22.03.2018

БОҒИ БОБУРДА ХАЛҚ САЙЛИ

Андижоннинг сўлим ва нурафшон гўшаси — Боғишамолдаги Боғи Бобурда байрам сайли бошланди. Уч юз гектарлик майдонда Тўй карнайлари янграмоқда.

Вилоятдаги 200 дан зиёд корхона ва ташкилотлар вакиллари боғга бирин-кетин кириб келмоқдалар. Чор-атроф гулларга бурканган. Ҳар бир меҳнат жамоаси ўзига хос тарзда байрам нафасини яратяпти.

Улуғнор туманидаги «Баркамол авлод» марказининг тўгарак раҳбари Абдуваҳоб Жўраев олиб келган тўтилар «Наврўз билан, Наврўз билан!», дея бийрон тилда сайраб, ҳаммани чорлаб турибди. Андижон индустриал педагогика коллежи ўқувчилари яратган чархпалак оҳиста айланиб, турфа обдасталардан обиҳаёт оқмоқда. Халқ таълими вакиллари шундай ҳовуз ташкил этибдиларки, унда балиқлар ва бош­қа сув жониворлари сузиб юрибди.

Биз бағрикенг Ватан фарзандларимиз, — мамнуниятини шундай сўзлар билан ифода этади Бўз туманидаги ихтисослашган мактаб директори, қатор орден ва медаллар соҳибаси Галина Цой. — Ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтирадиган бу тантанани кўриб, кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда...

Шўх яллалар, мусиқа созларининг жарангидан бир нафас тин олинг-да, улкан дошқозон томон юринг. Бу ерда палов сайли бош­ланди. 2 минг килограмм, ҳа, ҳа, роппа-роса икки тонна Андижон гуручи дамланаётган ошга марҳамат қилинг!

Сахий қуёш дарахт бўйи баробар кўтарилиб, тиккага келганида сайилнинг асосий қисми — байрам концерт дастури бош­ланди. Бобур ҳайкали атрофида бетакрор баҳорий гуллар билан безатилган тўртта саҳнада санъаткорлар чиқиши барчани ўзига қаратди. Биринчи саҳнада дилбар куй ва қўшиқлар, иккинчи саҳнада спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, учинчи саҳнада фольклор-этнографик жамоалар, тўртинчи саҳнада мумтоз куй ва рақслар намойиши...

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бутун Андижон аҳлини Наврўзи олам билан муборакбод этди.

Қушларнинг чуғурлашлари, ирмоқларнинг ёқимли оҳангида зинапоялар узра сув оқиб туша бошлади. Бирин-кетин ранг-баранг гуллар ва ниҳоллар униб чиқиб, кўклам манзараси жонланди. Гўё борлиқ уйғонди.

«Озод Ватан қўйнида биз шод болажонлармиз!», деб номланган саҳна кўринишини вилоятдаги санъат мактабларининг иқтидорли ўқувчилари ҳамда болалар боғчалари тарбияланувчилари бошлаб берди.

Шаҳар ва туманларнинг фольклор жамоалари, аскиячилар, турли миллат вакилларининг мусиқий чиқишлари янграганда байрам иштирокчилари рақсга тушиб кетишди.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари соғлом турмуш тарзи тарғиботига алоҳида эътибор қаратди, улар томонидан ташкил этилган кўргазмалардан баҳорий ва парҳез таомлар жой олди. Тиббиётчилар байрам баҳонасида юртдошларимиз билан суҳбатлар ҳам ўтказишди. 15 мингдан ортиқ саломатлик буклетлари тарқатилди.

Андижоннинг турли туман ва шаҳарларидан келган жамоалар миллий ўйинлар, халқ оғзаки ижоди намуналари билан тантаналарга ўзгача файз киритишди. Шаҳрихонлик­ларнинг арғимчоқ учиш­ ва кураш баҳслари олқиш­ларга сазовор бўлди. Марҳамат туманидан келган кайвонилар ерўчоққа ўрнатилган дошқозонда сумалак пиширишни бошлаб юбордилар.

Жалақудуқ тумани Кўтарма қишлоғидан келган «Оқ рўмолли ойимлар» фольклор дастасининг қирғиз тилидаги ирлари, айтишувлари томошабинлар кўнглини кўтариб юборди... Халқ сайли кечгача давом этди.



Аҳмадилло Солиев,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: