22.03.2018

КЎНГИЛДАГИ ЯНГИ КУН

яхшилик ва орзу ниятлар билан бошланади

Шу кунларда Ўзбекистон ХДП ташкилотлари вакиллари ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд оилалар, саховат ва меҳрибонлик уйларида бўлиб, электорат вакиллари байрам билан табриклашмоқда, совғалар тақдим этишмоқда Яккабоғ туман кенгаши фаоллари билан бирга Саховат уйида истиқомат қилувчиларни Наврўз айёми билан қутлаш учун бордик.

Кенг, озода файзли ҳовлидаги кўклаб қолган турли дарахтлар баҳор келганидан, Наврўзи олам нафасидан дарак беради. Ҳовли айланиб юрган, ўриндиқларда суҳбат қураётган кишиларга разм соламан. Уларнинг ҳар бири ҳаётнинг турли синовларига дуч келган, дош берган. Ўзларида куч-қудрат топишган.

1965 йилда Чироқчи туманининг Айритом қишлоғида туғилган Қудрат Турсун туғма ногирон эди. Тошкентдаги 1-жисмоний имконияти чекланган болалар уйида тарбияланди. Қўл-оёғи ҳаракат қилолмасди, у қаламни тишида тутиб, ўқиш-ёзишни ўрганди. Ишонасизми, «Севаман ҳаёт, сени барибир», «Мен онамни соғиндим», «Мени эслаб тур», «Тўхтамагил, юрагим» каби шеърий ва насрий китобларини чоп эттирди.

Саховат уйи жамоаси у билан фахрланар экан. Қудратнинг жияни «ноутбук» совға қилибди, уни ёзиш учун мослаб олибди.

Ҳаётнинг ҳар бир куни ширин, — дейди ЎзХДП Яккабог туман кенгаши раиси Неъмат Жуманов. — Атрофга қаранг, баҳор! Юртимизда тараққиётнинг янги даври бошланди. Биз Наврўз баҳонасида сизлар билан дилдан гурунг қилиш, қутлаш ниятида келганмиз...

Саховат уйида яшаётган Алия, Роза опалар ҳам байрам табриклари, миннатдорлик сўзларини айтишади. Мен шароит билан танишишга ҳаракат киламан. Муассасага бир йилдан буён Косон тумани Пўлати қишлоғида туғилган, эллик беш ёшли Ваҳоб Орзиқулов раҳбарлик қиляпти. Қуч-ғайрати ва билимини аямай ишга киришибди. Коттеж уйларни таъмирлашибди. Жами 25 миллион сўм маб­лағ эвазига ёпиқ спорт зали қуриб олишибди, спорт ускуналари ўрнатилибди. Яккабоғ ўрмон хўжалигидан 200 туп манзарали дарахт олиб келиб экишибди. Дастурга кўра бу йил апрель ойидан муассасада капитал таъмирлаш ишлари бошланар экан. Шу мақсад учун 3 миллард 500 миллион сўм ажратилибди...

Шошма, кўзимга иссиқ кўринаяпсан, — дейди Неъмат ака пазандалардан бирига қараб. — Қаердансан, овқатларинг бу кишиларга маъқулми, ука?

Э, танимадингизми, Неъмат ака, — дейди бош ошпаз Ёдгор Норов. — Мен Хўжа Илғор қишлоғиданман. Йигирма йилдан буён шу ерда ошпазман. Сўрасангиз айтай, тўрт марта овқатлантирамиз, пархез овқатлар, сариёғ, чой, палов пиширамиз...

Бу муассаса соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида экан. Янгиликдан яна бири шундаки, ҳомийлар ёрдамида қуёш батареяси ва электр иситгич ҳам ўрнатилибди. Кўплаб сахий одамлар, ҳомийлар тилга олинди. Масалан, Қарши шаҳрида яшаётган Ботиржон деган киши доим ёрдамини кўрсатиб келаркан.

Самимий суҳбат узоқ давом этди, Наврўз тилаклари билдирилди.



Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: