22.03.2018

ТИНЧЛИК ВА ДЎСТЛИК ТИЛАГИДА КЕЛДИ БУ НАВРЎЗ

Маҳмуд ТОИР, Ўзбекистон халқ шоири:

Агар таъбир жоиз бўлса, баҳор бизни севиб, севилиб яшашга ўргатади. Зеро, ҳар қандай гўзаллик аввал кўзни, кейин қалбни жунбушга келтиради. Шомда яланғоч кўринган новдаларда тонгда кулиб турган, бўртиб турган куртаклардан ҳайратга тушасиз. Қалбингизда қувонч қалқийди, чеҳрангизда табассум балқийди. Хуш кўрдик, баҳор, дея ҳайқиргингиз келади.

Баҳор ҳақида ўйлаш ҳам кишини яйратади. Хаёлингда очилган лолазорларни кезиш, уватларда жилмайиб турган ялпизларни териш, чучмомоларни дасталаб мактабга, боғчага кетаётган болакайларга боқиш — бу баҳор ато этган завқу шавқ. Бу баҳор ато этган бахт. Аслида гўзалликни кўриш, қадрлай билиш, баҳорга етказганига шукур қилиш бахт. Ахир бу кунларга етмаганлар қанча?

Табиийки, баҳорнинг илк кунлариданоқ биз Наврўзни орзиқиб кутамиз. Наврўз ўз номи билан янги кун — янги орзулар, тиниқ хаёллар, тоза тилаклар байрами. Муҳаббат байрами. Ошиқона дил билан, муҳаббатли нигоҳ билан гулга боқмоқ, нурга боқмоқ қанчалар ҳузурли.

Озод ва обод юртда байрамлар ҳам ўзгача шукуҳ, ўзгача тароват ила ўтади. Бир қур ўтмишга назар солсак, мустабид тузум даврида Наврўздек саодатманд байрамни пана-панада, овоз чиқармай нишонлаганимизни эсласак, кўнглимиз ўксийди.

Ўзбекистонимизда бугунги Наврўзни — тинч­ликнинг чиройига, шодликнинг овозига, халқ бахту саодатининг парвозига менгзаш мумкин. Бунёдкор халқнинг байрамларида элу юртдаги қут-бараканинг ифодаси янада ёрқинроқ кўринади. Бизнинг Наврўзимиз ҳурририятидан хуррам халқнинг Яратганга шукронаси. Зотан, бугунги ўзбек халқининг онгу тафаккуридаги ўзгариш, ўз қудратига эга давлат фуқаросининг ўзига ишончи, дунёга тийрак назар ила боқиши унинг яшаш тарзига ҳам ўзгача фусун, ўзгача мазмун бахш этади.

Аввало Наврўз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган асрий қадриятларимиз байрами. Бу қадриятларнинг моҳиятида яратиш, ­бунёд этиш орзуси, эзгуликка чорловчи хитоб бор. Зеро, табиат яратишни, олам кўкаришни, ирмоқлар жилдирашни, қуёш қиздиришни бошлаганда инсон ҳам кузатувчи бўлиб ўтирмайди. У бир ниҳол ёнига яна бир ниҳол экиши, эртанги ризқу насибаси учун даласига уруғ сочиши, тупроқ билан тиллашиши зарур. Кўкламнинг ҳар кунидан барака боқиб туради. Фақат уни тутиб қолиш, керак.

Кўклам таомлари бу табиатнинг инъоми. Одатда ҳар қандай инъом ўйлаш учун, фикрлаш учун берилади.Чунки олмоқнинг бермоғи ҳам бор. Ерга сочилган уруғ, экилган ниҳол инсон меҳрига, парваришига муҳтож. Сумалак шифосидан олган қувватимизни ҳалол меҳнатга сарфласак, кўнгилда хотиржамлик, юзда ёруғлик зуҳур бўлади.

