18.03.2018

БИЗ КЎКАРГАН БОҒЛАР

8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Президентимиз томонидан бир гуруҳ аёлларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида борлигим, эътибор ва эъзозга сазовор бўлганим ҳаяжони ҳали босилгани йўқ.

Шавкат Мирзиёев «Меҳнат шуҳрати» орденини менга топшираётиб «Ёзганларингизни ўқиганман, раҳмат», деганида ана шу шукроналик кўнглимдан ўтди ва бошим кўкка етди. Қилинган меҳнат ҳеч қачон ерда қолмаслигига, эртами-кечми у, албатта, эътироф этилишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Энг муҳими, ана шу ажойиб ва ғаройиб журналистика мактабини ўтаган даргоҳим — «Ўзбекистон овози» газетасидан миннатдор бўлдим.

Пенсияга чиққанимга чорак асрдан ошди. Бу сокин ва хотиржам умр йўлларимда қалам гаштини янада кучлироқ туйиш, ўз устимда кўпроқ ишлаш иштиёқи кучайди. Ижодкорнинг бахтидан ўргилай, у оёғи ердан узилгунча севган касби билан ҳамроҳ ва ҳамроз, бу касби корини имкон қадар рози қилиш даражасида ишлаш имкониятига эга бўларкан.

Пенсияга чиқиш — бу ишдан чиқиш, дегани эмас. Балки, табиат инъом этган умри азиз ва вақт деб аталмиш олтин дамлардан янада кўпроқ ва хўпроқ фойдаланиш неъматидир.

Бу мукофот ана шу даргоҳдаги меҳнатларим шарофати, деб билдим. Очиғини айтсам, қизғин ва жўшқин, қайноқ ижодий ҳаёт, самарали ижодий сафарларда чиниққан, чархланган қаламимнинг пешонасидан ўпгим келди. Газетамизнинг олтин саҳифаларига кўз нуримдан тўкилган сўзларни қайта-қайта ўқийман, соғинганим — қаҳрамонларим суратларини ичикиб томоша қиламан. Бундай дориламон дамларда сени боши берк кўчалардан олиб чиққан, ижодга, фақат ижодга даъват қилган ва бу йўлдаги ўнқир-чўнқирларда қўлингдан олган, руҳлантириб турган устозларнинг руҳи-поклари олдида тиз чўкасан.

1973 йил 10 март куни ҳозирги «Ўзбекис­тон овози» («Совет Ўзбекистони») газетасига адабий ходим бўлиб ишга келдим. Ҳар ҳафтада ўтказиладиган адабий давралардан бирида Бош муҳарриримиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, таниқли ёзувчи Мақсуд Қориев газетамизда босилган «Қайнота» сарлавҳали лавҳамдан кичкинагина парча ўқиб берди. Ундаги «... сен одамларга бир луқма нондек меҳр берсанг, у, албатта, бутун нон бўлиб қайтади...» жумласига алоҳида эътибор бериб, тўхталиб ўтди. Бундан руҳланиб кетдим. Газетанинг «ахлоқ ва тарбия» бўлимини бошқарар эдим. Бу бўлим асосан газетамиз Бош муҳаррири тасарруфида эди. Раҳбарнинг топшириғи билан кўплаб мақолалар ва очерклар ёзганман. Кунлардан бирида устоз «... энди китоб ёзишга ўтинг», деб қолди. Оддий лавҳалар, мақолалар ёзишда қийналадиган мендек оддий бир журналистнинг китоб ёзишга «тиши ўтиши»га очиғи ишонмадим. Тўғри, кейинроқ, айниқса, нафақага чиққанимдан сўнг қатор китоблар ёзишга мушарраф бўлдим. Шунда устозимни эсладим. Шогирди ўз ички имкониятларини ҳали ўзи илғаб улгурмасидан буни англаган, шогирдига ишонч билан қараган ­устознинг садағаси кетсанг арзийди.

