27.03.2018

БАРҲАЁТ МЕРОСИМИЗ КЕЛАЖАК АВЛОДЛАР УЧУН

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси томонидан берилган маълумотларга қараганда, ҳозирги вақтда Самарқанд вилояти ҳудудида 1850 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд. Уларнинг 1105 тасини археологик, 669 тасини тарихий-меъморий, 27 тасини монументал ёдгорликлар, 39 тасини меъморий лавҳалар ташкил этади. Шунингдек, 37 та диққатга сазовор зиёратгоҳ масканлар мавжуд.

Самарқанд вилоятидаги барча тарихий объектлар паспорти тайёрланиб, ҳужжат юритиш ишлари яхши йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда. Тарихий-меъморий обидалар, буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас жойлар қайта таъмирланди. Шоҳизинда меъморий обидалар мажмуаси, Имом ал-Бухорий масжид-мажмуаси, Хожа Дониёр зиёратгоҳи, Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, Бибихоним мақбараси, Нодир Девонбеги мадрасаси, Афросиёб музейи, Ҳазрати Довуд ва Чор чинор зиёратгоҳларида амалга оширилган улкан таъмирлаш-бунёдкорлик ишлари шулар жумласидандир.

Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси жамоаси музейларни янги экспонатлар билан бойитиш, таъмирлаш, ободонлаштириш, меҳмонларни, айниқса, хорижлик сайёҳларни музей муассасаларига жалб этиш борасида фидойилик билан меҳнат қилмоқда.

Шаҳардаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида бўлган киши ўтмишга саёҳат қилади. Бой тарихимиздан дарак берувчи кўплаб экспонатлар билан танишади. «Марказий Осиёда ёзувнинг пайдо бўлиши тарихи», «Ўзбекистон заргарлик санъати», «ХIX аср охири ХХ аср бошларида анъанавий кийиниш маданияти», «Самарқанд: кеча ва бугун», «Ўзбекистон тасвирий санъат дурдоналари», «Ўзбекис­тонда кулолчилик санъати», «Ўзбекистонда металл­га бадиий ишлов бериш санъати», «Ўзбекистон дунё маданияти чорраҳасида», «Ўзбекистонда мато тўқиш ва матога бадиий гул босиш санъати», «Мустақиллик экспозицияси», «Рангтасвир экспозицияси», «Ўзбекистон каштачилиги», «Ўзбекистон гиламчилиги» каби кўргазма ва экспозициялар кишига олам-олам завқ бағишлайди.

Музей-қўриқхонада фонд ишларини юритиш, музей ашёлари ва коллекцияларини сотиб олиш, сақлаш борасида фонд харид комиссияси ташкил этилган бўлиб, бу борада ўз таклифларини беради ва шу асосда экспонатлар миқдори оширилади. Жумладан, 2017 йил давомида музей фондларига жами 599 дона турли ашёлар қабул қилинди. Уларнинг 379 донаси асосий фондга, 207 донаси илмий-ёрдамчи фондга ва 13 донаси вақтинчалик сақловга топширилган. Айни пайтда музей-қўриқхонанинг асосий ва илмий-ёрдамчи фонд­ларидаги ашёларнинг сони 235 минг 783 донани ташкил этмоқда.

2017 йилда ўтказилган «Шарқ тароналари» фестивали доирасида Ўзбекис­тон маданияти тарихи давлат музе­йида Ўзбекистон Бадиий академияси Самарқ­анд бўлими билан ҳамкорликда ­Самарқанд ҳунармандлари ижоди асосида халқаро кўргазма ташкил этилди. Унда 1997 йилдан шу пайтгача бўлиб ўтган фестивалларда намойиш этилган нодир чолғу асбоблари, иштирокчиларнинг миллий либослари, шунингдек, самарқандлик мусаввирлар томонидан ишланган тасвирий ва амалий санъат асарлари ўрин олди.

Мис, кулолчилик ва чинни идишларда, гилам ва турли матоларда Самар­қанднинг диққатга сазовор жойлари акс эттирилган буюмлар ҳам кўргазмада намойиш этилди. Миллий анъана ва қадриятлар асосида яратилган халқ қаҳрамонлари ҳайкалчалари, ўймакор нақш­лар солинган мўъжаз сандиқчалар, митти миллий мусиқа асбоблари хорижлик меҳмонлар учун ўзига хос сов­ға бўлди.

Музей-қўриқхона томонидан экспедиция ва илмий сафарларнинг ташкил этилиши ўтмиш ва бугунни бевосита боғлашга хизмат қилади. Негаки, нафақат шаҳарларда, кўпгина узоқ қишлоқларимизда ҳам юртимизнинг бой тарихи билан боғлиқ ашёлар кўп. Уларни маҳаллий аҳоли, айниқса, тарих билан қизиқувчилар яхши билишади. Шу боис музей ходимлари бундай иш­ларни мутахассислар, асосан, ЎзФА Археология институти ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этишади. Масалан, 2017 йилда Нуробод туманидаги Жом ва Тим қишлоқлари тарихи ва этник ҳаётини ўрганиш мақсадида ташкил этилган этнографик экспедицияда янги тарихий ашёлар излаб топилди ва улар фонд-харид комиссиясига тақдим этилди.

2017 йилнинг май ойида Хитойда ўтказилган «Бир макон, бир йўл» мавзусидаги форумда Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг халқ ҳунарманд­чилиги намуналари кўргазмаси намо­йиш этилиб, юқори баҳога сазовор бўлди. Музей-қўриқхона томонидан Россия ­Этнография музейи, Самара шаҳри музейи, Санкт-Петербург шаҳридаги ­Рериховлар оила музей-институти, ­Германиянинг Штутгарт шаҳридаги «Линден музейи», Комор ороллари музейлари билан илмий-амалий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Маданият вазирлиги ҳамда Франция, АҚШ, Швейцария ва Жанубий ­Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихоналари ташаббуси билан Франциянинг Париж шаҳрида жойлашган «Афросиёб деворий суратларини сақлаш ва таъмирлаш» ассоциацияси ўртасида шартнома имзолаган эди. «Афросиёб» қадимий деворий суратларни таъмирлаш ишлари 2014 йилдан бошланган бўлиб, 2017 йилда ниҳоясига етказилди. Йил давомида вилоят давлат музей-қўриқхонаси тизимидаги музейлар ва тарихий обидаларга жами 1 миллион нафардан ортиқ томошабин ташриф буюрди. Шундан 160 минг 531 нафари хорижий сайёҳлардир. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 июлдаги «Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан 114 минг 300 нафар ўқувчи ва талаба ҳамда уларга ҳамроҳлик қилувчиларнинг музей ва тарихий обидаларга келиши таъминланди.

2017 йилнинг 16-17 май кунлари ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Маданият вазирлиги, ЎзФА ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги Регис­тон мажмуасининг Улуғбек мадрасасида «Ўзбекистоннинг маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқот» мавзусида халқаро илмий-маданий конгреси ўтказилди. Унда музей-қўриқхона илмий ходимлари конгресс доирасида ўтказилган секциялар ишида фаол иштирок этиб, тизимда олиб борилаётган илмий изланишлар, Ўзбекистон халқлари маданиятини кенг тар­ғиб этиш, кўп йиллар давомида музей фондларида сақланиб келинаётган тарихий ашёларни ўрганиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Конгресс иштирокчилари Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи, Афросиёб ва Мирзо Улуғбек музей-мажмуасидаги Самарқанд шаҳрининг асос солинишига оид экспозициялар билан таништирилди, экскурсиялар ташкил этилди. Айниқса, «Ўзбекистон жаҳон цивилизацияси чорраҳасида», «Ўзбекистонда илк ёзувнинг пайдо бўлиши тарихи», «Қадимги Самарқанд тарихи», «Темурийлар давридаги Улуғбек даҳоси» каби экспозициялар конгресс иштирокчиларида катта қизиқиш уй­ғотди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 11 декабрда қабул қилинган «2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорга биноан Самарқанд шаҳрида янги музей биноси қурилиши учун маблағ ажратиш кўзда тутилган. Вилоят Ўлкашунослик музейида катта ҳажмдаги капитал таъмирлаш ишлари бажарилади. Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, «Афросиёб» музейи, Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи, Иштихон туманларидаги тарих музейлари ва Самарқанд шаҳридаги Садриддин Айний ёдгорлик уй-музейлари жорий таъмирланади.

Анча пайтлардан буён кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиб келаётган Қўшработ тумани, Жўш қишлоғидаги Эргаш Жуманбул ўғли ёдгорлик музейи ҳам ушбу дастурга асосан реконструкция қилинадиган бўлди. Бу янгиликни нафақат қўшработликлар, балки мамлакатимиздаги адабиёт ихлосмандлари, халқ оғзаки ижоди жонкуярлари мамнуният билан кутиб олдилар. Ёдгорлик музейи Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасарруфига ўтказилгани эса унинг бундан буён маданият ва маънавият маскани сифатида мухлислар билан гавжум бўлишини кафолатлайди. Дастурда музейларни энг замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар, электротехника қурилмалари билан тўлиқ таъминлаш масалалари ҳам қамраб олинган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 июндаги «2017 — 2019 йилларда ­Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ­ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан республика бюджети маблағлари ҳисобидан бир неча тарихий иншоотларда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бибихоним масжиди реставрация қилиниши учун 250 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиб, пудратчи ташкилот «Самарқандтаъмир» масъулияти чекланган жамияти томонидан жанубий кичик масжид ички деворини таъмирлаш, бадиий нақшларини тиклаш ишлари олиб борилди. Табиий офатдан зарар кўрган том қисми музей-қўриқхонанинг бюджетдан таш­қари маблағлари ҳисобидан тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, умумий қиймати 140 миллион сўмлик иш бажарилди.

«Руҳобод» мадрасасини реставрация қилиш учун 150 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиб, шартнома асосида пудратчи ташкилот — «Меъмор сай­қал» МЧЖ томонидан мақбаранинг деворларини конструктив мустаҳкамлаш, ички деворларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Нодир девонбеги мадрасасини реставрация қилиш учун 400 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиб, шартнома асосида пудратчи ташкилот — «Меъмор сайқал» МЧЖ томонидан мадрасанинг ташқи ва ҳовлидаги керамик ­нақшлар таъмирланди.

2017 йилда Амир Темур мақбараси ташқи деворини таъмирлаш, пандус қуриш ҳамда мақбаранинг ички қисмида таъмирлаш ишларини олиб бориш учун музей-қўриқхона бюджетдан таш­қари маблағлари ҳисобидан тайёрланган смета лойиҳа ҳужжатлари экспертизадан ўтказилиб, қайта тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Мирзо Улуғбек расадхонасининг музей-мажмуа ҳудудида жойлашган «Юлдузли осмон» панноси деворининг устки қисми мис билан қопланиб, таъмирланди. Музейнинг ички экспозицияси синган плиткалари янгисига алмаштирилди. Ҳудуддаги шикастланган плиткаларнинг бир қисми таъмирдан чиқарилди. Тунги ёритгич чамбараги қайта таъмирланди.

Пахтачи туман тарихи музейининг эскирган томи қисми тўлиқ очилиб, қайта таъмирланди. Смета лойиҳаси асосида 127 миллион сўмлик ишлар амалга оширилди.

Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Самарқанд азалдан ўзининг меъморий ва тарихий обидалари билан дунё нигоҳини ўзига жалб этиб келган ва бу қизиқиш бугун ҳам тобора ортиб бормоқда. Мустақиллик даврида амалга оширилган эзгу ишлар, эришилаётган ютуқлар бу кўҳна заминда туризм салоҳиятини янада оширмоқда. Бунда музей ходимларининг хизматлари алоҳида ўрин тутади.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: