08.03.2018

БАҲОР ҚАЕРДАН БОШЛАНАДИ?

Бадеҳа

Бир ёруғлик, кўклам либосидаги бир нур ўзига ром этиб оғушига чорлай бошлайди. Мудроқ ҳисларинг узра умид чечакларини сочади. Руҳинг шабнамларга чайилиб, муаттар тонгларинг отади. Ёдингга, кўнглингга, вужудингга тўрғайлар қўшиғини солади... Ўйлаб қоласан, баҳор қаердан бошланар экан-а?..

Дейдиларки, баҳор бошланар,

Жилғаларнинг шўх кулгусидан,

Бойчечакнинг табассуми-ю

Куртакларнинг туғилгусидан.

Дейдиларки, келади баҳор,

Тоғлар ошиб, адирлар ошиб,

Ялпизларнинг бўйлари билан,

Шаббоданинг куйидай шошиб.

Дейдиларки, умид қил, маъшуқ,

Жамбил бўйли кунлар келади.

Қучоғида бир дунё сирлар,

Кўнгли ғунча тунлар келади.

Дейдиларки... Йўқ, ундай эмас,

Бу сўзларнинг бариси бекор!

Ишққа ташна, яшилликка ўч,

Юрагимдан бошланар баҳор!

Жуда қизиқ, негадир одам баҳорни соғиниб-соғиниб кутади. Шундай соғинади-ки, гўё ёрни соғингандай. Онасини соғинган бола каби талпинади. Юраклари ўртаниб, ҳайратлари ҳапқириб соғинади. Гўё баҳор келса унинг ҳамма иши битадигандай, ташвишлари чекиниб, муродига етадигандай. Баҳор келиши билан инсон умрига, ҳаётига файз, мазмун кирадигандай туюлади. Балки инсон феълидаги ёшаришга, яшнашга, қайта яшашга бўлган мойиллик шундай соғинчга олиб келар. Балки шунинг учун ҳам баҳорни соғинармиз.

Баҳор, сени соғиндим, хаёлларим сен ўзинг,

Тушларимда кўра- кўра, кутганларим сен ўзинг,

Тонгда туриб изларингни излаганим сен ўзинг,

Баҳоргинам, кела қолгин, дилдан армонлар кетгай,

Бағримга сен кира қолгин, ҳижрон достони битгай.

Эй, азизлар! Энди мен тутқун эмасман, озод руҳман, ҳеч нарса тутиб қололмайди мени энди, на зеби-зийнат, на молу матоҳ. Менинг бу дунёдаги дунём — кўклам. Майсаларнинг шивирин эшитяпсизми? Қаранг, юлдузларнинг сирли имосини, гуллаш базми, яралиш назмини. Фалак сарбозларининг ғолиб қаҳ-қаҳаларини тинглаяпсизми? Тангрим, кўклам айвонига мени қалдирғоч қил! Мени мен истаганлар томонга парвоз қилишимга куч бер, қанот бер.

Кетаман, мени зор кутганлар томон,

Гул баргин тўшаган ўрикзорларга.

Топширдим, ўрнимга йиғласин осмон,

Тишимнинг оқига интизорларга, кетаман...

Сени билмадиму, мен бошқа чидолмайман. Соғинч, ҳижрон одамни ўлдиради десалар, сен ҳам ишон, агар тирикликка ишонсанг, ишон! Менинг ҳолим балки сенга ёлғондир, аммо, Ўзига чин. Келдингми, ниҳоят келдингми, жонпарвар баҳорим!.. Сени жуда соғиндим. Шундай соғиндим-ки, ҳолим қолмади...

Келсанг, келгин, ёки хайр -хўш,

Томоғимда йиғлайди бир қуш.

Чақмоқ бўлсанг, осмонингдан туш,

Соғинмоққа ҳолим қолмади.

Яёв десанг дунё кезарман,

Даштларингни гулгун безарман.

Қоқи гулдай сенсиз тўзарман.

Соғинмоққа ҳолим қолмади...

