29.03.2018

ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ ҲАР БИРИ ХАЛҚАРО РЕЙТИНГГА ЭГА БЎЛИШИ ЛОЗИМ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Нидерландиянинг «Elsevier» компанияси билан ҳамкорликда «Илм-фан — 2020» миллий ривожланиш дастурини ишлаб чиқди. Мазкур ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фао­лияти самарадорлигини ошириш, жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг элек­трон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини яратишдан иборат.

«Elsevier» — фан, таълим ва тиббиёт соҳасида инновацион ечимларни ва маҳсулотларни таклиф этадиган жаҳондаги энг йирик нашриётлардан бири ҳисобланади. Компаниянинг ваколатхоналари Амстердам, Лондон, Нью-Йорк шаҳарларида жойлашган бўлиб, дунё бўйлаб 70 га яқин офислари бор. Нашриёт Reed Elsevier медиа-холдингнинг бир қисми бўлиб, жаҳоннинг энг йирик 500 компаниялари рўйхатига киради. 2500 дан ортиқ журнал, 20000 га яқин китоб ва маълумотларни чоп этади. Нашриётнинг «SCOPUS» илмий маълумотлар базаси илмий нашр­лар ва иқтибослар келтириш, «ScienceDirect» маълумотлар базаси эса илмий нашрларни тарқатиш тизимини ривожлантиради.

Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш ва халқаро таълим интеграциясига қўшилиш учун ҳаракат қилмоқдамиз, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов. — Ўзбекистон Фанлар академияси тизими такомиллаштирилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Унинг таркибида бир қатор илмий тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини янада ошириш учун жаҳон таълим ресурслари импакт-фактор юқори бўлган илмий журналлар, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини яратиш мақсадида Нидерландиянинг «Elsevier» компания­си билан ҳамкорликда янги лойиҳа бўйича келишувга эришдик.

«Elsevier» компанияси «Илм-фан — 2020» миллий ривожланиш дастурида мамлакатимиз илмий марказлари, олий таълим ­муассасалари ҳамда олимларнинг дунё илмий рейтингидаги ўрнини кўтариш, республика илмий журналларини «SCOPUS» ва «ScienceDirect» халқаро илмий маълумотлар базаси тизимига киритиш, ёш олим ва докторантларга илмий мақолалар тайёрлаш ва уларни юқори импакт-факторга эга бўлган илмий нашр­ларда чоп этишларига кўмаклашиш кўзда тутилган. Агар биз профессорлар ва ёш ўқитувчиларимизнинг илмий мақолаларини дунё тан оладиган журналларда чоп эттира олмасак, қилинаётган тадқиқотлар натижалари билан дунё аҳлини таништирмасак, унда ўз қобиғимизга ўралашиб қоламиз. Шунингдек, олимларимиз, ўқитувчиларимиз, афсуски, техник имкониятлардан, ахборот базаларидан тўлақонли равишда фойдаланмаяпти.

Олий таълим муассасаларининг вазифаси замонавий техника имкониятларидан тўлақонли фойдаланиб, профессор-ўқитувчиларда кўникма ҳосил қилиш, бу борада уларнинг эришаётган ютуқларини рағбатлантириб боришдан иборатдир. Ёш олимларимизда халқ­аро минбарларда ўзлари эришаётган илмий натижаларини кўрсатишга, таништи­ришга истак, интилишни ­уйғотишимиз ­зарур. Қолаверса, олий таълим муассасаларининг ректорлари бундан биринчи навбатда манфаатдор бўлиши керак. Чунки уларда мазкур механизм орқали ўқув юрти рейтингини кўтариш им­кония­ти бўлади. Жорий ­йилдан олий ўқув юртлари рейтинги ҳисоб-китоб қилиниб, эълон қилина бошлайди. Шунинг учун бунга жиддий эътибор берилиши керак. Яъни, ҳар бир олий таълим муассасаси ­халқаро рейтингга интилиши, ундан ўрин эгаллаши лозим.

Республикамизда энг етакчи деб ҳисобланадиган олий таълим муассасаларимиз бор. Нима учун улар маълум бир соҳада етакчи, деб ҳисобланади? Сабаби, рақобат кучли эмас. Баъзи соҳаларда айрим олий таълим муассасалари монополист бўлгани учун энг зўри шу ҳисобланаверади, лекин ундай эмас. Буни халқаро миқёсда баҳолаш керак. Бизнинг ҳамкорлигимиз ҳозирги глобаллашув жараёнида инновацион ғоялар ҳамкорлиги ва инновацион ёндашувлар асосини ташкил қилади. Дунё майдонига, рақобат майдонига чиқмасдан туриб, олий таълимни ривожлантира олмаймиз.

Ҳар бир олий таълим муассасаси ректори ўз университетининг рейтинги юқори бўлишини истайди, — дейди Муҳаммад ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Тўлқин ­Тешабоев. — Бу йўлда университетимиз ҳам бир неча ой олдин ҳаракат бошлаган эди. Лекин илмий мақолаларни юқори даражадаги босмахоналарда чоп этиш муаммосига дуч келган эдик. Бугун мазкур масала ўз ечимини топди.

Тақдимот маросимида кўрдикки, кейинги 18 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлганларнинг 263 нафарининг мақоласи «Elsevier» компанияси журналларида чоп этилган. Бу эса журнал салоҳияти қай даражада юқори эканлигидан далолат беради, — дейди ­Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов. — Юртимиз олимлари олиб бораётган тадқиқотлар, илмий ишлар натижалари ушбу журналларда чоп этиладиган бўлса, олий ўқув юртларимиз рейтинги ҳам кўтарилади.

Бугун ўз даврида ренессансга сабаб бўлган йўналишларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Тошкент давлат шарқшунослик инс­титути ректори ­Абдураҳим Маннонов. — 2012 йил Ўзбекистонда таълим бўйича катта халқаро анжуман бўлган эди. Унда иштирок этган Москва давлат университети ректори, академик Виктор Садовничий «Ўзбекистон фаннинг бешиги» деган эди. Ҳақиқатан, биз ўтмишимиз, буюк меросимиз, дунё миқёсидаги инсонлар билан фахр­ланамиз. Лекин ҳозир янги замон — XXI асрнинг ўзига хос талаблари бор, қилиниши керак бўлган катта-катта вазифалари турибди.



Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.