18.03.2018

БОЛАЛАР ҲАЁТИЙ БИЛИМЛАРНИНГ АСОСИЙСИНИ 3-5 ЁШГАЧА ОЛАДИ

Мактабгача таълим вазирлиги ташаббуси билан Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»да «Nurli kelajak Expo — 2018» кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан озиқ-овқат, мебель, дидактик ўйин ва ўйинчоқлар, спорт, тиббиёт, мусиқа ҳамда ошхона асбоб-ускуналари, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 250 дан ортиқ корхона ва тадбиркорлик субектлари иштирок этди.

Биз Кореянинг мактабгача таълим муассасаларидаги ўқитиш услубини юртимизда татбиқ қилмоқчимиз, — дейди «ТОУКо ЛТД» фирмасининг маркетинг менежери Нозима Тожиматова. — Шунинг учун бугунги кўргазмага 25-30 йиллик тажрибага эга бўлган кореялик мутахассисларни таклиф қилдик. Улар ўзларининг ўқитиш услуби, ўқув материаллари билан иштирок этмоқда. Шунингдек, улар бизга Корея услубида боғчалар яратиш борасида ёрдам беришмоқчи. Фирмамиз томонидан боғча ёшидаги болалар учун ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан бири йиғиладиган ўйинчоқдир. Болалар ундан йўриқномасида берилган расмларга қараб 10 хил шаклдаги жониворларни йиғиши мумкин. Шунингдек, улар ўзининг фикрлаш доираси, тасаввуридан келиб чиқиб, яна турли хил нарсалар, ҳайвонлар, ҳашоратлар шаклини ясаса бўлади. Бунинг натижасида болаларда маълум бир ҳашоратнинг кўриниши, ҳаракатланиши ҳақида тушунча пайдо бўлади. Яна бир ўйинчоғимиз бор бўлиб, болалар уни йиғиш учун марказий оғирликни тўғри ушлашга эътибор бериши керак.

Мазкур ўйинчоқларни йиғиш орқали болаларнинг иккала қўли ва бармоқлари фаол ҳаракатланади. Натижада миянинг чап ва ўнг ярим шари бир хилда ривожланади. Бундай болаларда табиий ҳолда олдинга интилиш, фаоллик кузатилади. Балки шунинг учун ҳам корейсларнинг фикрлаш доираси кенг, жуда кўп соҳаларда олдиндадир. Фақат бир қўл ишлатилганда эса миянинг битта ярим шари ривожланади.

Корейс олимларининг таъкидлашича болалар ҳаётий билимларнинг 80 фоизини 3-5 ёшгача олади. Шунинг учун ҳам боғча боланинг бутун келажагини белгилайдиган маскан. 3-5 ёшда болаларга нимани ўргатсангиз барчасини ўзлаштиради. Улар айнан мана шу ёшда фарзандларига кўпроқ билим бериш, машқлар юклаш, эътиборлироқ бўлишга ҳаракат қилади.

Кўргазмада мактабгача таълим муассасалари учун 40 дан ортиқ мебель жиҳозлари, барча турдаги юмшоқ инвентарлар, турли ҳажмдаги ўйинчоқарни намойиш қилаяпмиз, — дейди «Зулфия» ишлаб чиқариш фирмаси директори ­Фурқатжон Узоқов. — Тўртбурчак шаклидаги юмшоқ ўйинчоқларимизда табиат, гуллар, мевалар, рақамлар, ҳарфлар тасвирланган. Унинг ёрдамида болаларни жисмонан, ақлан ўстириб, ранг танлашга, рақамларни фарқлашга, ҳарф танишга ўргатса бўлади.

Присланган фанер ва енгил трубалардан болалар учун турли жиҳоз ва мебеллар ишлаб чиқарамиз, — дейди «Mebel House» корхонасининг дизайнер маслаҳатчиси Ғайрат Исомов. — Болалар ўйнаб бўлгандан сўнг уни йиғиштириб қўйса бўлади. Шунингдек, кўргазмага олиб келган маҳсулотларимиз орасида миллий услубдаги чорпоя, қозон, ўчоқ, тандир, сўзаналарнинг кичик нусхаси, математик ўйинлар жамланмаси, фасл­лар, ойлар ҳамда ватқни, ўргатадиган ўйинчоқлар ва соатлар ҳам бор.

Қизим билан биргаликда уйимизда хусусий боғча очганимизга 3 ой бўлди, — дейди Салима Алиева. — Ҳозирча 6 нафар бола бор. Кейинчалик фаолиятимизни кенгайтирмоқчимиз. 2-3 ёшли болаларимиз мадҳиямизни тўлиқ айтмоқда, инглиз, рус тилида шеърлар ёд олишмоқда.

Кўргазмага боғча ёшидаги болаларга мўлжалланган 10 хил мусиқа асбоблари олиб келганмиз, — дейди «Ғижжак Бобурий» оилавий корхонасининг раҳбари Абдумалик Мадраимов. — Улар дутор, рубоб, карнай, танбур, соз, ноғора, тахтача, қонун, доира, сафоилдир. Шунингдек, ўзбек халқ куйлари китобини ҳам тақдим қилдик. Унда болалар учун мўлжалланган куй-қўшиқлар ва асбобларни ўрганиш қонун-қоидалари жамланган.

Кўргазмада Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси томонидан мактабгача таълим муассасаларига мўлжалланган таомлар тайёрлаш бўйича мастер-класслар ўтказилди.




DB query error.
Please try later.