18.03.2018

ҚУРЪОНИ КАРИМ ЭЗГУЛИККА, ЯХШИЛИККА ЧАҚИРАДИ

Тошкент шаҳридаги Носирхон жомеъ масжиди имом-хатиби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказилаётган «Қуръон мусобақаси — 2018» ташкилий қўмитаси раиси Абдулҳаким Матқулов мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди.

— Бисмиллаҳир раҳмонир роҳим. Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин. Ассолату вассаламу ъала расулилиҳи ва ъала олиҳи ва асҳаби ажмаъийн. Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Муҳаммад алайҳиссаломга дуруду салавотлар бўлсин.

Аллоҳнинг каломи — муқаддас Қуръони карим илк оятлари «Иқроъ» («Ўқи») ояти билан бошланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Маккаи мукаррамада муборак Рамазон ойининг Қадр кечасида нозил қилинди. Мазкур оятларда инсонни йўқдан бор қилган Аллоҳ таолони номи билан ўқи, деб марҳамат қилинади.

Қуръони каримни Аллоҳнинг сўзи — Каломуллоҳ деймиз. Бу Аллоҳнинг сўзи, мағзи ҳам Аллоҳдан, маъноси ҳам Аллоҳдан. Уни қанча кўп ўқисак, шунча кўп ажр-савобга, мукофотга эга бўламиз.

Улуғ Роббимиз Исро сурасида шундай марҳамат қилади: «Биз қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз». Муфассирлар раҳмат сўзига шундай тариф беришади: Бутун инсониятга, башариятга берилган яхшилик, яъни иймони, мўмин мусулмонлиги, ақл-идроки, фарзанди, ҳаёти, обрў-мансаби, нимаики ша­роит, имконият берилган бўлса, мана шу битта раҳмат сўзини ичига киради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида «Қуръони каримни ёдлаган қорининг ҳар бир ўқиган ояти учун жаннатдаги мақом, мартабаси шунча зиёда бўлиши ҳақида марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳар бир мўмин мусулмон Қуръонни муқаддас китобим, деб ўқийди. Зеро, у аввалидан охиригача эзгуликка, яхшиликка чақиради.

Бугунги кунда балоғатга етмаган ёшларнинг ўз жонига қасд қилиши, турли жанжаллар, тартибсизлик, автоҳалокатлар, оила бузилиши натижасида болаларнинг тирик етим бўлиб қолганлиги ва бошқа шу каби нохуш ҳолатларни эшитмоқдамиз. Қуръони карим мазкур ҳолатларга тарбиявий жиҳатдан жуда катта ёрдам беради. Маъносини билмасдан туриб ҳам Қуръон тингласа, раҳмат, яхшилик ёғилади. Агар маъносини уқиб, англаб эътибор қилса, у инсонни тарбияга чақиришини, Роббисини эслатиб, бу дунё ўткинчи эканлиги, охират ҳаёт ҳам борлигидан огоҳлантираётганини англайди. Қуръон файз. У Аллоҳга, ўз раҳбарларига, ота-онасига итоат қилишга, катталарни ҳурмат қилишга, кичикларни иззат қилишга даъват этади. Уни Аллоҳ таоло қалбга шифо қилиб, нозил қилган. Мўмин-мусулмонлар уни эшитганда иймони, эътиқоди янада зиёда бўлиб, маънавий озуқа олади. Қуръони карим тиловат қилинган жойдан шайтонлар ҳам қочади, у ерга Аллоҳ таолони раҳмати, барокоти, сакинати ёғилади.

Сакинат — бу тинчлик, омонлик, хотиржамликдир. Бир мўмин мусулмон жамоаси масжидда ёки уйда Қуръон ўқисалар ва уни ораларида ўзаро дарс қилиб ўргансалар, ана шу ерга Аллоҳнинг сакинати нозил бўлиб, осмон малоикалари бу бандаларга ҳавас қилиб ерга тушадилар. Уларнинг ҳолатларини Аллоҳнинг ҳузурига етказади. Айтадиларки, Эй Роббим, мана бу бандаларинг Сендан ихлос, муҳаббат билан яхшиликларни, гуноҳларини кечиришингни сўраяптилар. Шунда Аллоҳ таоло, бандаларим мендан нима сўраган бўлса, шуни уларга бераман, дейди. Бу Қуръони каримнинг барокоти сабабидан.

