13.03.2018

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ:

қонунга ўзгартириш киритиш зарур

Улуғбек ВАФОЕВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Парламент ва сиёсий партиялар вакиллари иштирокида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан ўтган йили жойларда олиб борилган ўрганиш натижалари сиёсий партияларнинг моддий-техник базаси ночор ҳолда эканлиги, ушбу ҳолатни яхшилаш учун катта маблағ талаб этилишини кўрсатди.

Маълумки, сиёсий партиялар қонунчиликка асосан аъзолик бадаллари, тадбиркорлик фаолияти, хайрия ёрдамлари ҳамда Ўзбекис­тон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиб келинмоқда. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда сиёсий партияларнинг молиялаштириш манбаларидаги асосий улушни, яъни 70-90 фоизни Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ташкил қилмоқда. Уларнинг катта қисми партия ходимларининг иш ҳақи харажатларига сарфланади.

Давлат бюджетидан сиёсий партияларга маблағлар ажратиш «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонун ҳамда «Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисида низом»га асосан амалга ошириб келинмоқда.

Мазкур Қонуннинг 7-моддаси иккинчи қисмида «Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик ҳажми шу маблағларни ажратиш мўлжалланаётган йилдан олдинги йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра белгиланган энг кам иш ҳақининг икки фоизини Қонунчилик палатасига ўтказилган охирги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонига кўпайтмаси миқдорида шакллантирилади», деб кўрсатилган. Яъни, сиёсий партияларни молиялаштириш учун бир йил олдинги энг кам иш ҳақи асос қилиб олинмоқда. Ушбу ҳолат партияларнинг иш ҳақи харажатлари ва уларга Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ўртасида номутаносибликни келтириб чиқармоқда.

Бу муаммони бартараф этиш, сиёсий партияларга Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар миқдорини ошириш мақсадида «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига сиёсий партияларни молиялаштириш учун жорий йилдаги энг кам иш ҳақини асос қилиб олишни назарда тутадиган ўзгартириш киритиш керак, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, ушбу модданинг учинчи қисмида «...давлат маблағларини Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда Адлия вазирлиги Қонунчилик палатасига охирги сайловнинг Марказий сайлов комиссияси томонидан аниқланган натижалари асосида сиёсий пар­тиялар ўртасида уларнинг Қонунчилик палатасида олган депутатлик ўринлари миқдорига мутаносиб равишда тақсимлайди», деб кўрсатилган.

Бироқ Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган «Сиё­сий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисида низом»да сайловдан кейин депутатлар сони ўзгарганда, маблағларни сиёсий партиялар ўртасида қайта тақсимлаш, яъни муайян сиёсий партияга ажратиладиган маблағлар миқдорини камайтириш ёки кўпайтириш белгиланган.

Биринчидан, ушбу ҳолат қо­нунга зид бўлиб, маблағлар Қонунчилик палатасига охирги сайловнинг Марказий сайлов комиссияси томонидан аниқланган натижалари асосида тақсимланиши керак.

Иккинчидан, депутатлар масъ­ул вазифаларга тайинланиши натижасида уларни номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия­ларга ажратиладиган маблағнинг камайтирилиши мантиққа тўғри келмайди. Бундай ҳолат депутатларни юқори лавозимларга тавсия қилиш бўйича сиё­сий партияларнинг манфаатдорлигини камайтиради.

Учинчидан, фаолияти талабга жавоб бермайдиган депутатларнинг қонунга мувофиқ чақириб олиниши натижасида сиёсий партияларга ажратиладиган маблағнинг камайтирилиши ўзини оқламайди. Чунки молиявий жиҳатдан зарар кўрмаслик учун партиялар бундай депутатлар билан муроса қилиш позициясига ўтиши мумкин бўлади.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш учун «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси учинчи қисмига тегишли ўзгартириш киритиш, яъни кейинги даврларда депутатлар сони ўзгаришидан қатъи назар, тегишли маблағлар сиёсий пар­тия­лар ўртасида сайловда Қонунчилик палатасида қўлга киритган ўрнига мутаносиб равишда тақсимланишини аниқ белгилаб қўйиш, шу орқали қонун устуворлиги тамойилини таъминлаш мақсадга мувофиқ бўлади.



DB query error.
Please try later.