29.03.2018

ГАЗ ТАЪМИНОТИ: ЯНГИЧА ЁНДАШУВЛАР

Ҳудудларда газ таъминотини яхшилаш аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу масалада Самарқанд вилоятида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

 

Мухбиримиз «Ўзтрансгаз» АЖ Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали раҳбари Шукрулло МАҲМУДОВ билан шу ҳақда суҳбатлашди.

— Самарқанд табиий географик жойлашуви ва аҳоли сони жиҳатидан бошқа вилоятлардан фарқ қилади, — дейди у. — Узоқ йиллар давомида бу тизимда яхлит бир дастур бўлмагани туфайли кўп муаммолар йиғилиб қолган. Уларнинг энг асосийларидан бири — жойларга газ қувурлари тортиб борилган бўлишига қарамай, қорли-қировли қиш кунларида хонадонларга газ етиб бориши кескин камайиб кетиши ва бундан аҳолининг норози бўлаётганидир...

— Бу муаммоларнинг ечимини топиш учун қандай ишлар амалга оширилди?

— Аввало, истеъмолчиларни табиий ва сую­лтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида вилоят бўйича мавжуд газ қувурлари босим остида текширувдан ўтказилди.

Тармоқларнинг гидравлик режимини яхшилаш, қўшимча газ тақсимлаш қурилмаларини ўрнатиш ҳамда суюлтирилган газ таъминоти тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди. Синаш жараёнида аниқланган газ қувурларининг яроқсиз қисмлари алмаштирилиб, таъмирланди. Бундан ташқари, табиий газ сарфи ҳисоблагичлари ишончлилиги, ишлар ва хизматлар сифатини ошириш юзасидан махсус талабларни белгилаш, аҳолининг зичлиги ва ҳудуднинг саноатлашув кўрсаткичлари инобатга олинган ҳолда, уларни табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.

— Илгари хонадонларда газ ҳисоблагичлар бўлмасди, ҳозир деярли уларнинг ҳаммасида ўрнатилган. Бу борада назорат, ҳисоб-китоб ишлари қандай олиб борилаяпти?

— Биргина Самарқанд шаҳрини оладиган бўлсак, 151 маҳалла ҳудудида 409 замонавий газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатилди. Бу билан, табиий газ таъминотидаги ҳисоб-китобларни тўғри олиб бориш, газнинг беҳуда йўқотилиши олдини олиш, истеъмолчилар томонидан табиий газни тежамли сарфлаш ва ноқонуний ­уланишларга чек қўйиш мақсадида назорат ишлари кучайтирилди.

— Самарқанд вилоятида газ таъминоти бўйича янги тизим жорий этилаётган экан...

— Бу тизимга ўтишдан олдин мутахассислар билан ҳар томонлама ҳисоб-китоб қилиб чиқдик. Эндиликда истеъмолчиларга табиий газ ҳозиргидек уч босқичда эмас, балки икки босқичли тизим орқали етказиб берилади. Яъни, паст босимли газ қувурлари тармоқдан олиниб, табиий газ юқори ва ўрта босимли қувурлар орқали тўғридан-тўғри истеъмолчига бир поғона юқори босимда етказиб берилади. Бу эса қишин-ёзин барча хонадонларда бир хил босимдаги газ таъминотига шароит яратади. Яъни, қиш пайтида ҳам хонадонларда газ босими пасайиб кетишига йўл қўйилмайди.

2018 йилда Самарқанд шаҳрининг тўртта маҳалласида ушбу ишлар ташкил этилади, келгусида бу тизимга ўтиш босқичма-босқич амалга оширилади.

— Вилоятда табиий газ босими паст ҳудудларда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш ишлари қандай олиб борилаяпти?

— Бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жорий йилда 332 минг 948 та хонадонга бир ойда 3 минг 775 тонна суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Газ баллонларини белгиланган жадвал асосида етказиб беришни ташкил этиш мақсадида 70 «ISUZU» ва 17 «MAN» юк автомашиналари жалб этилган. Суюлтирилган газ баллонларини тўлдиришга ихтисослашган битта «Самарқанд» газ тўлдириш станцияси, еттита газ тўлдириш шохобчалари ишлаб турибди. Бундан ташқари, вилоятимиз ҳудудларида олтита маиший газ баллонларини сақлаш сервис марказлари фаолият кўрсатяпти. Яқин кунлар ичида «Самарқанд» газ тўлдириш станцияси қошида маиший газ баллонларини таъмирлаш ва синаш сервис маркази ишга туширилади.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти томонидан белгиланган тарифга асосан вилоят аҳолиси учун 1 килограмм суюлтирилган газ нархи 372 сўм, 20 килограммлик 1 та газ баллони 7 440 сўмдан етказиб берилаяпти. Аҳолининг газ баллонларга бўлган эҳтиёжи доимий ўрганилмоқда. Жорий йил якунигача яна 9 мингта хонадон суюлтирилган газ билан таъминланиши режалаштирилган. Суюлтирилган газ фақатгина овқат тайёрлаш учун мўлжалланган бўлиб, 50 литрлик маиший газ баллонларида етказиб берилаётган газ бир хонадонга 30-35 кунга етиши мумкин.

— Жорий йил бошида Ўзбекистонда электр энергия ва табиий газдан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилингани бу соҳага бутунлай янгича муносабатларни шакллантиради...

— Жуда тўғри. Мисол учун, янги қоидаларга кўра, электр энергия ва табиий газ замонавий ҳисоблагичларини сотиб олиш, ўрнатиш, рўйхатга олиш, белгиланган тартибда давлат текширувини амалга ошириш ва муҳрлаш ҳудудий электр тармоқ ва табиий газ таъминот корхоналари ҳисобидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда электр энергия ва табиий газ ҳисоблагичларини ўз вақтида ва сифатли текширишни ташкил этишга жавобгарлик аҳолига эмас, балки ҳудудий электр тармоқ ва табиий газ таъминот корхоналарига юклатилганлиги аниқ белгилаб қўйилди.

Келгуси бир неча йиллар давомида Осиё, Бутунжаҳон ва Ислом тараққиёт банклари кредитлари ҳисобига республика бўйлаб 3 миллиондан ортиқ газ ҳисоблагичларини ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, газ тақсимлаш тармоғида умумий қиймати 800-900 миллион доллар атрофида бўлган ягона биллинг ва фойдаланувчилар базасини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу лойиҳалар бўйича ҳамкорлар сифатида 3 та компания — Sagemcom (Франция), Landis & Gyr (Швейцария) ва Elster Metronica (Германия) кўриб чиқилган.

— Суҳбатимиз давомида қилинган ишларга кўпроқ эътибор қаратаяпмиз. Навбатдаги вазифалар, режалар ҳақида ҳам тўхталсангиз?

— Биринчи навбатда, аҳоли хонадонларида ва улгуржи истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган, қўлда ясалган газ ускуналарини замонавий стандартларга мос ускуналарга алмаштириш лозим. Бу ишларни амалга оширсак, табиий газ сарфини бирмунча камайтириш ва хавфсизликни таъминлашга эришамиз.

Иккинчидан, ички кўчалардаги барча газ қувурлари тармоғини тартибга келтиришимиз керак. Учинчидан, аҳоли хонадонлари ва улгуржи истеъмолчиларнинг барчасига замонавий газ ҳисоблагичлар ўрнатишга эришишимиз лозим. Бу билан биз таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги ҳисоб-китобларни янада яхшилаш имкониятларига эга бўламиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нуруллоҳ ДОСТОН суҳбатлашди.

 



DB query error.
Please try later.