08.03.2018

ФАОЛ АЁЛ БАХТЛИ АЁЛДИР

8-март. Бугун дунё гулларга бурканган. Бутун дунё қувонч оғушида. Кимдир гул, кимдир ширинлик, яна кимдир бошқа совғаси билан ўзи учун азиз бўлган онаси, опа-синглисини табриклашга ошиққан... Гул расталарида мулоқот қизийди. Биров оқ, яна биров қизил гул сўрайди. Бугун дунё ўз бағридаги барча мунис аёлларни, фариштадек қизларни хурсанд, бахтли кўришни истайди...

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан энг фаол аёл танловининг республика босқичи байрам арафасида пойтахтимизда кўтаринки руҳда ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ғолиб ва совриндорларни тантанали тақдирлаш маросимида ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов барчани 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами билан самимий қутлади, эзгу тилакларини билдирди.

 

Гулшан Асатова, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— Бу йил танлов қатнашчилари 3000 нафарга яқинлашди. Биз опа-сингилларимизнинг фаоллиги, ташаббускорлиги ортиб бораётганидан хурсандмиз. Бугунги ҳаёт аёллардан интилувчанлик, изланувчанлик ва зукколикни кутяпти.

Ҳар бир жабҳада ўз маҳоратини намойиш этиб, эркаклар билан елкама-елка фаолият юритаётган хотин-қизларни кўриб, фахрланиб кетаман. Илғор фермер, омадли тадбиркор, қўлигул ҳунарманд аёллар билан бир жамиятда яшаётганимиз, уларнинг сафини кенгайтириш мақсадида тарғибот ишларини олиб бораётганимиздан бахтлиман.

2 февраль куни қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш 

соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони барчамизни қувонтирди. Чунки бу ҳужжатда ечимини кутаётган қатор масалалар, опа-сингилларимизни ўйлантираётган муаммолар ҳал этилиши белгиланди. Ушбу жараёнда бизнинг вазифамиз хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш бўйича тарғибот тадбирларини кучайтиришдан иборат, деб ҳисоблайман.

Партиямизнинг 400 мингга яқин аъзоси номидан аёлларимизни бугунги байрам билан чин қалбдан қутлайман!

 

Гулзира Холбоева, Қоракўл туманидаги 40-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» танлови ғолиби (Бухоро вилояти):

— Тўғриси, жуда ҳаяжондаман. Ғолиб бўлганим эълон қилинганида, кўзларим ёшга тўлди. Ҳаётда доимо олдинга интиламан. Ўқишда, ишда, спортда ҳам илғор бўлишга ҳаракат қиламан. Бешик тебрата туриб, китобни қўлдан қўймадим. Бугун шуларнинг барчаси асқотди. Таэквандо ITF бўйича Осиё чемпиони, қора белбоғ соҳибиман. Ҳар бир инсоннинг ҳеч кимга айтмаган орзулари бўлади. Менинг ҳам ниятларим бисёр.

Танловга қоракўл қўйи жунидан пайпоқ ишлаб чиқариш лойиҳаси билан келдим. Ип тайёрлашдан қоладиган чиқиндилардан эса кўрпа, ёстиқ, нимча ва гилам тайёрланади. Бир кунда 1,5 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Лойиҳани молиялаштириш учун 114 миллион сўм маблағ керак бўлади. 14 миллион ўз ҳисобимдан, 100 миллион имтиёзли кредит эвазига қопланади. Фойданинг бир қисмини маҳалламизда психолог маслаҳат маркази очишга қаратамиз. Лойиҳам БМТ ҳамда Марказий банкнинг Бухоро филиали томонидан маъқулланган. ­Ҳозир ноль қийматдаги бино ажратилди. Насиб қилса, бошланишига 30 та иш ўрни яратиш ниятидамиз. Ҳудудимиздаги аёлларга бу яхши совға бўлади, деб ўйлайман.

 


Нодира Сайдуллаева, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи «Ёшлик» шаҳарча етакчилар Кенгаши етакчи мутахассиси, «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» танлови иккинчи ўрин соҳибаси (Тошкент шаҳри):

— Ўтган йили декабрь ойида Олмазор туман Кенгашига ўтказилган сайловда депутатликка номзодим қўйилган эди. Озроқ овоз етмай қолди. Шунда сиёсий билим ва кўникмаларимни оширишим кераклигини тушундим. Депутатлик мақом эмас, аввало катта масъулият, бурч эканини англадим. Ўзимни яна синаб кўрмоқчиман. Келгуси сайловда депутат бўлишимга умид қиламан.

Бугун ҳам мақсадимга эришишга бир қадам етмади. Биз, ёшлар синовларда чиниқамиз. Ўз устимизда ишлашни, мағлубиятни ғалаба томон қўйилган биринчи қадам сифатида баҳолашни ўрганамиз.

Танловда республикамиз бўйлаб янги танишлар орттирдим. Оила сирлари, фарзанд тарбияси, ҳудудлардаги хотин-қизларнинг турмуш тарзи билан яқинроқ танишиш имконига эга бўлдим. Ҳаммани байрам билан табриклайман.

 




Мукаррам Инамова, Ғаллаорол туман халқ таълими бўлими методисти, «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» танлови учинчи ўрин соҳибаси (Жиззах вилояти):

— Танловнинг республика босқичида қатнашишимни эшитган турмуш ўртоғим ярим кечаси уйғотиб олиб, савол-жавобларга тайёрланишга ундади. «Бутун республикадан энг кучлилар келади, уялиб қолма!», деди. Партияга аъзо бўлишга руҳлантирган ҳам улар бўлади. Кўпчиликнинг орасида юрасан, уларнинг муаммоларини ўрганасан, ечим топишга кўмаклашасан, одамларнинг дуосини олиш энг катта бойлик, дей­ди ҳамиша.

Партия аъзосидан ғайратли, ташаб­бускор бўлиш талаб этилади. Туман партия кенгаши қошида «Бугуннинг аёли» клубини ташкил этдик. У ерда хотин-қизлар муаммоларини муҳокама қиламиз. Клубда опа-сингилларимиз психологлар, соҳа мутахассисларидан маслаҳатлар олишяпти.

Танловда мана шу ишимни кенгайтириш таклифи билан қатнашдим. Чекка ҳудудларни ҳам қамраб олиш, хотин-қизларнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилувчи кичик дастурларни амалга оширишни мақсад қилганман. Насиб бўлса, ушбу тажрибани аввал вилоятда, кейинчалик республика бўйлаб оммалаштириш ниятидаман.

 


Айнура Ўразова, Беруний маиший хизмат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, «Энг илғор тарғиботчи аёл» (Қорақалпоғистон Республикаси):

— Маълумки, Орол олам муаммосига айланган. Имкон қадар унга қарши курашиш чоралари кўрилмоқда. Қорақалпоғистонлик аёллар бундан хурсанд. Беруний туманимиз Қорақалпоғистоннинг жанубида, Орол денгизидан анча узоқ масофада жойлашган бўлса-да, одамлар соғлиғига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Шунинг учун доимий равишда болалар А, Е витаминлари билан эмланади, тиббий кўриклар ўтказиб борилади.

Аҳоли табиий равишда муаммога қарши кураш чораларини кўриб яшаяпти. Ҳар бир хонадон олдида, томорқаларда супурги ва янтоқ ўстирилади. Ушбу ўсимликлар шамол олиб келадиган зарарли тузларни ушлаб қолади, кислород ажратиб чиқаради. Кучли ирода, курашувчанлик иммунитети шаклланса, муаммоларни енгиб ўтиш мумкинлигига ишонишимиз керак. Мен танловда қатнашиб, шундай хулосага келдим.

 




Дилора Оббоева, Китоб туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси, «Энг яхши ижтимоий лойиҳа соҳибаси» (Қашқадарё вилояти):

— Бундай танловда биринчи марта иштирок этишим. Сиёсий адабиётларни ўзлаштиришга бироз қийналдим.

Аслида камчиликсиз инсон бўлмайди. Бирор хатога йўл қўйсам, ҳамкасбларим кўмагига суянаман. Тўғриси, муолажа ўтказишдан кўра, беморлар билан самимий мулоқот қилишни хуш кўраман.

