Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
11.03.2018

ДЕПУТАТЛАР ВА МАСЪУЛЛАРДА ТАШАББУСКОРЛИК ЕТИШМАЯПТИ

Термизда Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгашининг VIII пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ХДП вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари масъуллари, партия гуруҳлари аъзолари, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳамда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши ва партия гуруҳларининг иштирокини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

— Галдаги устувор вазифаларни амалга ошириш ҳар биримизнинг фаолиятимиз мезонига айланиши шарт, — дейди Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Мавжуда Ҳасанова. — Бу борада воҳада муайян ишлар амалга оширилаётганини таъкидламоқчиман. Жумладан, бандликни таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, кексалар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, одамларни қийнаётган масалаларни бартараф қилиш борасида амалий чоралар кўрилаяпти. «Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш — бурчимиз» лойиҳаси доирасида Ангор, Музработ, Термиз, Шўрчи, Қизириқ ва бошқа туманларда истиқомат қилувчи 40 нафарга яқин электоратимиз вакилига ногиронлик аравачаси ҳамда эшитиш мосламалари берилди. Термиз шаҳри ва Узун туманларида яшовчи 25 нафар ногиронлиги бўлган шахсга партия гуруҳлари ташаббуси билан дори-дармон тарқатилди. «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари» мавзуидаги тадбирлар 3 минг 500 дан ортиқ хотин-қизларни қамраб олди ва 300 нафардан ортиқ аёлларнинг бандлиги таъминланди. Шу билан бир қаторда, коллеж битирувчилари бўлган 85 нафар қизга кредит олишга амалий ёрдам кўрсатилиб, 120 нафарга яқин ташаббускор аёлларимиз оилавий тадбиркорлик ва касаначиликка жалб қилинди.

— Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугун электоратимиз вакилларини коммунал, бандлик, уй-жой олиш, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги муаммолар қийнамоқда, — дейди халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Чори Жумақулов. — Долзарб масалаларни ўрганиш ва уларнинг ечими борасида вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига 38 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига 345 та депутатлик сўрови юборилиб, ҳозиргача уларнинг 212 таси ёки 61,4 фоизи ижобий ечим топган.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган пленумда қўлга киритилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини талаб даражасида ташкил қилиш давр талаби экани алоҳида таъкидланди.

Пленумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов қатнашди ва сўзга чиқди.

— Энди қуруқ ваъдалар билан электорат вакилларини алдаб бўлмайди, — деди партиямиз етакчиси. — Мудроқликка барҳам бериб, амалий ишга ўтадиган вақт келди. Давр шиддат билан ривожланаётган экан, ҳар биримиз шунга монанд иш юритишимиз талаб қилинади. Бу борада Шеробод, Музработ, Ангор ва Бойсун туманларида талай камчиликлар кўзга ташланмоқда. Депутатлар ва масъулларда ташаббускорлик етишмаяпти. Ёшларни партия сафига жалб қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Жамоатчилик қабулхоналари номига иш юритаяпти. Қисқа даврда 2 нафар туман кенгаши раиси эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган бўлса, 7 нафар масъулга «ҳайфсан» интизомий жазо чораси кўрилганини қандай баҳолаш мумкин? Халқ депутатлари Денов, Жарқўр­ғон, Шеробод туманлари Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари аъзолари Тўхтамурод ­Ғаниев, Ўғилой Пўлатова, ­Ботир­жон Жабборов, Чори ­Раҳмоновларнинг партия ташкилотлари билан алоқани узиб қўйгани таассуфли эмасми?..

— Аҳолининг турмуш даражасини ошириш бурч ва вазифа эканлигини унутмаслигимиз керак, — дейди халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзоси Бахтиёр Аҳроров. — Бунинг учун аввало одамларнинг дунёқараши, онги-шуури, тафаккури ва ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик туйғусини кучайтиришимиз керак. Хўш, биз, депутатлар бугун шунга монанд фаолият кўрсата олаяпмизми? Афсуски, йўқ! Пленумда йўл қўйилаётган камчиликлар рўйи-рост айтилди. Уларни бартараф этиш учун ҳозироқ амалий ишга киришмасак, эртага кеч бўлиши мумкин.

— Турли самарасиз мажлис ва йиғилишлардан воз кечиш вақти келди, деб ўйлайман, — деди Ўзбекистон Қаҳрамони Юсуф Зиёев. — Олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда амалий семинарлар, давра суҳбатлари ташкил қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Пленумда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.