Болалигим бобомнинг катта боғида ўтган. Қайси дарахт қачон гуллайди, қачон пишади, қайси дарахтнинг қайси шохида ўтирса ёки ҳалинчак қилиб учса бўлади, ҳаммасини беш қўлдай билардим. Дарахтма-дарахт, шохма-шох сакраб юриб, болаликнинг гаштини сурганмиз. Аммо, ақлимни танибманки, бир савол мени қийнайди. Эсимда, эрта пишар ўригимиз бўларди. Бу дарахтни мен ўзимники қилиб олгандим. Чунки, куртаклар ғўрага кириши билан бир этак териб олиб, мактабга олиб бориб ўртоқларимга улашар, ҳамманикидан биринчи бўлиб бизнинг ўригимиз довучча тугганини суюнчилардим. Кунларнинг бирида ўша ўригимиз эндигина довучча бўлаётган пайт­да қалин қор ёғди. Лекин бир икки кунда эриб кетди. Аммо, ёдимдан ҳеч чиқмайдиган бир ҳодиса содир бўлди. Не кўз билан кўрайки, ҳали гулидан ажрамаган довуччалар ер билан бир бўлиб, лойга беланиб ётарди. Уларнинг бир ҳовучини териб олиб, онамнинг олдига олиб бордим. «Энди нима бўлади, онажон?», деб йиғлаб юборганим эсимда. «Худонинг иши, болам, Худонинг иши. Бизга яраша ризқимиз ҳам қолгандир ўригингда», дедилар онам мени юпатиб. Мана ўша хотирамнинг излари...

Ўрик гулларига балолар ёғди,

Боласин вабога олдирган она.

Куртаклар чирқирар, куртаклар ёнди,

Ниҳоллар кампирга айланди, ана.

 

Наҳотки, оппоқ қор, қаҳринг қародир,

Наҳотки, бир шахдга шунчалар қурбон.

Наҳотки, илинжнинг кўнгли яродир,

Наҳотки, тақдирлар чалкашу урён.

 

Баҳор хўрсинади, кўклам хижолат,

Бир лаҳза ҳайратим гувоҳи — чақин.

Наҳотки, шунчалар умр омонат,

Наҳотки, бунчалар хиёнат яқин?!

Кўклам... Сен қанчалар қудратлисан, нафақат тошни ёриб чечак ундира оласан. Ҳатто, тош юракларга ҳам ҳайрат бахш этоласан. Сен туфайли ҳаёти қоронғиликка чўккан, руҳияти рутубатга инган кўнгиллар ҳам гулларинг очилганда, ариларинг ғужғон урганда жим туролмайди. Ўша, ўзининг маҳзун кечинмаларидан воз кечишга шайланади. Атрофга боқади, томоша қилади. Унинг ёрга бўлган соғинчи, майсанинг қуёшга бўлган соғинчидан-да кам эмаслигини ҳис қилади. Гўёки кўксидаги ҳижрон туфайли санчилган найзалар ҳам гуллагандай бўлади. Бахтни чорлаб ҳайқиргиси келади.

Кўклаб кетди

Кўксимдаги найзалар,

Гул очмоқда,

Кипригимда майсалар,

Бир бор келар,

Минг йилда бу лаҳзалар,

Ёр келар кун келди, баҳор, келақол.

Баҳор келди деб шеър ёзиб, даврама-давра булбулдай сайраб юрган кунларим отам ва онам ётган қабристонга йўлим тушди. Бу қабристон кенг ялангликда, қум барханларидан иборат эди. Бу ерга баҳорнинг нафаси ҳам келмаган. Негадир ҳувиллаб ётибди. Гўё кўклам бу улуғ зотлар олдига келишга хижолат тортгандай, жазм қилолмаётгандай... Балки, алам чинқириқлари кўклам сарбозларини кирдирмаётгандир? Балки, аҳли қабрнинг кўнглига баҳор сиғмаётгандир? Мен кетимдан эргашиб келаётган баҳорни қабристонга киришга ундадим. Зораки, қабрлар узра очилган чечаклар зикри улар руҳи покларининг саловоти бўлиб жаранглаб турсин, бўй кўрсатадиган гулу чечаклар. Нима бўлганда ҳам, менга эргашиб келаётган баҳорни ўзим бирла қабристонга олиб кирар эканман, ота-­онам қабрига чўкар эканман, илтижо қилдим, ёлвордим.

