08.03.2018

ЎЗБЕК ВА ТОЖИК ХАЛҚЛАРИНИ

ягона тарих, муштарак мақсад, буюк келажак боғлаб турибди

Тожикистон Миллий университети ректори, академик Муҳаммадюсуф ИМОМЗОДА билан суҳбат.

 

— Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатлари қандай тарихий омилларга таянади, деб ўйлайсиз?

— Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик тарихга эга. Ҳақли равишда қайд этиш зарурки, халқларимиз Марказий Осиё халқлари орасида бир-бири билан энг яқин ҳисобланади. Бунинг тасдиғини нафақат тарихий-илмий тадқиқотлардан излаш керак, балки урф-одатларимизнинг бир хиллиги ҳам кўрсатиб турибди. Ўз даврида атоқли тожик олими Зариф ­Ражабов «Марказий Осиёда энг яқин алоқалар тожик ва ўзбеклар ўртасида ўрнатилган. Улар бир хил кийим кийишган, бир хил таомлар тайёрлашган, қиз олиб, қиз берган, қариндош бўлган. Урф-одатлари ҳам икки томчи сув каби бир-бирига ўхшашдир», деб таъкидлаган эди.

Ўзбек ва тожик халқларини умумий тарих, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, ўхшаш анъаналар бирлаштириб туради.

Менинг назаримда, халқларимизнинг яқинлигига улуғ сўз санъаткорлари ­Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик таг замин вазифасини ўтайди. Маълумки, ­Абдураҳмон Жомийнинг кўрсатган йўл-йўриқ ва маслаҳатлари туфайли Алишер Навоий ўзбек ва тожик классик адабиётининг даҳоларидан бирига айланди. ­Устоз Жомийнинг вазир шогирди ­Навоийга юборган мактуби бизни ҳайратга солади. Жомий ундан Хўжа Аҳрор Валининг фарзандларини ўз қарамоғига олишни сўраган. Устозининг илтимоси Навоий учун жуда муҳим бўлган ва у албатта буни бажарган.

— Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши халқларимиз ҳаётига қандай таъсир кўрсатади?

— Икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашиши, биринчи навбатда, оддий одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади. Бунинг тасдиғи сифатида назорат пунктларининг очилиши, давлатларимиз ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши халқларимиз томонидан қувонч билан кутиб олинганини айтмоқчиман.

Ҳар бир янгилик мамлакатимиз фуқаролари томонидан мамнуният билан қабул қилинаяпти. Бу тушунарли, албатта. Чунки бу ҳолатда нафақат икки давлатнинг барқарор ривожланиши ва бутун минтақада хавфсизлик тўғрисида, балки қардош халқларнинг ҳиссиётлари ҳақида гап кетмоқда. Мамлакатларимиз раҳбарларининг оқилона сиёсати ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлларини топишга, яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш ва янада мустаҳкамлашга имкон беради.

Бу нафақат Тожикистон ва Ўзбекистон учун, балки бутун минтақа учун тарихий воқеадир. Ва бу ерда, сўзсиз, икки мамлакат раҳбарлари — Имомали ­Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг улкан хизматларини алоҳида таъкидлаш керак. Тажрибадан маълумки, Президентлар ўртасидаги дўстона муносабат мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яқинлик, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий омилидир.

Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив мулоқот, мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ҳамфикрликка асосланган бўлиб, бу кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга янги туртки беради, деб ишонаман.

Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи катта тарихий воқеа бўлиши айтилмоқда. Сиз бу ташрифдан нималарни кутаяпсиз?

— Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифидан сўнг тожик-ўзбек муносабатларида янги давр бошланишига ишонаман. Ташриф доирасида барча соҳаларда яқин ҳамкорликни тартибга соладиган бир қатор муҳим шартномалар тузилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат ­Мирзиёев нутқларининг бирида: 20 йиллик қалин муз эритилиши керак. Шундан сўнг конструктив қўшничилик муносабатларини тикласа бўлади. Бу вақт талаб этади, бу эса осон эмас, — деб айтган эди. Ҳозир биз бу йўлда дастлабки қадамлар ташлаганимизни мамнуният билан қайд этмоқдамиз, энди Душанбе ва Тошкент ҳар томонлама ҳамкорлик учун қулай замин яратиш юзасидан бир қатор механизмлар ва воситаларни ишлаб чиқишлари керак. Масалан, ҳукуматлар ва ташқи ишлар вазирликлари даражасида доимий фаолият юритувчи комиссияни ташкил этиш фикри мавжуд. Бу ерда икки мамлакатнинг оқсоқоллари, жамоатчилик, экспертлар ўртасида мунтазам йиғилишлар ўтказиш бўйича билдирилаётган таклиф ўринлидир.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта салоҳият мавжуд. Кўп асрлик ва яхши қўшничилик муносабатларидан фойдаланиб, икки давлат ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт ва коммуникация алоқаларини жадаллаштириш, қўшма маданий ва спорт тадбирларини мунтазам ўтказиш керак.

— Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий билан суҳбат уюштирилди. Унда ­Шавкат Мирзиёев олиб бораётган оқилона сиёсат туфайли минтақада катта ўзгаришлар юз бераётгани алоҳида таъкидланган. Ушбу фикрга муносабатингиз қандай?

— Бу жуда тўғри ва юксак эътироф. Кейинги вақтларда Ўзбекистон Президентининг минтақавий фаоллиги сезиларли ортиши кузатилмоқда. Шавкат Мирзиёев қисқа вақт ичида Туркманистон, Қозоғис­тон ва Қирғизистонга ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан самарали ва самимий дўстона муносабатларни ўрнатмоқда. Назаримда, унинг ташаббуси минтақадаги барча давлат раҳбарларини бирлаштиришга, интеграция жараёнлари учун янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.

— Тожикистон Миллий университети тўғрисида ҳам маълумот берсангиз?

— Тожикистон Республикасининг энг йирик олий ўқув юрти бўлган Тожикистон Миллий университетига 1947 йилда асос солинган. Бугунги кунгача ушбу даргоҳда 112 мингдан ортиқ мутахассис тайёрланган.

Университетимиздаги 19 факультетда 105 йўналишда 24 мингга яқин талаба, аспирант, докторант таълим олмоқда.

Талабалар ва ўқитувчилар ихтиёрида замонавий мультимедиа ускуналари, лингафон, компьютер синфлари, интернет-заллари мавжуд.

Тожикистон Миллий университети Тожикистоннинг етакчи илмий маркази бўлиб, унинг таркибида йирик илмий мактаблар, фундаментал ва амалий фанлар соҳасида номдор олимлар ­фаолият кўрсатган.

Бугунги кунда ҳам университет асосий инновацион марказ бўлиб қолмоқда. Бу даргоҳда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар Тожикистоннинг кўплаб компания ва саноат корхоналари билан ҳамкорлик қилиб, янги технологияларни ривожлантиришга қаратилган изланишлар олиб бормоқда. Инновация соҳасида университетимиз Тожикистон Республикаси ҳукуматининг мақсадли дастурлари ва лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.

Университет тизимида 117 кафедра, илмий-тадқиқот институти, 112 илмий-тадқиқот лабораторияси, музей, 1 миллиондан ортиқ фондга эга кутубхона, 12 миллион рақамли интернет манбага кириш мумкин бўлган электрон кутубхона, технопарк, тил ўрганиш маркази, Конфуций маданий-маърифий маркази, «Русский мир» маркази, Ҳиндистон ва Покистон маданий марказлари мавжуд.

Буюк Хуросон ва Мовароуннаҳр каби машҳур ва бой бизнинг диёримиз дунёга кўплаб олимлар, шоирлар, мутафаккирлар ва мураббийларни берган. Хоразмий, Фаробий, Ибн Сино, Беруний, Абу ­Маҳмуд Хўжандий каби кўплаб бобокалонларимиз инсониятнинг энг буюк олимлари қаторида эътироф этилган.

Бу мутафаккирларнинг вориси бўлиш бугунги ёш авлод зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Улуғ алломаларимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш, асарларини қайта чоп этиш энг муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бизнинг умумий тарихимиз мавжуд ва бу билан биз нафақат фахрланамиз, балки унга муносиб бўлишимиз керак.

