01.03.2018

«БАХТИМ ШУЛ — ЎЗБЕКНИНГ ЗУЛФИЯСИМАН»

Эъзозлар, ардоқлар учун ташаккур,

Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,

Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман.



Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтган йили Жиззах шаҳрида халқимизнинг ардоқли фарзандлари — Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига бағишлаб ёдгорлик мажмуаси барпо этилган эди. Мажмуадан жой олган хиёбон, ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва музей миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган, халқимизнинг суюкли фарзандлари хотирасига кўрсатилган ҳурмат эҳтиром рамзидир.

Суюкли шоирамиз Зулфияхонимни кўрган, билган ҳар бир киши уни нафақат буюк шоира, айни пайтда севги ва садоқат тимсоли, юксак маданиятли, ғоят кенг феълли улуғ инсон сифатида таърифлайди.

Ҳамид Олимжоннинг янгаси Шаҳрихон Ҳамроқуловадан ёзиб олинган хотиралар:

Зулфияхонимнинг кимдандир нолигани, хафа бўлганини эслолмайман. Аёлларнинг чиройли, дид билан, ораста-озода кийиниб юрганини яхши кўрарди.

Зулфияхоним ҳеч қачон аёллик фазилатларини, латофатини йўқотмади. Ишдан келиб ошхонадаги ишларга ҳам аралашиб кетаверарди. Олиб келган нарсангни ҳурмат билан дастурхонга қўярди. Рўзғорида ортиқча нарса деярли бўлмасди.

Ҳамид Олимжоннинг онаси Комила буви Зулфияхонимга нафақат она ва қайнона бўлди, балки кўп жиҳатдан ибрат кўрсатиб яшади. Зулфияхонимнинг ҳар бир ишида у кишининг фазилатларини кўргандек бўлардим.

Раҳимахон Назарова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими:

Зулфияхонимнинг одамлар билан ҳар кунги мулоқотдаги улуғворлиги ва меҳрибонлик фазилати ижодда масъулиятни чуқур ҳис этиши ва букилмас ирода билан ажиб уйғунлик касб этганди. Биргина мисол. Ўтган асрнинг 70-йиллари бошларида таниқли бошқирд адиби Мустай Каримнинг «Ой тутилган тунда» трагедиясини таржима қилди. Асар бугунги Ўзбекистон Миллий театрида муваффақиятли ўйналди, томошабинларга жуда манзур бўлди. Шундан кейин ­Мустай Каримнинг яна бир «Оловни ташлама, Прометей» деган асарини худди шу театр учун таржима қилиб бериш­ларини сўраб илтимос қилдик. Зулфияхоним пьесани ўқиб чиқиб, ундаги йўналиш ўзининг ижодий усулига мос эмаслигини рўй-рост айтиб, таржима қилишга унамади. Ёзувчи Асқад Мухторнинг ижодий услуби бу пьесага анча мос келишини, унга мурожаат қилишимизни маслаҳат берди.

У кишининг олдиларида ўзимни бир ўқувчидек ҳис қилардим. Камгап эди, фикрларини юз-кўзларидан англаш мумкин эди. Худди олов ёнида турганингда тафтини сезганинг каби, Зулфияхонимдан ҳам меҳр таралиб турарди, назаримда. Катта-ю кичик, шоиру деҳқон, олиму ишчи — ҳаммага яхшилик қилиш ниятида бўларди.

ЎзРФА академиги Сабоҳат Азимжоновадан ҳаётлигида ёзиб­ олинган хотиралар:

Ҳеч қайси давлат раҳбари ўзининг юқори даражадаги сафари чоғида республикамиздаги «Дўстлик» жамиятига ташриф буюрмаган. Лекин Зулфияхоним бу жамиятнинг Ҳиндистон бўлими президенти бўлиб ишлаган даврида (мен ўринбосари эдим) Ўзбекистонга ташриф буюрган Жавоҳарлаъл Неру ҳам, Лаъл Баҳодир Шастри, Индира ­Ганди ҳам бўлимимизга келиб, учрашувлар ўтказган.

Ҳиндистонда ҳатто Зулфияхонимнинг тутинган отаси бор эди. Панжоблик кекса шоир Гурбахш Сингх уни қишлоғига олиб бориб, одамларни йиғиб, улар орасида шоирани ўзига тутинган қиз қилиб олганлигини билдирганди. Ҳатто ёз фаслида ҳам Зулфияхонимнинг елкага солиб юрадиган бир нафис, чиройли рўмоли бор эди. Ёша рўмолни Гурбахш Сингх совға қилган, панжоблик қизларнинг ҳаммаси шунақа рўмол ўрашар экан-да!

«Ҳиндистондаги шеърий мусоҳаба Шарқ адабиётидаги мушоирадан тамоман бошқача, — деб ҳикоя қилганди Зулфияхоним. — ­Тўпланганлар бу мусобақага ҳакамлик қилади. Улар ҳеч кимни юз-хотир қилмай, шеърнинг ёққан-ёқмаганлигини тортинмай билдираверади. Яхши асарни такрор-такрор ўқишга мажбур қилишади, одамлар мисраларни, бандларни, шеърнинг ўзини дарров ёдлаб оладилар-да, завққа тўлиб, уни шоир билан бирга жўр­овоз бўлиб такрорлашади...».

Ана шундай талабчан, нозик табиатли ҳакам — ҳинд назм ихлосмандлари орасида Зулфия­хоним шеърлари эътибор топди, дилларнинг ҳамдардига, ҳамрозига айланди. Шоиранинг 1970 йилда Халқаро Нилуфар мукофотига лойиқ топилиши — унинг шоир сифатида қатор мамлакатларда ҳурмат қозонганининг эътирофи ифодаси бўлди.

Ҳиндлар Зулфияхонимни ажойиб инсон, нозик дидли шоира бўлганлиги учун жуда яхши кўради. Шоиранинг ўзи эса бу ҳурмату эъзозни «Ҳинд халқининг бобурийларга ва улар шарофатидан ўзбек халқига меҳру эҳтиромидан», деб шарҳлар эди, — деган эди водиллик онахон Замирахон Юнусова. — Анҳорларидан Шоҳимардонсойнинг зилол сувлари оқиб ўтадиган, тоғлар орасида жойлашган сўлим Водил Зулфия­хонимнинг яхши кўрган манзилларидан бири эди.

1965 йил октябрь ойида маҳалламизда «Шоира Зулфия Водилда эмиш», деган гап тарқалди. Бу хабарни эшитган онам: «Эртага Зулфияхонимнинг олдига борамиз», деди.

Зулфияхоним ҳамма билан бирма-бир кўришиб келаркан, менга навбат етганда онамга қараб: «Саодатхон, бу қизингиз худди Мирзакалон Исмоилийнинг «Фарғона тонг отгунча» романидаги Ҳаётхоннинг ўзи-ку!» деди. Ёша пайтларда мен бу романни ўқиган эдим, қувончим ичимга сиўмай кетди. Кейин Зулфияхоним: «Энди сени Ҳаётхон дейман», деди.

Ўша учрашувлардан бошлаб менинг ҳаётимда жуда катта ўзгариш бўлгандек, бошқа одамга айланиб қолгандек эдим. Кейин билсам, Зулфияхоним билан ҳатто туғилган кунимиз ҳам бир кунда экан, қувончимга қувонч қўшилди.

1970 йилда Тошкентнинг Лабзак маҳалласидаги ҳовлиларига синглим Манзурахон билан бордик. Тонг саҳарда ташқарини супуриб, райҳон кўчатларини экдим. Зулфияхоним субҳидамда туриб шеър ёзар экан. Мен ўрик дарахтига қараб: «Аяжон, Ҳамид Олимжонга илҳом берган ўрик дарахти мана шуми?», деб сўрадим. «Ҳа, дедилар ва ўйга чўмиб. Ўрикни эккан одам йўқ ҳозир...», деб қўшиб қўйди.

Қанча юртларни кўрган, катта давраларда юрган инсон мен каби бир чекка қишлоқдан борган аёлга қилган муомалаларидан ҳайрон қолардим. Юзларида нур бор эди.

Иродаларига қойил қолардим, ҳеч қачон ҳеч нарсадан шикоят қилмасдилар. «Ҳаёт шунақа-да, ҳаётни ўрганиш керак одам. Қийинчиликларни енгиб ўтиш керак», дерди.



Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.



DB query error.
Please try later.