22.03.2018

ОНА ДИЁРИМИЗДА НАВРЎЗ ШУКУҲИ КЕЗМОҚДА

Бу йил мамлакатимизда Наврўз байрами халқ сайли тарзида катта тантана билан нишонланмоқда. Пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" мажмуида асосий байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. 

ЎзА мухбирлари Наврўз сайилларида қатнашган хорижий давлатлар элчилари ва пойтахтимиз меҳмонлари билан байрам таассуротлари ҳақида суҳбатлашди: 

Цзян Янь хоним, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

– Наврўз байрамини Ўзбекистонда кутиб олаётганимдан мамнунман. Фурсатдан фойдаланиб, барчани ушбу айём билан табриклайман. Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик кенг миқёс касб этиб, стратегик шериклик алоқалари юксак даражага кўтарилмоқда. Сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, молия, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият соҳаларида кенг кўламли ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Ўйлайманки, бу алоқалар келгусида ҳам жадал давом этади. 

Раҳмонали Нортожиев, Фарғона вилояти "Садо" миллий чолғу асбоблари ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари: 

– Мумтоз куй-қўшиқларимизни бутун дунёда яхши билишади. Наврўз байрамига ғижжак, дутор, қашқар рубоби, уд каби 16 турдаги чолғу асбобларини келтирганмиз. Мақсадимиз кўп асрлик тарихга эга ушбу чолғуларимизни халқимиз, айниқса, ёшларимизга танитишдир. Бундан ташқари, "Мақом" ансамблимиз хонандалари мумтоз қўшиқларимиз билан иштирок этаяпти. 

Вилоятимиз чеварлари тиккан адрас, атлас матолари намойиши, Риштон кулоллари маҳсулотлари, дорбозлар чиқишлари ҳам кўпчиликда катта таассурот қолдирмоқда. 

Гюнтер Оверфельд, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва 
мухтор элчиси: 

– Наврўз байрамида қатнашиб, ўзбек миллий рақсларини томоша қилдим. Урф-одатларингиз, сумалак менга жуда ёқди. Ўзбекистонга келганимга унча кўп бўлмади, лекин қатор вилоятларга бориш насиб этди. Менга чет эллик инвесторлар учун яратилган имконият ва шароитлар, уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши маъқул бўлди. Ўзбекистон билан Германия ўртасида азалдан дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари ривожланиб келган. Бундан кейин ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, янги тармоқларда шерикликни йўлга қўймоқчимиз. 

Пўлат Айтмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири: 

– Байрам дастурида қорақалпоқ халқи миллий урф-одатлари билан иштирокчиларни таништиришни ният қилганмиз. Қиз узатиш, тушов кесиш, беточар, айдар тўй каби миллий урф-одатларимиз, миллий ўйинлар, таомлар, ҳунармандлик маҳсулотлари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашмоқда. 

Айниқса, "Айқулоч юлдузлари", "Аму тўлқини", "Гулзор" ансамбллари ижросидаги қорақалпоқ элининг бетакрор куй-қўшиқ ва рақслари кўпчиликка манзур бўлаётир. Байрам меҳмонлари қора уй (ўтов), Чилпиқ қалъа макети, Оролбўйи халқининг миллий нақшлари, буюмларини қизиқиш билан томоша қилмоқда. 

Содиқ Имомий, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

– Наврўзи олам бизнинг юртимизда ҳам кенг нишонланади. Бугун пойтахтингизда ўтаётган байрам сайилларида қатнашиш насиб этганидан жуда бахтиёрман. Бу ерда намойиш этилаётган ҳунармандлик маҳсулотлари, либослар ва таомлар худди бизникига ўхшаш. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат туфайли сўнгги йилларда нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақамизда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида қўшни мамлакатлар билан алоқаларга устувор аҳамият қаратмоқда. Натижада минтақамизга янги ҳаёт шаббодаси кириб келди ва ҳукмронлик қилмоқда. 
Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Тожикистонга давлат ташрифи доирасида ҳам ҳар томонлама ҳамкорлик ва яхши қўшниликни ривожлантиришга доир кўплаб муҳим ҳужжатлар имзоланди. Насиб этса, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари янада юқори босқичга кўтарилади. 