— Тожикистон Миллий университети билан Ўзбекистоннинг энг қадимий илм-фан даргоҳларидан бири бўлган, Улуғбек мадрасасининг вориси ҳисобланадиган Самарқанд давлат университети ўртасида ­илмий ҳамкорлик йўлга қўйилганми?

— Улуғбек ҳукмронлиги даврида Самарқанд жаҳон илм-фани марказларидан бири ҳисобланган. XV асрда асос солинган Улуғбек мадрасаси қисқа вақт ичида дунёнинг етакчи олимларини ўзида жамлаган. Бу қутлуғ даргоҳ ­Абдураҳмон Жомий, Мир Алишер ­Навоий, Қозизода Румий, Хожа Аҳрор Вали ва бошқа кўпгина олим ва мутафаккирлар номлари ила янада машҳур. Биз Самар­қанд давлат университетида таълим олиб, Тожикистон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган Муҳаммад Осимий, Ғани Абдулло, Ҳабиб ­Юсуфий, академик Муҳаммад Нарзиқулов каби олимларимиз билан ҳақли равишда фахр­ланамиз. Тожикистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетининг илмий ва маърифий алоқалари университет ташкил этилган кундан бошлаб амалга ошириб келинмоқда. СамДУнинг ўнлаб битирувчилари университетимизда ишлаб, тожик илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Шу ўринда Тожикистон Миллий университетида ўқиб, илмий изланишлар олиб бориб, номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган машҳур адабиётшунос, тожик адабиёти тан­қидини ўрганишга улкан ҳисса қўшган Самарқанд давлат университети тожик тили ва адабиёти кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор, Тожикистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ижодкор Жумақул ­Ҳамроев номини алоҳида айтиб ўтиш ўринли.

— Ўзбекистонда сизни машҳур олим, академик сифатида яхши билишади. Илмий ишларингиз тўғрисида ҳам гапириб берсангиз.

— Тақдир мени буюк олимлар Соҳиб Табаров, Раҳим Мусулмонқулов Ҳусенжон Шарифзода, Худойназар Асозода сингари улуғ олимлар, ажойиб инсонларга рўбарў қилди. Уларнинг кўрсатган эътибор ва ғамхўрликлари туфайли ҳаётда катта муваффақиятларга эришдим.

1990 йилда ТРФА академиги ­Муҳаммаджон Шакурий раҳбарлигида «Садриддин Айний прозасида портретни ташкил этиш санъати» мавзусида номзодлик ишимни ёқладим, 2002 йилда «Садриддин Айний прозасида ижодий фикрлаш ва поэтика» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилдим.

Илмий изланишларим 200 дан ортиқ мақола, 40 дан ортиқ илмий маърузаларда ўз ифодасини топган, тожик, рус, инглиз тилларида чоп этилган. Бу ишларда поэтика, адабий мактаб шаклланиши жараёни, тожик адабиёти намоян­даларининг ёзишмалари мисолларида адабий ҳақиқат, тожик адабиёти билан Ўрта Осиё халқлари адабиётининг ўзаро боғлиқлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Фаолиятимдаги яна бир йўналиш — бу жадид адабиёти намояндалари Айний ва Фитрат ижоди тадқиқидир. Бу борада ҳам қатор изланишлар олиб бордим. Мус­тақилликдан сўнгги замонавий тожик адабиётининг ривожи масаласи ҳам диққат марказимда бўлиб келмоқда.

Камтарона хизматларим Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон томонидан «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

— «Ўзбекистон овози» газетаси ўқувчиларига тилакларингиз?

— Бундай катта тарихга эга бўлган нуфузли нашрлар минтақада саноқли, албатта. Газета ходимларига машаққатли ва шарафли фаолиятида катта муваффақият, баланд парвозлар тилайман. Фурсатдан фойдаланиб, газетангиз орқали ўзбек халқини Наврўзи олам билан қутлайман, тинчлик-омонлик, бахт-саодат доимо ҳамроҳингиз бўлсин.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.