Қуръони каримнинг манфаатларидан бири, уни ёдлаган киши ёшлигида ҳам, кексайганда ҳам паришонхотирликка, касалликка чалинмайди. 80-90 ёшдан ошган қориларимиз намоз ёки ҳатмларда Қуръонни мукаммал ўқиб беришганига, турли хил мавзуларда суҳбат қилсак ҳам теран фикрлар билдирганига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Қалбида Қуръон бўлганлиги учун ҳам Аллоҳ таоло уларга мана шундай хислатларни берган.

Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу кийик терисига кўчиртирган Қуръони карим – Мусҳафи Усмон сақланади. Бу нафақат Ўзбекистоннинг балки бутун ­дунёнинг бойлигидир. Дарҳақиқат, Ҳазрати ­Усмон кўчиртирган Қуръон нусхалари 6 та бўлган, 2 таси ўша даврнинг ўзида йўқолган, 4 таси дунёнинг ҳар тарафига тарқалган. Бизда сақланаётган мазкур Мусҳафдаги қон доғи Ҳазрати Усмонга тегишли эканлиги айтилади.

Улуғ устозларимиздан бирлари шундай деган эди: «Бизнинг юртимизда қаҳатчилик бўлмайди, вабо келмайди, ноҳақ қон тўкилмайди, аксинча, яхшилик, тинчлик, серобчилик бўлади. Чунки бизда Ҳазрати Усмоннинг мусҳафи бор. Унинг шарофати билан Аллоҳ таоло бизни асрайди, ўзини файзи-барокотини, нурини ёғдириб туради.»

Маълумингизким, жорий йил юртимизда Қуръон мусобақаси ўтказилмоқда. Унда 18-25 ҳамда 26-40 ёш тоифасида эркаклар ва аёллар «Ҳифз» — Қуръонни тўлиқ ёддан ўқиб бериш ва «Тиловат» — Қуръонга қараб чиройли ўқиш йўналиши бўйича иштирок этмоқдалар. Уч босқичдан иборат мусобақанинг биринчи босқичи туман ва шаҳарлар бўйича ташкил этилди. Бугун вилоятлар миқёсида иккинчи босқич якунига етди. Мусобақани кузата туриб билдикки, биринчи босқичга қараганда вилоят босқичида қори ва қорияларимизнинг савиялари анча ошган. Республика биринчилиги апрель ойида ўтказилади.

Олдинги йилларда Қуръон мусобақаси тор доирада — Ислом институтида, баъзи бир масжидларда, диний идорада бўлиб, 25-30 нафар қори иштирок этарди. Ўз-ўзидан бу мусобақа халқимиз эътиборидан четда қолар эди. Республикамизнинг барча ҳудудида Қуръон ўқилсин, барака ёғилсин, шунингдек Аллоҳ ўз барокотидан биз билан бирга қўни-қўшни давлатларни ҳам баҳраманд қилсин, деган мақсадда бу йил Қуръон мусобақаси юртимиз бўйлаб ўтказилмоқда. Бундан фуқароларимиз ҳам мамнун. Хусусан, Андижон вилоятида бўлиб ўтган мусобақага 5000 га яқин томошабин ташриф буюрди. Халқимиз кўзларида ёш билан Парвардигорга ҳамду санолар айтиб, мазкур ишга ташаббускор бўлган давлатимиз раҳбари ҳаққига дуо қилмоқда.

Мусобақанинг вилоят босқичида «Ҳифз» йўналишида биринчи ўринни олган қорилар ўз вилоятидаги ўрта махсус билим юртига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинадилар. Республика босқичи ғолиблари Президентимиз томонидан енгил автомобиль билан тақдирланиб, Тошкентдаги Ислом институтига ёки Бухородаги «Мир Араб» олий мадрасасига қабул қилинадилар. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан биринчи ўрин соҳибларига ота-оналари билан бирга умра зиёратига бориб келиш имконияти яратиб берилади.