Санобар Орипова, Сурхондарё вилоятидан келган ҳунарманд: 

– Бойсун каштачилик мактаби узоқ тарихга эга. Биз оиламиз аъзолари билан ушбу мактаб анъаналарини давом эттириб келаяпмиз. Бугунги кунда каштачиликда сунъий толалардан тайёрланган пишиқ иплар, зар симлар, ҳатто хом чармдан энсиз қилиб тайёрланган тасмалардан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Қадимий анъаналарга кўра, ҳар бир оилада ўсаётган қиз бола кашта тиккан, чеварликни ўрганган. Шунга кўра, бўлажак келин болалигидан ўз сепини ўзи тиккан кашталар билан бойитишга ҳаракат қилган. Ўзингиз кўрдингиз, байрамга келган аксарият қизлар каштачиликка қизиқишини айтиб, телефонимизни ёзиб олишди. Биз бундан жуда хурсанд бўлдик. 

Сурхондарё фольклор санъати, ноёб қадриятлари, ҳудуд табиатига хос ранг-баранг либослари, достон ва лапарлари, сеҳрли чанқовуз оҳанглари билан қадимдан машҳур. Вилоятимиз учун ажратилган павильон, айниқса, байрам иштирокчилари билан гавжум бўлди. Бахшилар ижросидаги достонлар, ўйноқи қўшиқлар барчага манзур бўлди. 

Баҳодир Отажонов, Хоразм вилоятидан Каттабоғ кулоллик мактаби вакили: 

– Хоразм кулоллик мактаби мовий, зангори, фируза рангли бўёқларнинг кўпроқ қўлланиши, геометрик ва ўсимликсимон нақшлари билан ажралиб туради. Байрамга мактабимизда тайёрланган кўза, лаган, коса каби маҳсулотларни олиб келдик. Каттабоғлик кулоллар табиий ўсимлик, қора вароқдан ишқор тайёрлайдилар. Бу маҳсулотнинг сифатли чиқишида алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун вилоятимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар уни кўп харид қилади. Бугун байрам иштирокчиларига маҳсулот ясаш сирларини ўргатдик. 

Раҳматхўжа Алихўжаев, Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳридан келган пичоқсоз уста: 

– Шаҳрихон шаҳрида иккита пичоқчилик мактаби бор. Боболаримиз 1810 йилда асос солган пичоқчилар сулоласининг саккизинчи авлодиман. Миллий байрамимиз – Наврўзда 50 хилга яқин пичоғимиз билан кўргазма ташкил қилдик. Айни пайтда ҳунар ўрганаман, аждодларим йўлини давом эттираман, деган ёшлар учун барча имтиёз ва имконият берилмоқда. Ҳар бир ҳунарманд тайёрлаган маҳсулотидан манфаат кўраётир. 30 дан зиёд шогирд етиштирганман. Улар ҳам Шаҳрихон пичоқчилик мактабини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. 

Баҳодир Муталов, Самарқанд шаҳридан келган новвой: 

– Мамлакатимизда ноннинг тури кўп. Лекин Самарқанд нонининг довруғи бутун дунёга таралган. Унинг мазаси, тўйимлилиги бошқалардан фарқ қилади. Бугунги пойтахтимизда ўтказилаётган Наврўз байрами асносида Самарқанд нонининг тайёрланиш жараёнини иштирокчиларга намойиш қилдик. Кўпчилик, айниқса, хотин-қизлар бу жараённи катта қизиқиш ва эътибор билан кузатиб турди. 

Анвар Инамов, бешиксоз уста, Наманган вилояти: 

– Меҳр-оқибат, хайр-саховат айёми бўлмиш Наврўз мустақиллик йилларида янгича мазмун билан бойиб, умумхалқ байрами даражасига кўтарилди. Наврўз ёшларимизнинг маънавиятини юксалтириш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. 
Отамнинг касбига ҳавас қилиб, устахонамизда ўғлим ва шогирдларимни ёнимга олиб бешик ясамоқдамиз. Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ҳунармандлик ривожига кенг йўл очилди. Азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этган бешикларга талаб катта. Ёнғоқ дарахтига ишлов бериб, ойига 30 дан ортиқ бешик ясаймиз. Меҳнатимиздан келган даромад оиламиз фаровонлигини таъминламоқда. 

Зиёдулла Жонибеков,
Умар Асроров ёзиб олди.

ЎзА 


DB query error.
Please try later.