27.03.2018

АФҒОНИСТОНДА ТИНЧЛИК ЎРНАТИШ — МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ БАРҚАРОРЛИГИ ВА ТАРАҚҚИЁТИ КАФОЛАТИДИР

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ, Самарқанд давлат университети филология факультети декани, профессор:

— Афғонистон халқи билан Марказий Осиё халқларини, жумладан, биз — ўзбекларни минг йиллар давомида мустаҳкам тарихий, маданий, этник алоқалар ўзаро боғлаб туради. 1747 йилда Хуросонда Афғонистон давлати ташкил топганига қадар бу географияда бизнинг ва афғонларнинг аждодлари буюк салтанатлар қургани, бетакрор тамаддунлар яратгани, дунё, Шарқ ва мусулмон маданияти, фани, адабиёти ва санъатига катта ҳисса қўшган олиму фузалолар айнан мана шу заминдан етишиб чиққани маълум. Афғонис­тон — Абу Райҳон Беруний, ­Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби жаҳон фани ва маданиятида беқиёс из қолдирган буюкларимизнинг хоки ётган тупроқдир. Қолаверса, бу мамлакатда кўп миллатли туркий тилларда сўзлашувчи халқлар ўзбеклар, туркманлар, қозоқлар, қирғизлар ва тожикларнинг яшаши маълум. Шу сабабли мана қирқ йилдирки, Афғонистонда давом этиб келаётган сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маърифий буҳрон энг аввало, бутун Марказий Осиё халқлари қатори Ўзбекистон халқини ҳам ташвишга солиб келмоқда.

1989 йилда Ҳайратон кўприги орқали охирги шўро аскари Афғонистонни тарк этганидан буён жаҳон ҳамжамияти ва Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги қўшни ва қардошлари томонидан бу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш бўйича кўп саъй-ҳаракатлар қилинди. Жумладан, 1990-йилларнинг бошида минтақанинг эндигина мустақилликка эришган давлатлари — Ўзбекистон, Қозоғис­тон, Қирғизистон ва Туркманистон раҳбариятининг ташаббуси билан Тошкент, Олмаота, Бишкек ва Ашхабодда Афғонистондаги қарама-қарши кучлар лидерларининг тинчлик ва ўзаро келишув музокаралари ўтказилган эди.

2001 йил 11 сентябрь Нью-Йоркдаги террористик ҳужумлардан кейин Афғонистондаги аҳвол кескин ўзгарди ва вазият янада чигаллашди. Дунё геополитик ва геостратегик марказларининг рақобат майдонига ва халқ­аро терроризмнинг марказларидан бирига айланган бу мамлакатдаги мураккаб вазиятдан чиқишнинг йўллари БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, нуфузли мамлакатлар томонидан узоқ йиллар давомида излаб кўрилганига қарамай, 2011-2014 йилларда АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари ўз ватанларига қайтганидан кейин бу ерда қайта тиклаш борасида бирмунча ижобий силжишлар кузатилган бўлса-да, умуман айтганда, Амударё ортидаги ўлкада ҳанузгача мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик қарор топмади.

Афғонистонда ўнлаб йиллардан бери давом этган сиёсий вазият биринчи навбатда Марказий Осиё давлатларига салбий таъсир кўрсатганини алоҳида таъкид­лаш керак. Дунё океанига энг яқин йўллар ўтувчи, Ҳиндистон ва Жанубий Осиё мамлакатлари каби бозорларга чиқиш ҳудудида жойлашган Афғонистондаги кризис минтақа мамлакатларининг ташқи савдо­-иқтисодий алоқаларининг ривожига ҳам тўсиқ бўлиб келмоқда. Бошқа тарафдан бу ерда минтақа учун янги таҳдидлар ва чақириқлар, хусусан терроризм, диний экстремизм, наркобизнес ва ноқонуний қурол-яроғлар савдоси каби хавф-хатарлар ҳам сақланиб қолмоқда.

Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишнинг энг муҳим омилларидан бири уни дунё ва минтақа иқтисодиётига, жаҳон транспорт-коммуникация тизимига интеграция қилиш ва бу юртда таълим ва маданий-маърифий ишлар савиясини кўтаришдир. Бу жараёнлар Афғонистоннинг қўшнилари иштирокисиз амалга ошиши қийин, албатта. Буни чуқур англаган Марказий Осиё давлатлари, биринчи нав­батда ­Ўзбекистон Республикаси кейинги чорак асрдан ортиқ давр мобайнида Афғонистонда тинчликни барқарор қилиш ва бу мамлакатни жаҳон темир йўллари тизимига улаш, ўлкадаги саноат, тижорат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, таълим, маориф ва маданиятни ривожлантириш ва аҳолини озиқ-овқат билан барқарор таъминлаш бўйича беғараз ёрдам кўрсатиб келмоқда.

