29.03.2018

Меҳнатга ҳақ тўлаш: ЎТКАЗИЛГАН ВАҚТ ЭМАС, НАТИЖА МУҲИМ

Иш кўп, вақт кам замонда яшамоқдамиз. Мамлакатимизда ишчанлик кайфиятини кўтариш, ходимларни юқори натижаларга эришиш учун рағбатлантириш, интилувчанликни қўллаш ҳозирги шароитда долзарб вазифага айланди. Меҳнатга оқилона ҳақ тўлаш бўйича дунёнинг ривожланган давлатлари анча илгарилаб кетган. Бизга бу масалада янгича, айтиш жоиз бўлса, инновацияли ёндашувлар сув билан ҳаводек зарур бўлиб турибди.

Бугун ҳар бир соҳада жиддий ўзгаришларни ният қилиб белгиланган улкан вазифаларни тез фурсатда ва сифатли бажариш учун биринчи нав­батда умумий иштиёқни ошириш талаб этилади. Чунки иштиёқсиз одам ҳеч бир ишни кўнгилланиб бажармайди. Ҳафсаласизлик билан қурилган иморат омонат бўлади, таъмирланган йўл эса тез бузилади, ҳафсаласи йўқ шифокорнинг муолажаси яхши таъсир қилмайди, меҳр билан экилмаган ниҳол унмайди, кўкармайди.

Президентимизнинг жорий йил январь ойидаги тегишли фармойишига мувофиқ молия, солиқ ва божхона органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга йўналтирилган так­лифларни танқидий ўрганиб тайёрлаш бўйича ишчи комиссия тузилди. Ушбу комиссия қайд этилган органлар фаолиятини режалаштириш ва комплекс таҳлил қилиш тизими самарадорлигини, ходимларнинг хизмат юкламасини, бажараётган ишини, вазифаларни амалга ошириш механизмларини чуқур ўрганмоқда, таклифлар тйёрламоқда.

Бу нимани билдиради? Ишни тўғри ташкил қилиш, ходимларни самарали бошқариш, вазифаларни аниқ белгилаш, ким айнан қайси хизмати учун қандай ҳақ олаётганини ойдинлаштириш, ушбу масалада таъсирчан чора-тадбирлар қўллаш мамлакат миқёсида долзарб масалага айланганини англатади.

Яқин бир-икки йил ичида турли соҳа ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда янгича қоидалар жорий этила бошланди. Уларни умумлаштирадиган жиҳат меҳнатга ҳақ тўлашда рейтинг тизимига асосланилаётганидир. Унга кўра, соҳа ходимларининг иши маълум давр бўйича баҳоланади, натижага қараб рейтинг тузилади. Мақсад — яхши ишлаган ходим ўртача ишлаётган ходимдан кўпроқ рағбатлантирилишига эришиш, шу билан бирга, қониқарсиз фаолият юритаётган ходимларнинг бошқалар билан бир хил маош олиб, бемалол юришига йўл қўймаслик.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини яхшилаш юзасидан юртимизда қандай ишлар амалга ошириляпти?.. Айрим мисолларга тўхталамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган. Унга кўра, 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб юқорида санаб ўтилган тиббиёт муассасалари ва уларнинг тиббиёт ходимлари иши 100 баллик рейтинг тизими асосида баҳоланади. У йилда 2 маротаба тиббиёт муассасасининг ҳисобга олиш ва ҳисобот ҳужжатларини ўрганиш йўли билан ўтказилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлигининг қарори билан Тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди. Низомга биноан ишга виж­донан муносабати ва кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг юқори сифати учун тиббиёт ходимларининг тариф ставкасига ойлик устамалар тегишли ходим тариф ставкасининг 5 дан 20 фоизигача миқдорда белгиланади.

