Тошкентда бўлган кунларим қўлни-қўлга бериб, тинч­лик сари ягона мақсад йўлида олдинга қадам ташлайлик, деган хулосани англадим ва кучим борича ана шу мақсад сари курашаман.



Асила НОИБЗОДА, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси:

Оилада беш нафар фарзандмиз. Отам қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис. Онам ўқитувчи. Болалигимдан уларга ҳавас қилиб, университетда таҳсил олишни, қўшимча тўгаракларга қатнашни истардим. Юртимиздаги нотинчлик сабаб ҳатто қизлар кўчада ёлғиз юролмайди. Шунинг учун мен ҳам қўшимча касб-ҳунар эгаси бўлолмадим.

Орзуларимдан бири Тошкентни кўриш эди. Оддий оиланинг фарзанди бўлганим учун бу менга қўл етмасдек туюларди. Тошкентга келишга на имкониятим, на маблағим бор эди. Ўзимга-ўзим Ўзбекистон қаерда-ю, сен қаердасан, дердим. Бу орзу армон бўлиб қолади, деб ўйлардим. Шукирки, орзуларимга эришдим. Нафақат Ўзбекистонни кўриш, балки бу ерда ўқиш имконига ҳам эга бўлдим. Бунинг учун Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларига чин дилдан миннаддорчилик билдирамиз.

Сурхондарёда Наврўз байрамида қатнашдик. Тошкентга келиб, диққатга сазовор жойларда бўлдик. Уйга қайтгач, хайрли сафарим ҳақида оила аъзоларимга айтиб бераман. Буларнинг барчаси учун Ўзбекистон Президенти ҳамда Афғонистон ­Президентидан миннатдорман.

Конференцияда Ўзбекистон Президенти Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус халқ­аро фонд ташкил этиш таклифини билдирди. Бу таклифдан жуда ҳам миннатдор бўлдик. Ушбу ташаббус амалга ошса, юртимизда кўплаб кадр­лар тайёрлаш, истеъдодли талабалар ва ёш олимлар учун стипендиялар, грант­лар ажратишга эришилади.

Яна шуни зўр мамнуният билан айт­моқчиманки, дунёнинг бир қанча мамлакатларида афғонистонлик ёшлар таълим олади. Аммо улар учун алоҳида таълим маркази ташкил этилмаганди. Ўзбекистон бизга шундай им­коният­ни берди. Марказимизда тикувчилик, кулолчилик, спорт, санъат, фан ва хорижий тилларни ўрганиш бўйича 20 га яқин тўгарак бор. Дам олиш кунлари зиёрат жойларга борамиз. Ке­йинги ҳафтада яна 35 нафар, ундан сўнг 300 нафар афғон йигит-қизлари сафимизга қўшилар экан. Бу янгиликдан бошимиз осмонга етди.

Афғонистон ёшлари юртимизда тинчлик ҳукм суришини, осойишталикда таълим олишни, тараққиётга хизмат қилишни истайди. Ўйлайманки, юқори даражадаги халқаро ­Тошкент конференцияси бундай орзулар ушалиши сари ташланган муҳим қадам бўлди.



Абдусалим ФОРУҚИЙ, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси:

Бобомнинг болалиги шу юрт­да ўтган. Шунданми, бу юртга меҳри бўлак эди. Ўзбекистон ҳақида гап кетганда, доим кўзлари ёшга тўларди. У киши менга сайёҳ сифатида бўлса ҳам, киндик қони тўкилган жойга боришимни кўп айтарди. Мен эса бобо, Худо хоҳласа, ота юртингизга, албатта, таълим олиш учун бораман, дердим. Бобом вафот этганига ўн йилдан ошди. Аммо бугун мен Ўзбекистоннинг азим Тошкентида туриб, халқаро конфренцияда қатнашганимдан бобомнинг руҳи шод бўлганига ишонаман.

Дунёнинг бир қанча мамлакатларида ўқиш имкониятига эга эдим. Аммо мен Ўзбекистонда таҳсил олишни афзал билдим.

Биз кўплаб афғонистонлик ёшлар Ўзбекистонга келиб ўқиш учун имтиҳон топширдик. Юртингизга келишдан олдин Президентимиз билан бўлиб ўтган учрашувда у киши бизга ҳар биримиз нафақат талаба, балки Афғонистоннинг элчиси эканимизни таъкидлади. Биз икки давлат ўртасидаги риштани янада ­мустаҳкамлашга ҳисса қўшишимиз кераклигини юрагимиздан англаб турибмиз.