Ҳаммани, айниқса, туғилиб ўсган маконим — Китоб туманидаги оналаримиз, опа-сингилларимизни табриклайман. Китобдан бошқа дунёнинг ҳар қандай жойида яшашни таклиф қилишса, ҳеч иккиланмай рад этардим. Инсон учун униб ўсган еридан ҳам азизроқ жой бўлмаса керак. Туманимизнинг тоза ҳавоси, бетакрор табиати, тафти баланд инсонларисиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман.

 




Моҳира Матёқубова, Хонқа маиший хизмат ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, «Энг фаол тарғиботчи аёл» (Хоразм вилояти):

— Танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш мен учун энг юқори натижа бўлса керак, деб ўйлагандим. Шунинг учун ишга қатъият билан киришдим. Биринчи ўринни олганимдан сўнг уйга қандай етиб келганимни ҳам билмай қолдим.

Хоразм аёллари айтган сўзида собит туради, ваъдасининг устидан чиқади, ҳар доим юқори натижа учун астойдил интилади. Мен ҳам шунга ҳаракат қилдим.

Пойтахтга биринчи келишим эмас. Лекин зиммамда катта масъулият бор эди. Чунки бу гал бутун Хоразм билан келдим, вилоятимиз номидан танловда қатнашдим. Бундан мамнунман, ҳамма қизларимизга салом йўллайман.

 




Нафосат Муҳитдинова, Норин туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, «Энг фаол ҳуқуқ билимдони» (Наманган вилояти):

— Тўғрисини айтсам, танловга келишдан аввал роса ўйландим. Фарзанд­ларим туғилгач, ўз устимда ишламай қўйгандим. Икки қиз, бир ўғлим танлов давомида ёнимда бўлди. Уларга ўрнак кўрсатолган бўлсам, бахтлиман, шунинг ўзи ҳар қандай мукофотдан ортиқ, деб ўйлайман.

Болалигим бироз оғир шароитда ўтган. Онам мактабда фаррошлик қилиб, ҳалол меҳнат билан бизни вояга етказди. Сув олиб келиш, стулларни жойлаштиришда онамга ёрдамчи эдим. Ўша пайтда хаёлим кутубхонадаги китобларда бўларди. Чунки улар орасида жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарларини топиш мумкин эди-да...

Бир куни «Дунёнинг ишлари» китобини кўриб қолдим. Иккинчи синф бўлишимга қарамай, тез орада уни ўқиб чиқдим. Асарда ўз ҳаётимни кўргандек бўлдим. Ана шунда китобга меҳрим ортди. Бу йил «Энг яхши китобхон» танловининг вилоят босқичида ҳам қатнашдим.

Юртимиз аёллари кўпроқ китоб ўқишини хоҳлашимни алоҳида, ажратиб ёзинг, хўпми?..

 


Чарос Бозорова, Навбаҳор туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, «Энг яхши нотиқ» (Навоий вилояти):

— Мен аёлларнинг бағрикенглиги ҳақида гапирмоқчи эдим. Бир кун ­Натаниэль Готорн деган адиб иш билан бўлиб, ёза олмаётганидан хафа ҳолатда, тушкун кайфиятда уйга қайтади. Рафиқаси жамғарган пулларини унинг олдига қў­йиб, мана сенга пул, ўтир ва ёз, дейди қатъий оҳангда. Вақт ўтиб, ­Натаниэль дунё таниган ёзувчилардан бирига айланади. У қаерга бормасин, ҳар доим рафиқасига таъзим қилар экан... Ҳамма оилада эркак ва аёл бир-бирини қўллаб-қувватлашини истайман.

Танловга турмуш ўртоғим билан бирга келдик. Пойтахтимизнинг гўзал манзараларини маза қилиб томоша қилдик.

Крандан сув оқиб ётган бўлса, жўмракни бураб қўяман. Кимдир кўчага чиқинди ташласа, бу иши нотўғрилигини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Тўрт яшар қизим ҳаракатларимни қайтарганида кўнглим тўлади. Фарзандларимизда аввало табиатга муҳаббат уйғотишимиз керак, деб биламан.

 



Нилуфар Ҳурхонова, Андижон вилояти, Жалақудуқ туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ижрочи котиби, «Энг яхши инновацион ғоя муаллифи» (Андижон вилояти):

— Бир кун туманимизда ҳоким ва ёшлар учрашуви бўлди. Унда бир аёл сўзга чиқди. Икки фарзанди билан укасининг уйида туришини, кундалик даромади 15-20 минг сўм атрофида эканини айтди. Орттирган пулига бузоқча сотиб олибди. Имтиёзли кредит олишда ёрдам сўради... Аёлнинг енгил-елпи ҳаётга учмаганидан, осон даромад топиш илинжида хорижга ишлашга кетмаганидан таъсирландим. Муҳими, у ўз кучи, ҳалол меҳнати билан оёққа турмоқчи. Шундай опа-сингилларимиздан ўрнак олишимиз керак.

Ўша учрашувдан сўнг инновацион лойиҳа режасини тайёрлаш иштиёқи туғилди. Мутахассислар ёрдамида бизнес режамни такомиллаштирдик. Танловда «Энг яхши инновацион ғоя муаллифи» номинацияси билан тақдирланганимдан хурсанд бўлдим. Лойиҳам амалга ошиши учун астойдил ҳаракат қиламан.

 





Умида Абдувалиева, Оқдарё тумани 45-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, «Энг ёш сиёсатчи аёл» (Самарқанд вилояти):

— «Ёш китобхон» беллашувини ҳамма ўзгача иштиёқ билан кузатмоқда. Ўқувчиларимдан кўпчилиги унда қатнашиш истагини билдирди. Шунда кам бадиий асар ўқиганимдан афсусландим, ҳаттоки уялдим. Бу камчиликни фарзанд­ларимда кўришни истамайман. Улар болалигидан китобга меҳр қўйиши учун бор имкониятимни ишга соламан.

Навоий кутубхонасига кирганимизда бир нарса эътиборимни тортди. Иштирокчилар фарзандларини болалар учун ажратилган махсус хонада қолдиришди. Болалар тез дўстлашиб олди ва ўйинга киришиб кетди. Кутубхонадан ёш оналар ҳам бемалол фойдаланиши мумкинлигидан қувондим. Туманимиз кутубхонасида ҳам ана шундай хона ташкил этишни мўлжалладим.

Танловлар одамнинг дунё­қараши, фикрини бойитишга хизмат қилади. Мен ҳам қишлоғимга кўпгина ғоялар билан қайтяпман...

 



Гулруҳой Ҳусанова, Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси ходими, «Энг зукко ва билимдон аёл» (Сурхондарё вилояти):

— Оилада битта қиз бўлганим учун кўп эркалатишган. Ҳар байрамда совғанинг сараси меники бўларди. Ҳозирги Гулруҳ олдингисидан бутунлай фарқ қилади. Ундаги эркалик оналик, рафиқалик масъулияти билан алмашган. Турмуш ўртоғим ҳарбий. Ўзим вилоят телевидениесида ишлайман. Журналистика мураккаб ва машаққатли касблардан бири, деб биламан. Камера ва микрофон олдида ҳая­жон босади. Телетомошабинлар олдидаги масъулият ҳисси бир кўрсатувни бир неча дубль асосида ёзиб олишга ундайди. Ўзимдан кўнглим тўлмагунига қадар қайта ва қайта ёзишимизга тўғри келади. Шундай бўлишига қарамай, касбимни севаман. Аёлларимизни байрам билан қутлайман.

 






Севарахон Қурбонова, Бувайда туман мактабгача таълим бўлими мудираси, «Энг изланувчан ва интилувчан аёл» (Фарғона вилояти):

— Бугун меҳнат қилган одам самарасини кўряпти. Бу албатта инсонни руҳлантиради, олға боришга ундайди. Айниқса, уринишларингни яқинларинг қўлласа, сенга ишонч билдирса, ҳаётингдан мамнун бўласан. Қайнонам — иккинчи онам. Ҳамиша ҳар ишда мени қўллаб-қувватлайди. Улар доим ўз устимда ишлашим учун шароит яратиб беради. Қани энди, ҳамма қайноналар менинг қайнонамга ўхшаса, деб ният қиламан.

Бувайда туманида хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этмоқчиман. Оиламизга қарашли 20 сотих томорқада икки қаватли бинонинг қурилиши бошлаб юборилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион сўмни ташкил қилади. Маблағнинг 200 миллиони­ ўз ҳисобимдан, қолган қисми имтиёзли кредит эвазига қопланади. 100 ўринли боғча ишга туширилса, 24 кишининг бандлиги таъминланади. Бир бола учун ойлик тўлов ҳозирда 250 минг сўм қилиб белгиланяпти. Тўғри, ушбу суммани ҳамма ҳам тўлай олмайди. Шунинг учун эҳтиёжманд оилаларга алоҳида эътибор қаратамиз. Ҳар тўрт гуруҳнинг биттаси бепул бўлади. Бу орқали солиқдан турли имтиёзларга эга бўламиз.