Ҳукуматнинг Бириктирилган ҳудудда ички ишлар органларининг ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорига кўра, фаолияти қониқарсиз деб топилган профилактика инспекторлари ва тезкор ходимларга нисбатан таъсир чораси сифатида улар лавозим маошининг 50 фоизигача миқдорда бир марталик пул ушланиши қўлланилади. Баҳолаш якунларига кўра, иши самарали деб топилган профилактика инспекторлари ва тезкор ходимлари эса лавозим маошининг 50 фоизигача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Рейтинг асосида ходимларга ҳақ тўлаш қоидаси Мажбурий ижро бюроси, ёнғин хавфсизлиги хизмати ва бошқа соҳаларда ҳам қўлланилмоқда. Бундан хулосага келиш ­мумкинки, мамлакатимизда меҳнатга оқилона ҳақ тўлаш, яхши ишлаган ходим билан ўртамиёна ишлаган ходимга адолатли муносабатда бўлиш, номига ишлаб юриш эмас, юқори натижа учун интилишни рағбатлантириш масалаларида янгича ёндашувлар юзага келмоқда. Буларнинг ҳаммаси иштиёқни ошириш билан чамбарчас боғлиқдир. Ислоҳотлар ва янгиликларни қандайдир сеҳрли кучлар эмас, мамлакатимиздаги барча идора-ташкилотларда ишлаётган минг­лаб, миллионлаб ходимлар амалга оширади. Уларнинг ҳафсаласи, кайфия­ти кўп нарсани ҳал қилади. Меҳнатга адолатли ҳақ тўланиши бу кайфиятни белгиловчи асосий омиллардан бири, албатта.

Шу ўринда рейтинг ҳақида икки оғиз гапирмасак бўлмайди. Мактабда яхши билим олган ўқувчи бошқалардан яхши баҳо олади, университетда яхши ўқиган талаба бошқалардан кўпроқ стипендия олади, турли имтиёзларга эга бўлади. Бу қоида инсон ҳаётидаги муҳим давр — иш фаолиятига келганда ҳам давом этиши, ривожланиши зарур.

Эскича фикрлайдиган аксарият кишилар меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини яхшилаш деганда, ходимларга кўпроқ маош тўлаш кераклигини тушунади. Бу мутлақо нотўғридир. Чунки биринчидан, гап ҳамманинг ойлигини ошириш ҳақида эмас, меҳнатга адолатли ҳақ тўлаш, ходимларни яхши натижа кўрсатишга рағбатлантириш тўғрисида кетмоқда. Иккинчидан, рақобат муҳитини юзага келтирмайдиган ҳар қандай меҳнатга ҳақ тўлаш қоидаси пулни ҳавога совуриш билан баробар. Учинчидан, ходимлар фаол бўлса, бир-биридан ўзиш учун интилса, ташкилот бундан ютади: натижа ҳам, фойда ҳам шунга яраша бўлади. Тўртинчидан, шундай қоида бор: «Ким қанча кам тўласа, шунча кўп шикоят­ қилади». Яъни, қайси идора қанча кам маош берса, ходимлари фаол эмаслиги, ташаббус кўрсатмаслиги, астойдил ишламаслигидан шунча кўп нолийди. Бу ҳақда юзлаб тадқиқотлар ўтказилган ва исботланган.

Юртимизда айрим соҳаларда фаол ишлайдиган ходимлар бошқа ходимларга нисбатан сезиларли даражада кўпроқ ҳақ олиши мумкинлиги маъмурий ҳужжатлар билан белгилан­япти. Демак, бу масалага муносабат аста-секин ўзгара бошлади. Лекин жараён изчил тус олган эмас.

Мутахассислар меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ муаммоларни чуқур ўрганишган, хулосалар чиқаришган. Уларнинг аксарияти бу тизимни ислоҳ қилиш, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар учун жуда муҳим эканини алоҳида таъкидлайди.

Тадқиқотчилар меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини ислоҳ қилиш деганда айнан нимани назарда тутади?.. Ишга ҳақ тўлашда, аввало, моддий рағбатлантирувчи омилни «ёқиш» керак. Вақтбай, ҳар хил мураккаб коэффициентлар асосида ҳақ тўлаш каби аллақачон эскириб бўлган усуллардан воз кечиш зарур. Маош ўтказилган вақт учун эмас, бажарилган аниқ иш, кўрсатилган аниқ натижа учун берилиши лозим. Ходим асосий даромадини ишхонага келиб-кетгани учун эмас, фаоллик кўрсатгани учун олиши тўғри бўлади.

Таҳлилларга кўра, ривожланаётган давлатларда ходимларга йил давомида тўланадиган иш ҳақининг одатда 80-90 фоизи ойлик маошга тўғри келади. Қолган қисми асосан турли байрамлар муносабати билан бериладиган мукофот пулларидан иборат бўлади. Бу тартибда пул тўланиши ходимларни сусайтиради, юқори натижа учун курашиш, бошқалардан ажралиб туришга интилиш ҳиссини сўндиради. «Ишга вақтида бориб келиб турсам, хато қилмасам, раҳбарнинг кўзига ёмон кўринмасам бўлди-да», деган кайфиятни кучайтиради. Вақт ўтиши билан ҳамма шунга кўникиб қолади...