Марказдаги устозларимиз ниҳоятда талабчан. Дарсдан сўнг тўгаракларга боришимиз, кутубхонадан фойдаланишимиздан тортиб, ётоқхонада яшаш ­шароитимиз ҳақида ҳам қайғуради, 24 соатлаб биз учун меҳнатини аямаётган ўқитувчиларимиз ишончини оқлашга ваъда берамиз.

Юқори даражадаги халқаро Тошкент конференцияси ўтказилишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ­Ислом Каримов халқаро минбарларда туриб, ер юзидаги давлатларни Афғонистон тинчлиги йўлида бирлашишга кўп бора даъват қилган эди. Мен буни бобомдан эшитганман. Бугун Президентингиз Шавкат Мирзиёев бу ишни янги босқичга олиб чиқмоқда. ­Аф­ғонистон муаммоси фақат ­Афғонистонга тегишли, деган қараш нотўғри эканини таъкидламоқда. У кишининг конференциядаги нутқида биз хавф-хатарларнинг баъзи бирларини «ўзимизники», бошқаларини эса «бировники», деб қабул қилмаслигимиз керак, бунга ҳаққимиз йўқ, деди. Демак, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, бузғунчилик, жаҳолат ва разолатга қарши ҳамжиҳатликда курашишимиз керак.



Раъно ШЕРЗОД, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси:

Ўзбекистонга келишдан олдин Тошкент гўзал бир шаҳар эканини эшитгандим. Ўзбекистоннинг айрим телеканаллари орқали ҳам кўриб турардик. Аммо Тошкент биз ўйлагандан анча обод ва кўркам шаҳар экан.

Термизга янги келган кунларимиз юрагимиздаги қўрқув бизни тарк этмади. Ҳатто қўққисдан бирор қаттиқроқ шовқинни эшитсак, ўзимизни панага олишга ҳаракат қилган ҳолатлар бўлди. Кейин бир-биримизга айтдик, ахир биз Афғонистонда эмасмизку. Ҳозир орзуимиздаги ҳаётда яшаяпмиз.

Афғонистонда тушгача ўқиб, куннинг иккинчи ярмида уй ишларига қарашардик. Бўш вақтимизни асосан бекор ўтказар эдик. Сабаби, тўгаракларга қатнаш, маданий ҳордиқ олиш учун шароит йўқ. Ўзбекистонда ўқишни бошлагач, уйқусизликдан бироз қийналдик. Лекин вақт ўтиб, ўқиш ва ўрганишнинг афзалликларини тушундик. Бугун йигирма тўрт соат таҳсил олишга тайёрмиз. Бизга берилган икки йил вақт давомида кўпроқ билимга эга бўлиш, камида беш тилни ўрганишни мақсад қилдик.

Қисқа қилиб айтганда, ўзбек халқи бизни самимий кутиб олди. Бу ерда таҳсил олаётганимиздан фахрланамиз. Конференцияда билдирилган фикрлар натижасида юртимиздаги бошқа тенг­дошларимиз ҳам ана шундай бахт­га эришишига ишонамиз.

Мени Ўзбекистон Президентининг Афғонис­тонда миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифлари айниқса, қувонтирди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Тошкентда ўтган бу нуфузли конференция Афғонистонда тинчликни қарор топтириш йўлида муҳим бир қадам бўлди, деб ўйлайман. Афғонистонда тинчлик ўрнатилса, ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал қилиш имконига эга бўламиз.

Терроризмни молиявий ва моддий техник қўллаб-қувватлашнинг олди олинишига умид қиламиз. Бу бутун дунё умумий хавфсизлиги учун хизмат қилади ва ушбу йўлда Ўзбекистондек ҳамкоримиз ҳамда дўстимиз борлигидан бағоятда мамнунмиз.



Шунингдек, суҳбат давомида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази директори Ойбек Рўзиев, директор ўринбосари Тошпўлат Тошев марказ фаолияти ҳақида атрофлича гапириб берди. Афғон ёшларининг билимга чанқоқлиги, янгиликка интилувчанлиги ҳамда берилган вазифани ўз вақтида пухта тайёрлашини таъкидлашди.



«Ўзбекистон овози» мухбирлари

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.