Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
06.03.2018

«Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк кунларидан Марказий Осиё давлатлари билан амалий, ўзаро манфаатли ва яхши қўшнилик муносабатларини шакллантириш, минтақада хавфсизликни таъминлашни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилади.

Ўзбекистон раҳбари минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга доир стратегик қарашларини 2017 йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида батафсил баён қилди. Сўнг ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожла­ниш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкор­лик» мавзусидаги конферен­цияда давлатимиз раҳбари Марказий Осиё, жумладан, Афғонистонда мустаҳ­кам тинчлик ва барқарор­ликни таъминлаш бўйича минта­қавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларнинг кенг қамровли дастурини таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг нутқларидаги дастурий низомлар, унинг Марказий Осиё ва Афғонистондаги жорий вазият, ривожланиш истиқбол­ларига берган баҳоси халқаро ҳамжамият­да катта қизиқиш уйғотди.

Давлатимиз раҳбари таъкидла­ганидек, «Евроосиёнинг «юраги»да жойлашган Марказий Осиё Европа ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғловчи кўприк­дир». Минтақамиз табиий ресурслар­га бой, бу ерда кўплаб мамлакатлар ва бутун минтақалар ривожига сезиларли даражада таъсир кўрсатган ноёб маданият ва тараққиёт салоҳияти мавжуд.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев­нинг фикрича, Марказий Осиёда жаҳоннинг қудратли давлатла­рининг манфаатлари кесишмоқда, беқарорлик ва қарама-қаршилик ўчоқларига туташ бўлган ушбу минтақа яқин ва узоқ хорижда рўй бераётган барча салбий жараёнлар таъсирини ҳис этмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти адолатли саволларни ўртага ташлади: минтақада вазият қандай ривожланади? Бу ерда қандай сценарий устун келади — низо ва қарама-қаршиликларми ёки ҳамкорлик ва тараққиётми?

Бу саволга жавоб равшан — энг аввало, барчаси Марказий Осиё давлатлари минтақанинг умумий келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга нечоғли тайёр­лигига боғлиқ.

Марказий Осиёнинг барча мам­ла­кат­лари билан чегарадош бўлган Ўзбекистон минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшнилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдор.

Давлатимиз раҳбари бир неча бор таъкидлаганидек: «бизнинг бош мақсадимиз — умумий саъй-ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат».

Айни пайтда энг долзарб ва ўткир муаммолардан бири — қўшни Афғонистондаги низони ҳал қилмасдан туриб олдимизда турган мақсадларга эришишнинг иложи йўқ, чунки у тарихий ва геосиёсий жиҳатдан минтақамизнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади.

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш — Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва тараққиёти кафолатидир. Самарқанд­даги халқаро анжуманда сўзга чиқар экан, Ўзбекистон Президенти хавф­сизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратишдан воз кечиш, «ялпи хавфсизлик» та­мо­йилига амалда риоя қилиш зарурлигига тўғридан-тўғри даъ­ват қилди.

Тинч Афғонистон Марказий Осиё давлатларининг Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига энг қисқа йўлини таъминлаши, Ҳиндистон, Эрон ва Покистонни Европа ва Яқин Шарқ бозорлари билан боғлаши мумкин.

Шу муносабат билан Афғонистон­да тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш­нинг асосий масалалари бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсусни тасдиқлаш, мамлакатда миллий яра­шув бўйича афғонистонликлар раҳбарлигида ва уларнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга ошири­лаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон доимо Афғонистон­даги вазиятни сиёсий жиҳатдан тартибга солишнинг қатъий тарафдо­ри ҳисобланган ва шундай бўлиб қолади. Мамлакатимиз қўшни давлатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

Шу жиҳатдан Шавкат Мирзиёев томонидан Афғонистон билан ҳамкорликда жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳри­да «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минта­қа­вий шериклик» мавзуида Афғонис­тон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференция­сини ўтказиш ташаббусининг илгари сурилиши Ўзбекистон раҳбариятининг минтақавий хавф­сизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича умумий стра­те­гиясининг ажралмас бўлаги ҳисобланади.

Мамлакатимиз афғон муам­моси­га бағишланган деярли барча халқаро форумларда фаол иштирок этмоқда. «Кобул жараёни», «Москва фор­мати», «Осиё юраги — Истанбул жараёни» форуми, Афғонистон бўйича халқаро алоқа гуруҳи, «ШҲТ — Афғонистон» алоқа гу­руҳи, Афғонистон бўйича минта­қа­вий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси шулар жумласи­дандир.

19 январь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик кенга­ши йиғилиши давомида Ўзбекистон ва Афғонистон томонидан Тошкент форумининг қўшма тақдимоти таш­кил этилди.