Муҳарриримиз салобатли шахс эди. Кўзига тик қаролмасдик. Келаётганини узоқдан кўрсак, хоналаримизга тезгина кириб кетардик. У чақимчилик, бировнинг устидан шикоят қилишни ёқтирмас эди. Лекин ҳаёт ҳаётда! Баъзида ғаламис кимсаларнинг туҳмат-надоматлари жонингдан ўтиб кетган пайтлар бўлади. Иложсиз қолганларингда шу даргоҳнинг отасига дардингни айтмай, ахир кимга кўз ёш тўкасан?! Менда ҳам шундай бўлган. Муҳаррир қабулига кириб, дардимни тўкиб солсам, у мени нотўғри тушунса-чи ёки салобати босиб, гапларим ичимда қолиб кетса-чи, деган андишага бордим. Яхшиси, мактуб орқали мурожаат қилишга қарор қилдим. Ишга ҳаммадан олдин келиб, ҳаммадан кейин кетаман. Мактуб жавобини кутаман. Муҳаррир билан мулоқотга ҳушёр турибман. Лекин раҳбаримиз ҳадеганда мени йўқламади. Борган сайин ич-этимни ейман. Лекин мени бир нарса хотиржам қиларди. Мактубда ёлғон гап йўқ, ҳеч кимга туҳмат қилмаганман, фақат бор ҳақиқатни қоғозга туширганман. Ўзимнинг ҳақлигимга ишонганман. Энг муҳими, раҳбаримизнинг адолатли инсон эканига суянганман.

Вақт ўтган сайин мактубда ёзганим муаммоларнинг бирин-кетин ўз ечимини топаётганини ҳис қила бошладим. Охир-оқибат менга қарши надоматлар бошида турган шахс ишдан кетгач, муҳарриримиз котиба орқали менга бир конверт йўллабдилар. Конвертни очиб қарасам, менинг шикоят ­хатим, устига «Архивингизда сақланг», деб ёзилган устоз дастхати. Бу кўпни кўрган, кўпни билган устозимиз, ёзувчи Мақсуд Қориевнинг раҳбарлик салоҳияти эди. Бирон бир муаммони ҳал қилишда арқонни узун ташлаб, шошма-шошарликка йўл қўймай, сабр билан ишлаш услуби эди. Раҳбаримиз ижодий жамоа орасидаги айрим зиддиятлар, муносабатлардан хабари йўқ, деб нотўғри ўйлаган эканман. Аслида бу ­борада биздан ҳам кўпроқ маълумотларга эга экан, кузатиб юрар экан.

Бир танқидий мақола ёзиб бошим балога қолди. «Қаҳрамоним» муҳаррир хонасидан чиқиб келаётганини кўриб қолдим. Демак, устимдан шикоят қилиб келган. Ўша пайтдаги муҳарриримиз филология фанлари доктори, профессор Лазиз Қаюмов мени йўқламас, бу ҳақда оғиз очмас эди. Ўзим гап очдим. Шунда муҳарриримиз жилмайиб, елкамга қоқиб:

— ...Мақола босилди. Ҳужжатлар тасдиқланди. Айбдор ўз жазосини олди. Бошқаси ҳеч гап эмас. Сизни аядим, тағин илҳоми қочиб кетмасин дедим-да, дея ҳазиллашган бўлиб, кулди.

Менинг ҳам чеҳрамга табассум ёйилди. Бундай олижаноб, отамдек меҳрибон устозлар менга куч-қувват берди, раҳнамолик қилди. Уларни унутиб бўладими?! Устозларимни бугунги қувончли, дориламон кунларда эсламасам, қачон эслайман.

Яна бир танқидий мақолам шов-шувларга сабаб бўлган. Гарчи бу мақолам ўзим ишлаётган газетада эмас, бошқасида эълон қилинган бўлмасин, шу мақолам юзасидан мени муҳокама қилиш, иложи борича камчиликлар топиб, жазолаш, ҳатто ишдан четлаштириш раҳбаримизга буюрилган эди.

Ўша пайтдаги муҳарриримиз ёзувчи Ўктам Усмонов мени ижодий жамоа муҳокамасига қўйди. Муҳокама бўлишимни олдиндан сездимми, мақолани ҳам, мақола юзасидан тўпланган даста-даста ҳужжатли материалларимни ҳам ижодий жамоага ўқитиб олган эдим.

Муҳокама бошланди. Бўлим мудирлари, ижодий жамоа бирин-кетин сўз олишиб, мақола хусусида, мен ҳақимда ўз фикр-мулоҳазаларини билдира бошлашди.

Бўлим мудири Рафиқ Турсунов ўзини тутолмади:

— ...Муаллифнинг камчилиги шундаки, у ўз «қаҳрамони»ни аяброқ, хаспўшлаб ёзибди. Аслида бундай ҳаромхўр, порахўр, норасидалар ризқи-рўзини қияётган кимсаларнинг баҳридан ўтиш керак, — деди тутоқиб.

— Журналист — эркин ижодкор. Маҳмудованинг бошқа нашрда босилган мақоласини бизда муҳокама қилинаётгани журналист этикасига тўғри келмайди. Бу мақола муаллифига ҳам, мақола эълон қилинган ­нашрга ҳам ҳурматсизлик, ноқонуний деб биламан, — деди фелъетончи Усмон Юсупов. — Мақола юзасидан тўпланган ҳужжатлар билан танишиб чиқдим. Бу маълумотлардан бир танқидий мақола эмас, бир нечта фелъетон ёзиш мумкин.

— Бу журналистнинг жасорати. Уни жазолаш эмас, табриклаш керак, — деди газета бош муҳаррири ўринбосари Тўлаган Нажмиддинов.

Бош муҳарриримиз жамоага қарши боролмади. Уларга қўшилишга мажбур бўлди. Ўша пайтларда ижтимоий ҳаётимизда ошкоралик бошланаётган уйғониш даври эди. Четдан келиб, республикамизнинг партия, давлат ташкилотларидаги раҳбарлик лавозимларига ўрнашиб олганларнинг патагига қурт тушиб қолган эди. Улар кунлари тугаётганини тушуниб, чўнтакларини янада қаппайтириш илинжида халқимизни ­истаганча соғиб ичардилар. Менинг «қаҳрамоним» ҳам улар учун ана шундай соғин сигир эди. Бу мақолам юзасидан тергов бермаган куним бўлмаган. Ҳали Тошкент шаҳар партия комитети идеология секретари қабулхонасидаман, ҳали Ўзбекистон компартияси Марказий ­Комитети масъул ходими саволларига жавоб бераман. Бошимдан тегирмон тошини юрғазган амалдорлар қўлидан соғ-омон чиққанимга шукур қиламан. Сўнгги бекат — мени асраб қолган газетамизнинг ижодий жамоасига меҳр-эҳтиромим умрим бўйи поёндоз бўлсин.

Ўзбек журналистикасининг олтин даврини бошлаб берганлардан ва яратганлардан ҳисобланган қадрдон устозларимиз Зиёд Есенбоев, Мақсуд Қориев, Холбек Ёдгоров, Исмоил Сулаймонов, Аҳмад ­Исмоилов, Нўъмон Насимов, Шавкат Ниёзов, Аҳмаджон Мухторовларнинг бир жон, бир тан бўлиб ишлаганларининг гувоҳи бўлганман. Биз, ёшлар улардан нафақат ёзишни, яхши ёзишни, билиб, пухта ёзишни ўргандик. Биз, уларнинг одамийлик, кенг феъллик фазилатларидан ибрат олдик, улардек яшашга, улардек эл-юрт корига яраш, улар учун куюнишга интилдик. Ажойиб устозларимиз хотираси ҳамиша қалбимизда яшайди.

Расул Раҳмонов, Абдукарим Набихўжаев, Болтабой Юсупов, Миршароф Муҳсимов, Жўрабой Саъдуллаев, Михли Сафаров, Нарзулла Жўраев, Ҳамид Султонов, Машкура Мирзамуҳамедова, Умида Файзиева, Усмон Юсупов, Тожибой Унабоев, Эркин Хўжаев, Яхё Тўхтаев, Абдуқодир ­Ниёзов, Салоҳиддин Муҳиддинов каби елкама-елка туриб ишлаган ҳамкасбларим билан беҳад фахрланаман. Уларнинг ҳар қайсиларининг газетамиз олтин зарварақларида олтин муҳрлари бор. Бир-бирларига ўхшамаган ўз ижодий тарихлари, эсдаликлари бор.

«Ўзбекистон овози» газетаси бу йил қутлуғ ёшга тўлади. Республикамиздаги ёши улуғ, етти иқлимга довруғини таратиб, ­коинотга парвоз қилган гезатамиз билан биз, фахрийлар фахрланамиз. Тупроғини ялаганимиз бу даргоҳ биз кўкарган боғлардир. Биз суянган боғбон устозлардир.

 

Дилбар МАҲМУДОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист,

«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.



DB query error.
Please try later.