Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
22.03.2018

ЯНГИЛАНИШ, МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ФАРОВОНЛИК АЙЁМИ

Мамлакатимиз бўйлаб Наврўз сайиллари бўлиб ўтмоқда

Юртимизга баҳор келди. Она замин узра кўклам насими эса бошлади. Қаҳратон совуқда мудроқ ётган дов-дарахт уйғониб, бугун куртак ёзди. Қуёшнинг қайноқ тафтини соғинган майсалар кўзни қувнатиб, кўкка бўй чўзди. Нозик новдаларга гул битди, қийғос гуллаган боғлар капалак ва болариларга ошён бўлди. Бутун борлиқда уйғониш, янгиланиш, яшариш манзаралари... 

Юртимиз бу гал ҳам тинч ва осойишта, халқимиз сиҳат-саломат ва бардам, салмоқли ютуқлари, мўл-кўл орзулари, эзгу тилаклари билан Наврўз шодиёналарига қадам қўймоқда. Осмонимиз мусаффо. Бир дунё орзулар билан эртани кутиб, келажакка ишонч билан тўю-томошалар қилиш, янги уй-жойлар солиш, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ниятида яшаётган халқимиз “Хуш келибсан ўлкамизга, Наврўзи олам, қадаминг қутлуғ бўлсин! Юртимиздаги тинчлик-омонликка кўз тегмасин!” деб қутлуғ айёмга пешвоз чиқмоқда. 

Халқимиз азалдан тўй ва шодиёналарни алоҳида тараддуд билан қарши олади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 февралда “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган кундан бошлаб маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил этилди.  

Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида ўз аксини топган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш билан боғлиқ хайрия тадбирлари ўтказилди. 

...21 март эрта тонгдан карнай-сурнай ва ноғоралар садоси таралиб, юртимизда Наврўз сайли бошланганидан дарак берди. 

Наврўз байрами ҳамма жойда – Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида ўтказилмоқда. 

Тошкент шаҳридаги асосий байрам тадбирлари “Ўзэкспомарказ” мажмуида бўлиб ўтди. Карнай-сурнай садолари халқни сайилга чорлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев байрам сайлига чиқди. 

...Турфа ранг байроқчалар ҳилпирайди, ранго-ранг шарлар майин эпкинларда тебранади. Наврўз тантаналари ўтадиган асосий саҳна байрамона безатилган. Бу ерга ҳукумат аъзолари, депутатлар ва сенаторлар, фан, маданият, санъат, спорт намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, табаррук отахону онахонлар, турли соҳаларда баракали меҳнат қилаётган юртдошларимиз, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари ташриф буюрган. 

Президентимиз дастлаб байрам сайлида иштирок этаётган дипломатик корпус вакиллари, фахрий меҳмонлар билан кўришиб, уларни муборакбод этди. 

...Асрлар давомида Наврўз кунлари халқимиз ёппасига қир-адирларга, кўча ва хиёбонларга, гузар ва сайилгоҳларга сайилга чиққан. Бахшилар айтишуви, лапарлар, ҳазил-мутойиба, қўшиқлар, халқ термалари, аскиячилар пайрови янграган. Улоқ-кўпкари, пойга, кураш, мерганлик каби миллий ўйинлар ўтказилган. Дорбозлар, масхарабозлар, қўғирчоқбозлар, полвонларнинг томошалари бўлиб ўтган. 

Юртимизда бу йилги Наврўз байрами ўзгача нишонланмоқда. “Ўзэкспомарказ” мажмуида кенг сайил сифатида ўтган байрам дастурида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган вакиллар ўз ҳудуди тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналарини акс эттирган чиқишлар, тансиқ таомлар ва ҳунармандлик маҳсулотларини намойиш этди. Устаю ҳунармандлар, ганчкорлар, каштадўзу чеварларнинг рангин либослари, дўмбира, доира каби халқ чолғу асбоблари, миллий буюмлар барчада катта қизиқиш уйғотди. 

Ранг-баранг ашула ва рақс, турли бадиий жамоаларнинг чиқишлари, уюштирилаётган халқ ўйинлари, куйланаётган қўшиқ, лапар ва ижро этилаётган рақсларда қадимий байрамимизнинг хилма-хил ноёб қирралари ўз аксини топди. 

Давлатимиз раҳбари ҳар бир ҳудуд учун ажратилган майдонга бориб, уларнинг концерт дастурларини томоша қилди. Ҳудудлардан ташриф буюрган нуроний отахону онахонлар билан суҳбатлашиб, уларни байрам билан табриклади. Қўллар дуога очилди. 

...Йигитлар чиллак, зувиллатар ўйнайди, кураш тушиб беллашади. Қоқигулдан бошига чамбараклар тақиб олган қизлар қошларига ўсма тортишади. Дорбозга қараган одамнинг кўзи қамашади. “Беш тош”, “Мак-мак” ва ”Оқ теракми, кўк терак?” ўйинлари, полвонлик, гимнастика, акробатика, масхарабозлик, қизиқчилик каби намойишлар Наврўз сайли қатнашчиларини хушнуд этади. Дошқозонларда қайнаган сумалак ифори оламни тутади. Сочларига жамалак таққан қизлар шўх-шодон рақсга тушади. Онахонлар тандирдан қайноқ нонларни узиб, меҳмонларга улашади. 

Лапарлар, қўшиқлар, халқ термалари, аскиячилар пайрови қизиди. Фольклор жамоаларининг куй-қўшиқлари қушлар чуғурига, кўркам фавворанинг жилдирашига уйғунлашиб кетди. 

