27.03.2018

«МЕҲР-ШАФҚАТ ВА САЛОМАТЛИК» ЖАМОАТ ФОНДИНИНГ ФАОЛИЯТИ ТАҲЛИЛ ЭТИЛДИ

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим ва долзарб вазифа ҳисобланади. Чунки, одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қандай бўлиши, аввало улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ. Яқинда асосий мақсади — меҳр-шафқат ва ўзаро холис ёрдам бериш, одамларнинг ҳаёти ва турмуш шароитини яхшилаш, соғломлаштириш масаласига ғамхўрлик қилиш бўлган Республика «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондининг фаолияти таҳлили ва устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур жамоат фонди ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, Inspired МЧЖ ва бошқа бир қанча давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган йили фонд фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, ҳомийлардан 6 миллиард 94 миллион 362 минг сўм хайрия маблағи келиб тушди.

Бугунги кунда Inspired МЧЖ билан ҳамкорликда пейком тизимидаги интернет-экватринг технологияси асосида «Payme» базасида хайрия маблағларини марказлашган ҳолда йиғиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа асосида келиб тушган маблағлар режалаштирилган хайр-эҳсон тадбирларини қўллаб-қувватлашга, оғир дардга чалинган болаларнинг дори-дармони ҳамда тиббий муолажаларига йўналтирилиши режалаштирилган. Йил якунига кўра, ушбу режаларни амалга оширишга жамоат фонди ҳисоб рақамига йиғилган 67,0 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

— Грипп ва ўткир респиратор инфекцияларнинг олдини олиш мақ­садида гриппга қарши вакциналарни харид қилиш учун вазирлик, идора, ишлаб чиқариш корхоналари, ­компаниялар, банклар, ташкилотлар томонидан етарли маблағ фонд ҳисоб рақамида жам­ғарилиши белгиланган эди, — дейди «Меҳр-шаф­қат ва саломатлик» жамоат фонди бошқаруви раиси Асрол ­Мирзааҳмедов. — Унга мувофиқ Франциянинг «Sanofi Pasteur» компанияси билан биргаликда «Bio Vaktsinalar» МЧЖда ишлаб чиқарилган 295,0 миллион сўмлик ­«Ваксигрипп» вакцинаси харид қилиниб, жойларга етказиб берилди.

Шунингдек, жамоат фонди кекса, боқувчиси бўлмаган кишиларни ҳар томонлама моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамни янада яхшилашга ҳисса қўшиш мақсадида моддий ёрдам ташкил этишга 16,624 минг сўм, меҳр-шафқат ва хайр-эҳсон амалларини тарғиб қилувчи ҳамда фуқаролар саломатлигини яхшилаш йўлида фаолият кўрсатаётган давлат, жамоат ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликдаги тадбирларни амалга ошириш учун 12,0 миллион сўм ҳамда жамоат фондининг ҳудудий муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлашга 36,090 минг сўм сарфланди.

Фуқаролар муаммоларини ҳал этиш ҳамда кам таъминланган, ногирон, меҳнатга лаёқати чекланган ­инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фондга ажратилган маблағлар ҳисобидан бугунги кунда республикамизнинг ихтисослаштирилган хирургия, кардиология, урология, травматология ва ортопедия, эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказлари, Тошкент педиатрия тиббиёт инс­титути ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг клиникалари, Россия Федерациясининг болалар гематология, онкология ва иммунология илмий-клиника маркази, Биологик системалар халқаро тиббиёт институтининг даволаш ва диагностика маркази, болалар ортопедия институти ҳамда хирургия марказида даволанишлари учун 908,844,780 сўм маблағ сарф этилди.

Йил давомида жамоат фонди бош­қарувига тиббиёт муассасалари, маҳалла қўмиталаридан 171 ариза-мурожаатлар келган бўлиб, уларнинг асосий қисмида ҳомийлик ёрдами кўрсатиш, имтиёзли равишда даволаш масканларига жойлаштириш сўралган. Барча ариза-мурожаатлар белгиланган муддатда кўриб чиқилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўмагида ижобий ҳал қилинди.

— Фонд томонидан соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент давлат стоматология институти қошида «Симуляцион марказ» ташкил қилиш ҳамда ўқув қурилмалари билан таъминлашда HRV (High Fidelity Simulation) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 4 комплект VirTeaSy Dental симуляторини ҳомийлик асосида харид қилишга 552 миллион сўм сарфлангани алоҳида эътиборга сазовор, — дейди «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди васийлик кенгаши аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Малика Хўжаева. — Шунингдек, кам таъминланган оилалар рўйхатига киритилган талабаларнинг 2017-2018 ўқув йили учун контракт тўловларини тўлашга 13,325, минг сўм сарфланди. Чет эл клиникаларида малакасини оширган 8 нафар маҳаллий мутахассиснинг ҳамда тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш мақсадида 23 нафар хорижлик мутахассисларнинг ташрифи билан боғлиқ бўлган сарф-харажатларга 289,168 220 сўм маблағ йўналтирилганини эшитиб, фонднинг ўтган йилда амалга оширган ишлари анча салмоқли бўлганлигига амин бўлдим.

Ўтган йилда жами харажатлар 5 миллиард 467 миллион 208 минг сўмни, хайр-эҳсон, ҳомийлик харажатлари эса 5 миллиард 277 миллион 515 минг сўмни ташкил этди. Хайр-эҳсон, ҳомийлик харажатлари жами харажатларга нисбатан 97,1 фоизни, хўжалик харажатлари эса 2,9 фоизга тўғри келди.

— 2017 йилда фонднинг Бухоро, Тошкент, Навоий вилояти ваколатхоналари ўз фаолиятларини намунали олиб боргани таъкидланди, — дейди «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди васийлик кенгаши аъзоси Фарида Абдураҳимова. — Лекин Андижон, Самар­қанд, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ваколатхоналари фаолия­тини тиклаш масаласи охиригача етказилмагани ҳам бор гап. Менинг назаримда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фонд бўлимлари очилиб, тўлақонли ишлашига эришиш керак. Бугун жамиятда одамлар ўртасида меҳр-оқибат туйғуларини уйғотиш, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш масаласи ҳам жуда муҳимдир.

Йиғилиш давомида фонднинг 2018 йилдаги режаси белгилаб олинди, шунингдек, фаолиятини янада кучайтириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев, фонд васийлик кенгаши аъзолари, меҳнат фахрийси Мухтор Усмонхўжаев, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бош муҳар­рири биринчи ўринбосари ­Фаррух Ҳамроев ва бошқалар иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.