15.03.2018

Сиёсий ўқувлар: СОН ЭМАС, СИФАТ КЕРАК

Нилуфар ЮЛДАШЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:

— Фуқаролар ўз ҳуқуқлари ва бурч­ларини чуқур ҳис қилиши фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ЎзХДП тизимида ушбу масалага бағишланган ўқув семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Бугун давр олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда. Айниқса, 2017 йил 12 июлда Олий Мажлисда ўтказилган видео­селектор йиғилиши сиёсий партиялар фаолиятида туб бурилиш ясаш вақти аллақачон келганини кўрсатди. Бу борада партиямиз Марказий Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилиниб, ҳар бир йўналишдаги фаолиятимиз танқидий таҳлил этилди, янги ғоя ва ташаббусларни ўз ичига олган йўл хариталари ишлаб чиқилди.

Хусусан, сиёсий-маърифат тизимини янгилаш, тарғибот-ташвиқот ишларини сифат жиҳатдан кучайтириш, ўқув-семинарлар самарадорлигини янада ошириш борасида қатор вазифалар белгилаб олинди.

Бугунги кунга келиб, партия тизимидаги ўқувлар қай даражада амалга оширилмоқда? Тарғибот тадбирлари ўзини оқлаяптими? Биз ана шу саволлар устида жиддий бош қотирмоғимиз керак.

Партиямиз Марказий Кенгашидан тортиб, бошланғич партия ташкилотларига қадар ўтказилаётган сиёсий ўқувларни таҳлил қилганимизда уларнинг самарадорлиги пастлиги аён бўлмоқда.

Камчиликлар нималарда кўзга ташлан­япти?

Биринчидан, ўтказилаётган сиёсий ўқувлар фақатгина семинарлар шаклида ёки давра суҳбати шаклида бўлиб, замонавий технологиялардан унумли фойдаланилмайди. Масалан, ўтган йил давомида партия Марказий Кенгаши, ­Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда йирик бош­ланғич партия ташкилотларида 21 минг ўқув семинар ўтказилган. Аммо аксарият бошланғич ташкилотларимизда ўқувлар номига ташкил этиляпти.

Иккинчидан, аудитория иштирокчиларини тўплаш масаласида жиддий муаммолар мавжуд. Ахборот асрида барча фуқаролар (у партия ходими бўладими ёки бошқа касб эгаси бўладими) жамиятдаги ўзгаришларни, бўлаётган янгиликларни тезкор интернет, телевидение, умуман, ОАВ орқали танишиб чиқиш имконига эга. Биз бундай пайтда ким билан ишлашни аниқ билишимиз керак. Ўқувларда ҳар доим бир хил одамлар қатнашишига чек қўйишимиз зарур.

Учинчидан, ўқувларни ташкил этишда босқичма-босқич тамойили, яъни марказий, минтақавий, маҳаллий ва БПТ тизими ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Партия тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш масаланинг бир томони бўлса, бошқа томондан биз ўқувлар орқали янги фаолларни кашф этишимиз керак. Бошқача айт­ганда, ўқувлар орқали хайрихоҳларимиз сафини кенгайтиришимиз мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Шундан келиб чиқиб, сиёсий ўқувларимизни тубдан ислоҳ қилиш, тадбирларни ўтказишда инновацион, янгича ёндашувлар асосида қуйидаги тартибда такомиллаштирилиши мақсадга мувофиқ бўлади:

— энг яхши тажрибаларни амалиётга ­оммалаштириш, халқаро инновацион тажрибаларни мафкура йўналишига татбиқ этиш;

тарғибот ишларида бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, айниқса, маҳаллалар билан ҳамкорликни кучайтириш;

— партия дастурий мақсадларини тарғиб қилишда замонавий форматлардаги слайдлар, тарқатма материаллар, ижтимоий тармоқ воситаларидан унумли фойдаланиш;

ўқувлар мониторингини олиб бориш, ҳар ойда уларни таҳлил қилиш ва шу асосда камчиликларни тўлдириш.

Бундан ташқари, партиямиз тизимидаги тағиботчилар гуруҳлари фаолиятини ҳам изчил такомиллаштириш талаб этилади. Бу жараёнда Миллий ғоя ва мафкура илмий-­амалий маркази, Маънавият ва маърифат маркази, Олимлар ассоциацияси, Ёшлар иттифоқи каби ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз керак бўлади.

Сиёсий ўқув партиянинг муҳим тарғибот воситаси эканини унутмаслигимиз, ўтказилаётган тадбирларнинг сонига эмас, сифатига эътибор қаратишимиз, бугун бу масала ҳар қачонгидан муҳим бўлиб турганини ҳисобга олишимиз зарур.



DB query error.
Please try later.