...Халқимиз Наврўзни ўзгача бир соғинч, интиқлик билан кутади. Бу гал ҳам шундай фусункор дамларда еру кўк бағрида рўй бераётган ўзгаришларни қалбидан ўтказаётган ҳамюртларимиз дилларида қувонч, ана шу ёруғ кунларга, гўзал ҳаётнинг бебаҳо неъматларига эсон-омон етганимиз, осмонимиз мусаффолиги учун шукроналик туйғулари туғён ураётир. 

Юртимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар руҳи одамлар қалбига кўчиб, ватандошларимиз бунёдкорлик, ободлик сари интилмоқда. Ўтган йили 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча даражадаги раҳбарлар халқ ичига кириб, уларнинг дарду ташвишлари билан қизиқди, муаммоларга биргаликда ечим топилди. “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган ғоя ҳаммамиз учун шиорга айланди. 

Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида 2017 йилда 20 дан ортиқ қонун ва 700 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этилди. 

Ўтган йили юртимизда яшаб келаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган 1100 дан ортиқ шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. 

Шу билан бирга, мамлакатимиз тарихида биринчи марта 2700 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги Президент Фармони имзоланди. Бу ҳам инсонпарварликнинг юксак намунаси бўлди. 

Қисқа муддатда 161 та йирик саноат объекти ишга туширилди. Тошкент иссиқлик электр станциясида буғ-газ қурилмаси барпо этилди. Навоий иссиқлик электр станциясида иккинчи буғ-газ қурилмаси, Қизилқум бағридаги Авминзо-Амантой олтин конлари негизида гидрометаллургия заводи қуриш бўйича ишлар давом этмоқда. Қандим газни қайта ишлаш комплекси ишга туширилиши ҳисобидан 2018 йилда қўшимча равишда 4 миллиард 100 миллион куб метр табиий газни қайта ишлаш, 67 минг тоннадан зиёд конденсат, 106 минг тоннадан ортиқ олтингугурт ишлаб чиқариш имкони яратилди. 

Олмалиқ кон-металлургия комбинати “Ёшлик – 1”, “Ёшлик – 2” конларини ўзлаштиришга киришди. Сардоба, Марказий Фарғона ва Тўпаланг сув омборларини қуриш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Фарғона – Марғилон йўналишидаги темир йўл тармоғи айни пайтда электрлаштирилаётир. 

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилда иқтисодий ўсиш суръати 5,5 фоизни ташкил этди, экспорт ҳажми қарийб 15 фоизга кўпайди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 854 миллион долларга етди. 

Миллий валютанинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди. Юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани тижорат банкларидан чекловсиз сотиб олиш ва эркин сотиш имконига эга бўлди. 

2017 йилда янги саноат корхоналарини қуриш, хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди. 

Шаҳар ва қишлоқларда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Бу 2007 йилга нисбатан 20 баробар, намунавий уй-жойлар қуриш дастури бошланган 2010 йилга нисбатан 3,5 баробар кўп уй-жой қурилганини кўрсатади. 

25 йил давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бошланди. 2017 йилнинг ўзида 800 минг квадрат метрдан зиёд ана шундай уй-жойлар қурилди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида ўтган йили 420 минг квадрат метр кўп қаватли уй-жой фонди фойдаланишга топширилди.  

Маънавий ҳаётимизда ҳам муҳим воқеалар содир бўлди. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар фаолияти йўлга қўйилди. 

Халқаро ҳамкорлик борасида ҳам мамлакатимиз тарихида улкан ўзгаришлар рўй берди. Бир йилнинг ўзида 21 та олий даражадаги ташриф амалга оширилди, 60 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 400 дан ортиқ битим ва келишувларга эришилди, қарийб 60 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги савдо ва сармоявий шартномалар имзоланди. 

2018 йилга юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилди. Бу йил бизнес-фаолиятни инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Бунда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. 

...Наврўз мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган умумхалқ байрамидир. Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил ва иноқ яшамоқда. Улар умумий уйимиз – Ўзбекистонимиз равнақи йўлида барча соҳаларда фидокорона меҳнат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари тантанага ташриф буюрган турли миллат ва элат вакиллари билан учрашиб, уларни байрам билан табриклади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наврўзи олам – Шарқона янги йил билан бутун Ўзбекистон халқини самимий муборакбод этди. 

Қутлуғ кунда барчага сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилади. 

...Майдон узра янграётган дилбар куй-қўшиқлар мамлакатимизнинг олис-олис ҳудудларига таралиб, байрам шукуҳини юртимиз бўйлаб ёйди. 

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтказилган Наврўз шодиёналарида ҳам иштирок этди. 

Давлатимиз раҳбари дастлаб шаҳардаги марказий истироҳат боғида яқинда ўрнатилган Алишер Навоий ва Жомий ҳайкаллари пойига гул қўйди. Шу ерда самарқандлик ижодкорлар ҳамда Наврўз шодиёналарида иштирок этиш учун юртимизга келган тожикистонлик шоир ва ёзувчилар билан мулоқот чоғида ўзбек ва тожик адабиётининг бу икки буюк вакили хотирасига ўрнатилган ёдгорлик халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик, яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. 

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган байрам тадбирларида вилоят жамоатчилиги, нуронийлар, ишлаб чиқариш фаоллари, ёшлар билан суҳбатлашиб, барчани байрам билан яна бир бор табриклади. Самимий суҳбат чоғида мамлакатимиздаги ислоҳотлар, одамлар ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида сўз борди. 

Абу Бакир Ўрозов, Сарвар Ўрмонов, Аъло Абдуллаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА 


DB query error.
Please try later.