Ўзбекистон Наврўзини дунёнинг кўплаб халқ­лари қизиқиб кузатади, томошаларни мириқиб кўради. Чунки бизнинг асрий удумларимизда ҳикмат бор, илм бор, муҳаббат бор. Наврўз тантаналари шунчаки томоша ёки қувонч­нинг қўнғироғи эмас, балки чуқур мазмунга асосланган, инсонни яшашга, ўйлашга, фикрлашга ўргатувчи ориятли, ҳикматли халқ эзгу ниятларининг ифодасидир. Шу боис ҳам халқимизга Наврўз қадрли, шунинг учун ҳам биз бу байрамни орзиқиб кутамиз. Уни кўнгилдагидек ўтказишда зиммамизда масъулият сезамиз. Наврўз умумхалқ байрами. Наврўзимиз мана иккинчи йилдирки, умумхалқ сайли сифатида, ҳамманинг иштирокида нишонланяпти.

Тиниқ туйғулар ҳамиша тиниқ фикрлар уй­ғотади. Маълумки, худойим инсонни яратганда унинг танасига тупроқ таркибида мавжуд жамики тилсимотни қўшган. Шу боис одамзот она ерда унган ҳар бир дов-дарахтни, ҳар бир гиёҳни ўзига яқин олади. Оладигина эмас, уларга боқиб кўзи қувнайди, дили туғёнга тушади. Илк бойчечак, илк ялпиз, қирда гулхан ёққан илк лола, лолақизғалдоқ, пешайвонга қўнган қалдирғоч, осмондан учиб ўтган турналар — ҳамма-ҳаммаси уни ҳаяжонга солади. Айни пайтда ўйга толдиради.

Дунёга келишдан мақсадини англаб етган инсон ўзидан сўраб туради: «Шунча йил яшаб қўйибман. Нима иш қилишга улгурдим? Худонинг марҳамати билан унган ялпизнинг муаттар иси бахш этган ҳузурни, бир лола рангидан томиб турган қувончни, чирқиллаб турган боласи қошига саноқсиз келиб-кетаётган қушнинг меҳрини одамларга беролдимми?»

Дарҳақиқат, Тангри шундай буюк қудратки, табиатда яратилган ҳар майсанинг, ҳар бир жонзотнинг ўз ўрни, ўз вазифаси, ўз масъулия­ти бор. Улар бу юмушларни деярли бехато бажарадилар. Лекин табиатнинг энг онгли ва улуғ мавжудоти инсон эса гоҳида ўзлигини унутиб қўяди, ўзига берилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланмайди. Ҳирсу ҳавас, шайтоний нафс уни йўлдан оздиради. Умрининг ўткинчилиги ёдидан кўтарилади. Охир оқибат кетар жафода ўзлигини таниб қолади. Чунки инсон кўзларини юмар экан, дунё унинг ортида қолаётганини, бу боқий оламда гўзаллик ҳам боқий эканлигини, гуллар ҳам унингсиз очилаверишини, баҳор қайтиб келаверишини жуда кеч англаб етади.

Аслида шу пайтгача очилган гуллар унинг учун очилганди, қушлар унинг учун сайраганди, мажнунтолнинг саломи, елларнинг сархуш алласи, юлдузларнинг ҳовуч-ҳовуч нурлари, хуллас, оламнинг жамики гўзаллигини Аллоҳ инсон учун яратганди. Уларни ҳаммаси инсонни ўзлигини англашга, яшашга, яшаганда ҳам булоқ сувидек тиниқ хаёллар билан, тошни тарс ёриб чиққан майсанинг журъати, булбулнинг ҳайрати билан яшашга чорлаганди. Инсон қўрни қуёшдан, меҳрни ердан олган. Мардликни эса... Зийрак одам учун табиатда мардликка чорловчи омиллар жуда кўп. Беихтиёр ёдимга «Чотқол» тоғ қўриқхонаси қоровулларидан бирининг анча йиллар бурун айтиб берган ҳикояси тушиб кетди.

Табиатнинг энг эрка, энг гўзал, энг беозор кийикларининг бунчалик мардликлари ҳам борлигига тасанно айтиб, ёқамни ушладим. Ука деганди у киши ўшанда, — агар тоғ кийиклари бир-бири билан келишолмай қолса, ҳалол жанг қилар экан... Ана шундай жангнинг гувоҳи бўлганман.

Келишолмай қолган кийиклар тубсиз қоя қошига келишаркан. Бири бутун жисму жонини кучга айлантириб қоя ёнида туради. Иккинчиси эса зарб билан келиб, унга ўзини уради. Бири қоя тубига учиб кетгунча улар навбат билан ўрин алмашиб, шундай жанг қиларканлар...

Қалбларимизни баҳорий сурур нурлантириб турган Наврўз тонгида ушбу воқеанинг баёнидан мақсад, кимнидир шундай жангга чорлаш эмас. Аксинча ортдан отиладиган тошлардан, қилинадиган иғволардан, зимдан уюштирилган курашлардан, дилни чил-чил қилувчи озорлардан қайтариш. Дунёнинг гўзаллигидан дақиқа сайин, соат сайин унумли фойдаланишга, ундан илҳом олиб, меҳру оқибатни оширадиган ишлар қилишга чорловдир.

Чунки бу дунёга ҳар бир инсон бахтли яшагани келади. Аслида ҳар бир миллат, барча халқларнинг бирдан бир орзуси тинчлик, осойишталикда умргузаронлик қилиш. Дарҳақиқат, ТИНЧЛИК — жамики орзулар рўёбига очилган эшик.

Узилган умидлар ипи қайта боғланганда, армонлар ушалган орзуга дўнганда, қувонч ёшлари кўзлардан беихтиёр оққанда, соғинчлар дилларда, тилларда садоланганда биз БАХТ деган сўзнинг баҳори билан юзма-юз келамиз.

Бу йилги Баҳор, бу йилги Наврўз бизни ана шундай бахтга эш қилди. Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг қардош Тожикистон, Қозоғистон давлатларига сафари азал-азал оқибат ардоғида яшаб келган халқларимизнинг қайта юз очган қадриятлар қувончидан нақадар масрур бўлгани, қалбларида фақат шукрона офтоби юз очгани, ҳайрат ҳавосидан кўкси тўлиб нафас олганининг гувоҳи бўлдик. Биз инсоннинг баҳорга айланганини, халқларнинг баҳорга айланганини кўрдик десак, муболаға бўлмайди.

Энди бу баҳорни омон асрамоқ, энди бу баҳорнинг гулларини сўлдирмай яшамоқ, меҳр, оқибат, мурувват, саховат каби қадим қадриятларимизда собит қолмоқ ҳар бир давлат фуқаросининг инсоний бурчи, вазифаси ҳисобланади. Тинчлигимизни асраб, ўзлигимизни англаб келгуси йиллар Наврўзларига мустаҳкам ишонч, қатъий ирода, покиза иймон-эътиқод, юксак зафарлар ила рўбарў келиш насиб этишини Яратгандан сўраймиз. Зотан, Наврўз тилаклари ҳамиша эзгу бўлган. Бу йилги Наврўзнинг шукуҳи ўзгача. Чунки бу Наврўз бутун Марказий Осиёга тинчлик ва дўстлик тилагини таратди.

Гул ислари гул баргидан тўкилмиш ел қанотига,

Хуш насим хуш наво бермиш андалиблар баётига,

Қалдирғочлар қалқиб кетар висол тушганда ёдига,

Бойчечаклар саботида келар Наврўз, келар Наврўз,

Қумриларнинг қанотида келар Наврўз, келар Наврўз!



Қозонларнинг қулоғида сумалакнинг садолари,

Кафтларидан томар чак-чак момоларнинг дуолари,

Ўз исига ўзи сармаст баҳор тонгин саболари,

Сумалакнинг шифосида келар Наврўз, келар Наврўз,

Мажнунтолнинг ибосида келар Наврўз, келар Наврўз!



Ялпизларга ёлворишиб еллар тортар қулоғидан,

Аё дўстлар шарбат томар боларилар дудоғидан,

Нон исин навоси келур унган буғдой увоғидан,

Тангрининг хуш дуосида келар Наврўз, келар Наврўз,

Вафо аҳлин навосида келар Наврўз, келар Наврўз!



DB query error.
Please try later.