Вилоятларга чиқиб, кўриб, билдикки, ­фаолиятимиз давомида кўп нарсани қўлдан бериб, кўп нарсага эътиборсиз бўлган эканмиз. Мисол учун танловнинг туман, шаҳар босқичида 5397 нафар иштирокчи рўйхатга олинди. Бу сон кўпга ўхшайдию лекин аслида жуда кам. Сабаби бизнинг диёримизда Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, ­Алишер Навоий, Аҳмад ал-Фарғоний каби бутун башариятни, Ислом дунёсини ривожланишига ҳисса қўшган улуғ авлиёлар ўтган. Улар Қуръони каримни ёдлашда, ўқишда, дарс беришда ҳадис илми, тасаввуф ёки бош­қа соҳаларни оласизми катта ютуқларга эришган, пешқадам бўлган. Бутун дунё қорилари келиб аждодларимиздан рухсат олиб кетишган. Имом ал-Бухорий, Амир Темур, ­Мирзо Улуғбек сингари боболаримиз аввал ­Қуръонни ёдлаб, кейин бошқа илмни ўрганган. ­Қуръони карим Макка-ю Мадинада нозил бўлган бўлса, тиловати Мисрда, китобати Туркияда, амали Мовароуннаҳрдадир.

Андижон ва Фарғона вилоятидан 1300, 1200 нафар атрофида иштирокчи мусобақада қатнашиш истагини билдирган бўлиб, бу кўрсаткич Республика бўйича иштирокчиларнинг ярмини ташкил қилади. Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида аҳвол бироз яхши. Лекин Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Навоий, Бухоро ва Тошкент вилоятининг айрим туманларида Қуръони карим тиловати, уни ўрганиш бўшашган. Ҳаттоки, битта тумандан бор йўғи бир нафар номзод иштирок этиш истагини билдирган.

Халқимиз мутлақо Қуръони каримдан узоқлашиб, уни эсидан чиқарибди. Айрим фуқароларимиз ҳатто бу мусобақа ҳақиқийми ёки шунчаки юзаки қилаяпсизларми, биз Қуръонларимизни йиғиштириб қўйган эдик, уйимизга олиб кирсак бўладими, зарари йўқми, деган саволларни ҳам беришяпти.

Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Уни эшитсак, эшита олсак бу улкан муваффақият, уйимизга нур киради. Бировни жонига, оиласига молига тажовуз қилинмайди. Турмуш-тарзимиз рисоладагидек бўлади. Қуръони каримни гўзал тиловат қилган одам малоикалар даражасига, пайғамбарлар мақомига кўтарилади. Шунингдек, уни ҳижжалаб, ҳарфма-ҳарф ўқисангиз моҳир қоридан икки баробор кўпроқ ажр савоб берилади. Бу Оиша онамиздан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадис.

Олдинги йиллар мадрасалардан вакилларимизни чет элга «Ҳифз» йўналиши бўйича мусобақаларга жўнатганимизда яхши ўринларга эга бўла олмас эдик. Мазкур мусобақа ор­қали биз халқ ичидан иқтидорли қориларни ҳам аниқлаб олмоқдамиз. Шунингдек, 18-25 ёшгача бўлган ёш қориларимиздан ҳам умидимиз катта. Улар келажакда дунё миқёсидаги Қуръон мусобақаларида муносиб иштирок этишига ишонамиз. Бундан ташқари кучли билимга эга қориларимизни масжидларга бириктиришни режалаштиряпмиз.

Диний идоранинг muslim.uz сайтида ўзбек, рус, араб ва инглиз тилларида мусобақага оид тезкор хабарлар, видеолавҳалар, фоторепортажлар, интервьюлар берилмоқда. Онлайн видеолар бир ой давомида бир миллион марта кўрилиб, мусобақа материаллари ҳар ҳафтада қарийб бир миллиондан ортиқ қамровга эришди.

