11.03.2018

ҲАР БИР БИТИРУВЧИ ТАНЛАГАН СОҲАСИ БЎЙИЧА ЎЗ БИЗНЕС РЕЖАСИГА ЭГА

Тошкент давлат аграр университети битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга тақсимлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида «Каръера куни» ярмаркаси ташкил этилди.

Унда вазирлик тасарруфидаги Илмий ишлаб чиқариш маркази ва унинг таркибидаги Илмий тадқиқот институтлари, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят бошқармалари, «Ўздонмаҳсулот», «Ўзпахтасаноат» акциядорлик компаниялари, «Ўзёғмойсаноат», «Насл-хизмат» уюшмалари ва бошқа тегишли ташкилотлар мутасадди вакиллари иштирок этди.

Университет ректори, академик Ботир ­Сулаймонов тадбирни очаркан, кун тартибидаги масаланинг аҳамияти ҳақида тўхталди. Сўнгра Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Кадрлар ва олий таълим муассасалари бош­қармаси бошлиғи Эшмирза ­Абдуалимов соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди:

— Ушбу тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 апрелдаги Республика олий таълим муассасаларини тамомлайдиган битирувчиларни ташкилот, муассаса ва корхоналарнинг эҳтиёжлари асосида ишга тақсимлаш, жойлаштириш ва бандлиги мониторингини самарали ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасига кўра ўтказилмоқда. Хабарингиз бор, бу борада мувофиқлаштириш кенгаши ташкил этилди, йўл харитаси тузилди.

Ҳозирги даврда бутун дунёда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви кузатилмоқда. Ундан четда қолган жамият ютқазади, тараққиётдан орқада қолади. Бу жараён қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам таълим йўналишларини ўзгартиришни тақозо қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда 12 янги таълим йўналишлари, факультет ва кафедралар ташкил этилди.

Вилоятларда минглаб лойиҳалар амалиётга жорий этилмоқда, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган энг замонавий ускуналар олиб келиниб, деярли барча ишлар компьютер дастурлари орқали амалга оширилаётир. Буларни ким бажаради? Албатта, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган иқтидорли мутахассислар. «Каръера ­куни»га келган агросаноат мажмуасига кирувчи тизим ва идоралар вакиллари томонидан факультетларда устоз-шогирд ананаси асосида битирувчилар билан ўтказилган суҳбат асносида уларнинг қаерда дипломолди амалиётини ўтказиши қатъий белгиланади ва ҳар бир талаба ўқишни битирганидан кейин тўппа-тўғри ўша ташкилотга ишга қабул қилинади.

— Биз бу ишни кеча ёки бугун бошлаганимиз йўқ, — деди университет ректори, академик Ботир Сулаймонов. — Университетнинг 7 факультет ҳамда магистратура бўлимида 2017-2018 ўқув йилида 16 та бакалавриат таълим йўналишлари бўйича талабаларнинг 1354 нафари, магистратурани 97 нафари битириб чиқади. Биз бундан 4 йил аввал ҳар бир иш берувчи билан келишган ҳолда 1-курсга қабул қилинган талабалар таълим йўналишлари учун дастур тайёрлаганмиз ва улар шу асосда таҳсил олди. Талабаларнинг қайси вилоят, қайси тумандан экани ҳам ҳисобга олинган. Натижада ҳар бир талаба ўз соҳасига қараб ишлаб чиқариш амалиётини ўша вилоят, тумандаги иш берувчи ташкилотда ўтказди. Бугунги тадбирга келган кўпгина иш берувчилар қайси талаба қандай ишни эплаб кетишигача билади. Ўқишни битираётган бирорта талабада: «Ҳа, энди, икки ойдан кейин диплом оламан, кейин бирорта иш топилар-да!», деган кайфият умуман йўқ.

Бундан ташқари, хорижий олий таълим муассасалари билан алмашув дастурлари доирасида ҳар йили талабаларимиз Челябинск агромуҳандислик академияси ва Бавария дех­қонлар уюшмасида ҳам амалиёт ўтаяпти.

Бундан буён ҳар бир битирувчи танлаган соҳасидан келиб чиққан ҳолда, ўз бизнес режасига эга бўлади. Чунки инновацион ғояларсиз энди ривожланиш бўлмайди, давлатимиз раҳбари ҳам бу фикрни қайта-қайта такрорлаяпти. Президентимиз Қашқадарё вилоятида бўлганида, лимончилик билан шуғулланаётган бир йигит билан учрашди. У ҳам бизнинг аграр университетимизда таҳсил олган кадр. Ўша йигит кам маблағ сарфлаб, катта даромад олаётгани ҳақидаги инновацион ғояларини қандай қилиб амалиётга татбиқ этгани, тажрибаларини гапириб берди, яратган иш ўринларини кўрсатди.

Президентимизнинг ҳар бир маҳаллада ўсимликлар клиникасини очиш ҳақидаги ғоясига ҳам эътибор қаратайлик. Бу қанақа клиника? Қаранг, ҳар бир хонадонда бир нечтадан бўлса ҳам, турли хил мевали дарахтлар бор, тўғрими? Ана шу дарахтга қурт тушмаслиги учун ўсимликлар клиникаси уни маълум вақтда дорилаши керак. Чунки бунга хонадон соҳибининг вақти бўлмаслиги мумкин. Битта Термиз туманида ана шу амалиёт йўлга қўйилгани туфайли 200-250 нафар одам иш билан таъминланибди. Буни мамлакат миқёсида ташкил қиладиган бўлсак, шунинг ўзидан уч минг­дан зиёд ишчи ўрни яратилади.

— Мен Самарқанд вилоятидан келдим, — дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги ­бошқармаси кадрлар бўлими мудири Илёс Еткиров. — Тошкент аграр университетини бу йил 18 йўналиш бўйича 29 нафар самарқандлик талаба битираяпти. Улар 2-курс­да ўқиётган пайтида вилоят туманларида ўз соҳаси бўйича меҳнат амалиётини ўтаган. Бугун 14 ташкилот ўз йўналиши бўйича улар билан меҳнат шартномаси тузади.

— Мен агрономия факультетининг 4-курс талабасиман, — дейди сурхондарёлик ­Мафтуна Бойтўраева. — 2-курсда вилоят биолабораториясида, 3-курсда Республика «Ўздавуруғназорат» марказида икки ойлик амалиёт ўтказдим. Менга, айниқса, ушбу марказнинг синов лабораториясида олим ва мутахассислар томонидан яратилаётган янги ўсимлик навлари устида ўтказилаётган илмий тадқиқотлар жуда маъқул бўлди. Диплом ишим ҳам ана шу мавзуга бағишланган. Ўқишни битириб, ўсимликларнинг янги-янги навларини яратиш йўлида илмий изланишлар олиб боришни ният қилганман.

«Каръера куни» ярмаркасининг иккинчи ярмида қишлоқ хўжалиги, саноат, сервис, хизмат кўрсатиш, олий ва ўрта махсус таълим ва бошқа соҳалардаги бўш иш ўринларига битирувчилар ва иш берувчилар ўртасида шартномалар имзоланди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.