Тошкентдаги конференция 28 февраль куни Афғонистон пойтахтида ўтган «Кобул жараёни»нинг иккинчи йиғилишидан сўнг бўлади ва халқ­аро ҳамжамият томонидан ушбу мам­ла­катда тинчлик ва барқарор­ликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар­нинг мантиқий давоми бўлади.

Конференциянинг очилиш мароси­­мида Ўзбекистон Респуб­ли­каси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани сўзга чиқадилар.

Тошкент учрашувида иштирок этиш учун БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва ташкилотнинг Афғонис­тондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, шунингдек, Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманис­тон, Саудия Арабистони ва Бирлаш­ган Араб Амирликлари ташқи сиёсий маҳкамалари раҳбарлари таклиф этилган.

Форум иштирокчилари минтақа­вий ва глобал даражада тез орада Афғонистон ҳукумати билан «Толибон» ҳаракати ўртасида ҳеч қандай дастлабки шартларни илгари сурмасдан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш зарурияти хусусида умумий нуқтаи назар баён этилиши кутилмоқда.

Конференция якуни бўйича Тошкент декларациясини қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, унда қуйидаги муҳим жиҳатлар ўз аксини топиши кўзда тутилмоқда:

биринчидан, тинчлик жараёни афғонистонликларнинг бевосита раҳбарлиги ва уларнинг саъй-ҳаракатлари билан БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари ва қарорлари низомларига мувофиқ амалга ошиши керак;

иккинчидан, қуролли мухолифат Афғонистоннинг сиёсий ҳаётига кафолатли интеграция қилиниши ва қонуний сиёсий куч сифатида эътироф этилиши тинчлик жараё­нининг муҳим омили ҳисобла­нади;

учинчидан, халқаро ҳамжамият терроризмнинг ҳар қандай шакл ва кўринишига қарши бўлиб, трансмил­лий терроризм, нарко­трафик ва уюшган жиноятчилик таҳдидлари нафақат Афғонистон, балки умуман бутун минтақа ва жаҳоннинг барқа­рор­лиги ва изчил тараққиётига умумий хавф сана­лишини эътироф этади.

Тошкент конференцияси арафаси­да, шунингдек, ҳамкорлик­нинг янги шаклидаги «Марказий Осиё + Афғонистон» (C5+1) биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Ушбу формат Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий ва инфратузилма алоқалари тизи­мига муваффақиятли интеграцияси, умумминтақавий миқёсдаги аниқ лойиҳа ва дастурларнинг самарали амалга оширилишига хизмат қилади.

Тошкент конференцияси хақидаги ташаббусни илгари сурар экан, Ўзбекистон уни бир марталик тадбир сифатида ўтказиш билан чекланиб қолмай, ундан кейин ҳам икки ва кўп томонлама муносабатлар доирасида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги сиёсий жараёнга кўмаклашишга ўз ҳис­сасини қўшишда давом этади.

Президент Шавкат Мирзиёев­нинг ташқи сиёсий стратегиясини амалга ошириш асносида Ўзбекис­тон афғон муаммосини тинч йўл билан ечиш бўйича сиёсий жараённинг фаол ишти­рокчисига айланмоқда. Бу жараёнда асосий роль ва жавоб­гарлик ўз мамлакати келажагини белгилаши ва қуриши керак бўлган афғонистонликларнинг зиммасида эканини яна бир бор таъкидлаш жоиз.

Тошкент конференцияси олдида турган юксак мақсадлар, шунингдек, унинг ишида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг барча доимий аъзола­ри, ШҲТга аъзо давлатлар ва Афғонистонга қўшни мамлакатлар, жумладан, Марказий Осиёнинг бешта мамлакати иштирок этиши бутун дунёда форум ишига катта қизиқиш уйғотмоқда. Тадбирни ёритишда қат­нашиш учун жаҳон оммавий ахборот воситалари вакилларининг катта гуруҳи ташриф буюриши кутилмоқда.

Ўзбекистон пойтахтидаги халқ­аро учрашув якунлари Афғонис­тон­даги вазиятни барқарорлаш­тириш, унинг изчил ривожланиши учун шароит яратиш йўлидаги муҳим босқич бўлиб, афғон халқининг фаровонлигини оши­риш ва уни минтақа ва умуман бутун дунёдаги бунёдкорлик жараёнига жалб этишга хизмат қилишига умид қиламиз. Тошкент форумининг муваффақияти минта­қа давлатлари­нинг тинчлик ва тараққиёт учун кенг имкониятлар эшигини очган ҳолда, биргалик­даги саъй-ҳаракатлар билан умумий муаммоларни ҳал этишга қодирлигини намоён қилиши даркор.

 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

Матбуот хизмати



DB query error.
Please try later.