Баҳор, юр, борайлик қабристонга ҳам,

Отамни, онамни кўриб келайлик.

Бир қучоқ чечак ол, яшнасин мозор,

Бир ҳовуч дуом бор, бериб келайлик.

Талабгорим, сизга гар керакман, уйимдан изламанг. Куртаклар бағридан, ифорлар таъмидан, саболар сайридан, илҳомлар авжидан изланг. Оввора бўлманг, мен уйда йўқман, сафарга чоғландим, ўзимни излаб. Энди мени ҳайратлар юртидан, гул-чечак­лар қавмидан топгайсиз.

Изламанг, уйимдан топа олмайсиз,

Беҳилар саргардон гуллаган палла.

Бу кун ўзингиздан тона олмайсиз,

Капалак шабнамга айтганда алла.

 

Изламанг, уйимдан, ҳаммаси бекор,

Яшамоқ ўзи не нурсиз, навосиз.

Қўлингдан келмас-ку, туғилмоқ такрор,

Ўлиб ҳам бўлмайди азми Худосиз.

Қишнинг оппоқ кўрпаси ичра астагина мўралаган бойчечакнинг ҳолатини ким ҳам тушунтириб бера оларди? Бунинг учун сен ҳам бир бора бўлса, бойчечак бўлиб кўришинг керак. Яъниким, қор босган вужудинг­ни офтоб нурларига тутиб, туп­роқнинг тафтини томирингга пайванд қилиб уйғонмоғинг шарт. Уйғонганингда ҳам атрофдагиларинг­ни, бутун борлиқни уйғотиб, уйғонишинг керак. Ва жар солмоғинг, ҳайқирмоғинг, куйламоғинг, рақс тушмоғинг лозим. Чунки, тошни ёриб чечак унса, қуриган ёғочлар гулласа, ҳей, сен инсон, нега жимсан?! Нимадир қил, нимадир қил, кўнглинг яйрасин.

Мана кўклам келди,

Қўнғироқ чалиб,

Қиш бўйи ухлаган карвон уйғонди.

Ҳар ҳовуч тупроғин

Кўзига суртиб,

Елкасида кетмон, деҳқон уйғонди.

«Ҳар тунинг қадр ўлибон, ҳар кунинг ўлсин Наврўз» деганлар руҳига раҳматлар бўлсин. Ҳар тонгни — тириклик тонгини неъмат билиб, шукрона кўз очганларга, Ватан туғини шон, Ватан шонини жон билгувчилар, Ватан туфроғини Онам деб тавоф айлаганлар, ҳушёр ва бедорлар омон бўлсинлар! Зеро, огоҳликдан қутлуғ байрам йўқдир бу дунёда!

Руҳ шамоли танни қақшатди,

Чақмоқ вужуд олов сачратди,

Кеча ёққан ёмғир чарчатди,

Кел, бугунни байрам қилайлик.

 

Ўтган куним надомат, армон,

Ором билмас саргардон бу жон,

Эсиз, умр ўртада сарсон,

 Кел, бугунни байрам қилайлик.

 

 Азал жонга завол андиша,

 Бу дунёда ёлғиз ишқ пеша.

 Айрилмоққа ўчмиз ҳамеша,

 Кел, бугунни байрам қилайлик.

 

 Ўпиб турса сочларингни нур,

Бахт нелигин капалакдан сўр,

Не бўлса ҳам тур, ўрнингдан, тур,

Кел, бугунни байрам қилайлик.

 

Ахир сени кўрганим тушмас,

Хаёлингсиз ҳушларим ҳушмас,

Осмон синиб заминга тушмас,

Кел, бугунни байрам қилайлик.

 

Бир хўрсинсам қайтиб келар сой,

Айт, тилагинг айт, деб келар сой,

Қайтиб жонни қаердан олай,

Кел, бугунни байрам қилайлик.

 

Тонгим балки армонларга соз,

Ишқ қисмати иккимизга рост,

Мен энтикиб чорладим, холос,

Кел, бугунни байрам қилайлик.

 

Фарида АФРЎЗ,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира.



DB query error.
Please try later.