Боғчамизнинг яна бир қулайлиги шунда бўладики, соат 7:00 дан 19:00 гача болалар муассаса қарамоғида бўлади. Демак, ота-оналар ўз ишларини бехавотир бажаради. Келгусида боғча атрофида оилавий дам олиш мас­кани, спорт тўгараклари, бассейн ва тикувчилик хоналари барпо этишни режалаштиряпмиз. Ташаббускор аёлларимизнинг ишига омад тилайман.

 

Ярқинай Нурумбекова, Гулистон давлат университети катта ўқитувчиси, «Мўътабар ва оқила аёл» (Сирдарё вилояти):

— Иштирокчилар орасида ёши каттаси эканман. Ёшларда иштиёқ баланд­лиги, илдам қадамлар билан интилаётганини кўриб, ўғил-қизларим ҳақида ўйладим. Уларнинг ҳам ислоҳотларга дахлдор бўлиб вояга етиши, халққа хизмат қилишини чин дилимдан истадим.

Ҳар бир она каби фарзандларим билан фахрланаман. Улар хорижий тилларда эркин сўзлаша олади. Ҳозир бешинчи тилни ўрганишяпти. Уларнинг ютуқларидан қувониб, ташвишларига шерик бўламан. Ҳаётнинг мазмуни ҳам шунда эмасми аслида?..

Танлов иштирокчиларининг барчасида баҳорий кайфият, янгиланиш, яшариш завқини кўрдим. Кимдир ёш боласи, кимдир қайнонаси, яна кимдир турмуш ўртоғи билан келибди. Инсон учун оилавий ҳамжиҳатликдан муҳимроқ нарса бўлмаса керак...

 




Элмира Садиқова, Тошкент давлат аграр университети қошидаги академик лицей ўқитувчиси, «Энг ташаббускор аёл» (Тошкент вилояти):

— Ўқитувчи бўлганим учун нафақат фарзандим, балки ўқувчиларим, маҳалла-кўй олдида ҳам масъулман. Лице­йимиз ўқувчилари касб-ҳунар эгаллаб, жамиятнинг фаол аъзоси бўлиши учун биз ҳар томонлама ўрнак, намуна бўлишимиз керак.

Бундай танловларга опа-сингилларимизни кўпроқ жалб қилсак, уларнинг фаол­лигини оширишга катта ҳисса қўшган бўламиз. Хотин-қизларнинг вазифаси бола тарбияси, уй юмушларидан иборат, деб ўйлайдиган давр аллақачон ўтиб кетди. Аёл кишининг ҳам ўз орзу-умидлари бор. Уларни қадрлаш, қўллаб-қувватлаш бурчимиздир.

Аёл бирор нарсани мақсад қилса, бирор ишга қўл урса, уни оила аъзолари, турмуш ўртоғи қўллаб-қувватласа, олам гулистон бўлар экан, деган хулосага келдим. Истагим, барча эркаклар ўз аёлига ҳар ишда мададкор, елкадош бўлсин. Ана шунда аёллар бахтли бўлади, жамият янада тараққий этади.

Менга қолса, танловнинг ҳар бир иштирокчисини ғолиб, деб атаган бўлардим. Чунки уларда ўз устида ишлаш, изланиш ва иқтидорини намойиш этишга ирода мужассам. Танловда ўрганганларимиз ўзимизга бўлган ишончни оширди.

Иштирокчиларнинг барчаси олий маълумотли, жамиятда ўз ўрни ва нуфузига эга хотин-қизлар. Уларнинг ҳар бири мустақил фикрга, аниқ орзу-ниятга эга. Партиямиз сафида бундай хотин-қизлар оз эмас. Уларни қўллаб-қувватлаш барча даражадаги партия кенгашлари ва депутатлик бирлашмаларининг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.

Санжар ШОТЎЛАГАНОВ олган суратлар.



DB query error.
Please try later.