Нима учун шундай бўлади? Чунки ходим яхши ишласа ҳам, ўртачароқ ишласа ҳам бошқалар билан бир хил пул олишини билади. Жуда ёмон ишлаган тақдирда эса нари борса бир-икки марта мукофот пулидан айрилишини, бу эса унчалик катта зиён эмаслигини, йил мобайнида оладиган пулидан арзимаган фоизларнигина йўқотишини яхши тушунади. Бундай бўлмағур кайфият билан иш юритилган идорада ходимлар ўртасида ҳеч қачон рақобат юзага келмайди, аксинча, муҳит носоғлом бўлади.

Ривожланган мамлакатларда меҳ­натга ҳақ белгилашда рағбатлантирувчи тўловларга алоҳида эътибор қаратилади. Тариф-оклад тизими бугунги ҳаётга тўғри келмагани учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги усуллари жорий этилмоқда. Унга кўра, иш ҳақи икки қисм — асосий ставкалар ва рағбатлантирувчи тўловлардан иборат бўлади.

Ким қандай хизмати учун қанча ойлик олаётганини нафақат ходимнинг ўзи, балки бошқа ходимлар ҳам, иш берувчи ҳам аниқ-равшан билиши керак. Шунда ҳар хил зарарли кайфиятга, англашилмовчилик ҳолатларига сабаб қолмайди. Олимлар ва психологларнинг алоҳида қайд этишича, ходимлар ишхонада ўзини уйдагидек сезиши, яхши натижа кўрсатса, бундан аввало ўзига фойда келишини аниқ тасаввур этиши, идорада адолат ўрнатилганини ҳис қилиши, унда бунга шубҳа қолмаслиги керак экан, шунда у астойдил меҳнат қилар экан. Одатда ходимлар иш ҳақи камлигидан эмас, идорада меҳнатга ҳақ тўлаш адолатсиз йўлга қўйилганидан кўпроқ шикоят қилиши исботланган ҳақиқат.

Сингапур мўъжизаси ҳақида кўп ёзилган. Биласиз, у мўъжазгина давлат, ўтган асрнинг 60-70 йилларида одамлари оғир шароитда яшаган. Ҳозир эса ҳолат бутунлай бошқача. Ялпи ички маҳсулот, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, қарийб 90 минг доллар атрофида, инсоннинг ривожланиш индекси бўйича бу давлат сўнгги йилларда дунёда энг юқори ўринларда турибди. Бундай юксак тараққиётга эришилишига кўплаб омиллар таъсир қилган, албатта. Ли Куан Ю (1959-1990 йилларда Сингапур Республикаси Бош вазири) бу мўъжизанинг асосий сабабларидан бирини шундай изоҳлаган:

«Биз меҳнатга янгича муносабатни тарбиялашимиз керак эди, иш ҳақи сарфланган вақтга эмас, натижага узвий боғлиқ бўлиши бу муносабатнинг энг муҳим шарти эди».

Қарийб қирқ йил давлатни бошқарган инсон меҳнатга ҳақ тўлаш, ишга муносабатни ўзгартириш, одамларни рағбатлантириш ҳақида шундай фикр­га асосланиб ислоҳотлар олиб борган. Бугун натижани кўриб турибмиз.

Яхши ишлайдиган ходим билан ўртача ишлайдиган ходимга бир хил ҳақ тўланиши тараққиёт қоидасига мутлақо тес­кари ҳолат. Ўтказилган вақтга эмас, кўрсатилган натижага қараб ҳақ берилиши адолатдан бўлади. Бугун ана шу ҳақиқатлар билан ҳисоблашмайдиган жамият ҳам, жамоа ҳам катта хато қилади, ҳаётдан орқада қолганини билдириб қўяди, ходимларни юқори марралар сари илҳомлантира олмайди.

Юртимизда меҳнатга оқилона ҳақ тўлаш бўйича бошланаётган ислоҳотлар, инновацияли ёндашувлар мил­лионлаб ходимларнинг ишончи ва иштиёқини оширмоқда.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.