Қуръон мусобақаси орқали биз бутун ­дунёга, бугунги кунда Ўзбекистондаги диний эркинликни кўрсатяпмиз. Эртага Ислом ­дунёси, Араб дунёси бошқа мамлакатлар бизни қилаётган ишларимизни кўриб, шунга яраша муносабатда бўлишади. Шунингдек, мазкур мусобақа натижасида жуда кўп мамлакатлар билан Қуръоний алоқа ўрнатдик. Хусусан, Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, ­Тожикистон ҳамда Араб дунёсидан биз билан ҳам беллашинг, деб қориларимизни таклиф қилишяпти.

Минг афсус, охирги 10-15 йилнинг ичида баъзи ёшларимиз диний таълимотни ўрганаман, деб динни ниқоб қилган инсонларни қўлига тушиб, йўлини йўқотиб қўйишди. Президентимиз бу йўлга билмасдан кириб, қилган ишига чин дилдан пушаймон бўлган фуқароларни авф қилди. Энди улар Қуръон ўқийман деса мар­ҳамат, масжидларга келсин қорилар билан алоқа ўрнатсин.

Мусобақанинг вилоят босқичида иштирок этаётганлар орасидаикки нафар авф қилинган юртдошларимиз ҳам бор. Бири Навоийда, иккинчиси водийда. Улар билан суҳбатлашдик, ҳаётидан мамнун, Президентимизнинг ҳақларига дуо қилишяпти. Бошқа иштирокчиларга қандай шароит яратиб берилган бўлса, уларни ҳам шу имконият билан таъминладик.

Мусобақа давомида Республикамиздаги аҳвол ойнадай равшан бўлиб қолди. Қаерда Қуръони каримни ёдлаганлар кўп, қаерда чиройли ўқиган қорилар бор, қаерда иккиси тенг яна қаердадир ҳеч қандай хизмат йўқ. Навоий, Хоразм вилоятидаги Бош имом-хатиблар Қуръондан домлаларимизга ҳам дарс беринг, дейишмоқда. Ҳатто, Қуръон таълимини домлалардан бошлаш лозим. Бундан кўриниб турибдики, Қуръони каримни ўқитиш мактабини яратишимиз керак экан. Курсларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги жомеъ масжидлар қошида имом-хатиб бошчилигида очмоқчимиз. Вилоят ва туманларимизда халқимиз ҳурмат қилиб, ортидан эргашадиган қориларимиз бор. Жорий йилги мусобақада ҳам уларнинг шогирдлари иштирок этмоқда. Биз ана шу қорилар билан ҳамкорликда ўз ҳудудидаги масжидда Қуръонга қизиққан ёшларни жалб қилиб, Қуръони карим сабоғини ташкил этишни ният қилганмиз. Кейинги йилларда бўладиган Қуръон мусобақаларига мазкур ўқувчиларни ҳам таклиф этамиз. Шунингдек, кучли қориларимизни қайси ҳудудда Қуръони карим тиловати бўшашган бўлса, ўша ерга 2-3 йиллик хизматга жўнатишни режалаштиряпмиз.

Қайси бир вилоятга борадиган бўлсак, ­халқимизни Қуръони карим тиловатлари билан уйғотяпмиз, Қуръон ўқинглар, унга амал қилинглар, дуоларингиз қабул бўлиб, юртимиз тинч бўлсин. Энг асосийси ўтганларни, улуғларимизни руҳини шод қиляпмиз. Албатта, Қуръон тириклар учун, мўмин мусулмонлар учун нозил бўлган. Пайғамбаримиз ҳар дуоларида: «Эй Роббим, менга яхшиликни бер, ҳасанадан бироқ ҳамма яхшиликни бер ва охиратда ҳам яхшиликларингдан насиб қилгин. Икки нарсани — дунёда ва охиратда яхшиликни сўрайман. Охиратда Жаннат сўраяпмиз ва қаттиқ азобдан мени асрагин. Эй роббим, бу азобингга мени гирифтор қилмагин.» Энг чиройли дуо бу Қуръоний дуодир. Агар Қуръони карим билан дуо қиладиган бўлсак, осмон эшиклари очилар экан ва дуолар Парвардигорнинг ҳузурига қабул бўлар экан.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Шаҳбоз САИДОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.