2010 йил ноябрь ойида Афғонистоннинг янги тарихида янги саҳифа очилди. Бу мамлакат сарҳадларида темир йўл мавжуд бўлмаган давлатлар қаторидан чиқди, Ўзбекистонлик темирйўлчилар аввал Ҳайратон, кейин Мозори Шарифгача бўлган темир йўл тармоғини қуриб битирдилар ва ниҳоят, Афғонистон ўз темир йўл тизимига эга бўлди. Ўзбек темирйўлчилари бу йўлни мамлакат пойтахти Кобул ва жанубидаги Ҳирот шаҳрига ва ундан Эрон темир йўл тармоғига қадар узайтириш, йўловчи ва юк поездлар қатновини йўлга қўйиш ҳамда афғон халқини энг қулай ва арзон транспорт воситаси билан таъминлаш бўйича келишувларга асосан ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар.

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг ташкил этилгани ҳам мамлакатимизнинг Афғонистон таълим тизими ва халқ хўжалиги учун етук кадрлар етказиб беришда кўрсатган дўстона ёрдамининг яққол намунасидир.Термиз туманида барпо этилган таълим марказида қўшни давлат ёшларининг ўзлари танлаган касб бўйича ўқиб, изланиши ва етук мутахассис бўлиб улғайиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

...2011 йилда Туркия Республикасининг Муғла университетида ишлаган пайтимда Истанбулда ўтган халқаро симпозиумда иштирок этган эдим. Ушбу анжуман Афғонис­тон муаммосига бағиш­ланган бўлиб, унинг қатнашчилари, халқаро экспертлар Афғонис­тондаги боши берк кўчага кириб қолган вазиятни Ўрта Осиёдаги давлатлар, биринчи навбатда Ўзбекистонсиз ҳал этиб бўлмаслигини айтишган эди. Шунингдек, халқаро симпозиумдаги маърузамда дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш борасидаги ишлари фақат унинг қўшнилари бош қўшганида ва фаол иштирок этганидагина муваффақиятга эришиши мумкин эканлигини баён этган эдим, жаҳон мамлакатларидан келган олимлар менинг бу фикримга қўшилган эдилар.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ Афғонистон муаммосига жиддий эътибор қаратди. Марказий Осиё ва унинг бир қисми бўлган Афғонистон билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини юқори савияга кўтариш, минтақада янгича, ишонч ва ҳамкорликка, дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муҳитни вужудга келтириш вазифасини ўз ташқи сиёсатининг марказига қўйган мамлакатимиз раҳбари бу хусусида халқаро анжуманларда ўзининг амалий таклифларини билдириб келмоқда.

Президентимиз Ўзбекис­тоннинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, яқин ва узоқ қўшнилар билан конструктив, ўзаро манфаатли ҳамда яхши қўшничиликка асосланган алоқаларни йўлга қўйишга асосланган ташқи сиёсати тамойилларини БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида батафсил баён қилди. Сўнг ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги конференцияда Марказий Осиё, жумладан, Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларнинг кенг қамровли дастурини таклиф этди. Энг долзарб ва ўткир муаммолардан бири — қўшни Афғонистондаги низони ҳал қилмасдан олдимизда турган мақсадларга эришишнинг иложи йўқ, чунки у тарихий ва гео­сиёсий жиҳатдан минтақамизнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади, дея таъкидлаб ўтган эди давлатимиз раҳбари.

Самарқанддаги халқаро анжуманда сўзга чиқар экан, Ўзбекистон Президенти хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратишдан воз кечиш, «ялпи хавфсизлик» тамойилига амалда риоя қилиш зарурлигига тўғридан-тўғри даъват қилди.

Мамлакатимиз раҳбари БМТ минбаридан ҳақли равишда таъкидлаганидек:

Афғонистондаги вазиятни бар­қарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолади. Аминмизки, Афғонистонда тинч­ликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир. Музокаралар афғонистонликларнинг ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутадиган ҳолда, Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозим. Донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир...

Президентимиз томонидан Афғо­нистон билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясини ўтказиш ташаббусининг илгари сурилиши Ўзбекистон раҳбариятининг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича умумий стратегиясининг ажралмас бўлаги ҳисобланади.

Тошкент учрашувида иштирок этиш учун Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсий маҳкамалари раҳбарлари таклиф этилганлиги, унда Президентимиз ҳамда Афғонистон раҳбарининг шахсан иштирок этиши форумнинг нақадар жиддийлиги ва нуфузининг юқорилигини кўрсатади. Ишонамизки, бу саммит Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда, Марказий Осиёдаги халқларнинг азалий ва абадий дўстлик ва ҳамкорлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.



DB query error.
Please try later.