06.03.2018

«АЗИЗ ВАТАНДОШЛАР, ҲАР КУНИНГИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН!»

Тоҳир МАЛИК, Ўзбекистон халқ ёзувчиси:

— Давлатимиз раҳбарининг бу йилги Наврўз байрамини мамлакатимизда умумхалқ сайили сифатида кўтаринки руҳда ўтказиш ҳақидаги қарорида юқорида келтирилган ана шундай ғоя мужассам, — дейди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик. — Бу бежиз эмас. Чунки қарорда таъкидланганидай, Она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир. Она табиат биз учун ризқ-рўз, тириклик манбаи. Деҳқончилик мавсумининг бошланиши ҳам Наврўз шодиёналари билан боғлиқ. Шундай экан, биз табиат қонунларини ҳисобга олган ҳолда муқаддас заминимизнинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишимиз, халқимиз фаровонлиги йўлида ҳозирги даврда бутун дунёда қўлланилаётган инновацион ғоялар асосида унинг унумдорлигини оширишимиз лозим.

Наврўз — аввало, энг қадимий байрам сифатида кекса-ю ёшни бирлаштиради, асл миллий қадриятларни ўзида акс эттиради. Турли ёшдаги инсонлар бир-бири билан мулоқотда бўлади, бир-бири билан дийдорлашади, каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатилади. Бу ўзига хос тарбия, асрлар оша ота-онадан ўғил-қизга, бобо-момолардан невара-эвара онгига сингдирилади. Дастурхонга баҳорнинг тансиқ таомлари — сумалак, ҳалим, гўжа ва кўк сомса каби ноз-неъматлар тортилади. Ҳамма Наврўз қувончларини бир-бири билан баҳам кўради.

Ҳаволар сал юмшаши билан кўча-кўйларда, маҳалла ва қишлоқларда кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари юришиб кетди. Ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарлар ўтказилмоқда. Меҳр-мурувват, озодаликка нима етсин...

Қарорда инсон ҳаёт гултожига қиёслангани бежиз эмас. Мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар туфайли ҳар бир раҳбар оддий халқ ташвиши билан яшашни фаолиятининг мазмунига айлантириши керак, деган вазифа қўйилди. Мудроқлик кайфиятидаги раҳбарлар ўрнига одамларнинг дардига малҳам бўлиб, уларнинг муаммоларига ечим топишни кундалик вазифаси деб биладиган кишилар келмоқда. Бундай эътибор қачон бўлган?

Ҳозир юртимизнинг энг чекка ва олис ҳудудларида яшаётган фуқароларнинг муаммолари иложи борича жойида ҳал этилмоқда, бу эса уларнинг илгари бюрократия ниқобини ўзига қалқон қилиб олган маҳаллий ҳокимиятга нисбатан сўнган ишончини яна тиклашга шароит яратмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўртага ташланган — «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади», деган шиорлардан кўзланган мақсад — «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган оддий ва аниқ-равшан тамойилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга эканини ифода этади.

Модомики, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашдан иборат бўлган энг муҳим устувор вазифаларни муваффақиятли амалга оширишдан иборат экан, бу ғоя Наврўз тадбирлари билан уйғунлашиб, миллати ҳамда эътиқодидан қатъи назар, юртимизда яшаётган инсонларни жипслаштиради, бирлаштиради ва ўзаро меҳр-оқибатни кучайтиради, дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлайди.

 Наврўзда деҳқонларимиз экин-тикин ишларига киришади, чорвадорларимиз дала-даштга сурувини ёяди.

Ҳозирги кунга келиб, фермер том маънода ҳақиқий ер эгасига, мулкдорга айланди, тадбиркорларимизга барча эшиклар ланг очилди. Янги инновацион ғоялар, хорижий технологиялар ишлаб чиқаришга жорий этилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг беқиёс эътибори, ғамхўрлиги халқимизнинг орзу-умидларига қанот бахш этмоқда. Кўзланган мақсадлар юртимиз тинчлигига, халқимиз, шу Ватанда яшаётган ҳар бир инсоннинг турмуш тарзи яхшиланишига, фаровонлигига қаратилган. Бу йилги Наврўз хал­қимиз томонидан ана шундай ишчанлик ва кўтаринки кайфиятда кутиб олинаяпти.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нуруллоҳ ДОСТОН

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.