27.02.2018

«ГУЛБАДАН» АСАРИДА БОБУР ШАХСИЯТИ

Англиялик адиб Маргарет Румер Годденнинг ёшлиги Ҳиндистоннинг Нараянганж (ҳозирги Бангладеш ҳудуди) шаҳрида ўтган. Шунинг учун у бобурийлар ҳаёти ва фаолиятига оид манбалардан яхши хабардор эди.

Адибнинг «Гулбадан» асари Бобурнинг қизи Гулбаданбегимга бағишланган бўлса ҳам, асарнинг баъзи ўринларида у бадиий-публицистик услубда Бобур шахсияти ва ижодининг нозик жиҳатларига тўхталиб ўтади.

Асарнинг биринчи қисми «Бобуршоҳ даври» ва иккинчи қисми «Бобуршоҳ» деб номланган. Бу боблар Бобурга бағишланган бўлиб, унда Бобурнинг қизи, Шарқда ягона тарихчи аёл ҳисобланган Гулбаданбегимнинг таржимаи ҳоли ва тарихнавислик фаолиятига алоҳида эътибор қаратилади.

«Гулбаданбегим уч буюк ҳукмдор — отаси Бобуршоҳ, акаси Ҳумоюншоҳ ва жияни Акбаршоҳ даврини қамраб олган ўта мураккаб замонда умр­гузаронлик қилди ва Акбаршоҳ вафотидан икки йил аввал бу фоний дунёни тарк этди», деб ёзади Румер Годден.

Гулбаданбегимнинг «Отамнинг руҳини шод этиш умидида ушбу асарда подшоҳ бобом ҳазратлари замонида бўлган воқеаларни ёзишга жазм қилдим», деб таъкидлаши унинг қаламига мансуб «Ҳумоюннома» асари ­«Бобурнома» таъсирида ёзилганлигини кўрсатади. Румер Годден ҳам буни алоҳида таъкидлаб ўтади. Шунинг учун у асарида Гулбаданбегимнинг иқрорига таяниб фикр юритади ва хулосалар чиқаради.

Муаллиф Бобурнинг Ҳиндис­тондаги давлат бошқарувида аждодларидан фар­қли равишда салтанатни эгаллаганидан кейин уни барқарор ривожлантириб, ўзидан кейинги авлодларини ҳам шунга даъват этганини таъкилайди: «Умрининг дастлабки йилларида оғир ва мусибатли кунларни ­бошидан кечирганда ҳам Бобур тушкунликка тушмаган. Аксинча, у ўзининг буюк аждодлари, уларнинг тарих саҳифаларида қолдирган шонли ғалабалари билан фахрланар ва келажакка ҳамиша умид ва ишонч билан боқар эди. Ҳаётининг асосий қисми жангу жадаллар билан ўтган бўлса ҳам, у санъатга, гўзалликка интилиб яшаган, улуғ аждодларига муносиб инсон эди...

Бобур бунёд этган давлат, гарчи боболариники сингари бепоён минтақаларга ёйилмаган бўлса-да, у буюк император даражасига кўтарилди. Ўз мулкида бошқарув тизимини маҳкам тутиб, уни идора қилди. Мазкур ўлкани 332 йил давомида маҳорат билан бош­қарган буюк сулолага асос солди»...

Румер Годден Бобурнинг Кобулдаги ҳукмронлик фаолияти, жабру ситамлардан маълум муддат осуда, тинч ўтган дамлари, шеър ва ижод жараёни каби ҳолатлар орқали унга баҳо берар экан, қуйидагиларни ёзади: «Кобул — Бобур учун сўлим гўша ва хавфсиз бошпанагина бўлиб қолмай, бу шаҳар унга ўзлигини ҳам янгитдан англашга шароит яратиб берди. Бу ерга келгунига қадар жангу жадаллар ва саргардонликлар ичра кечган Бобурнинг ҳаёт оқими унинг ҳассос, нозиктаъб қалбини жароҳатлаганини унинг ўзи ҳам сезар эди».

Румер Годден Бобурнинг адабиёт ва китобга ошнолигига оид фикр билдирар экан, бу ноёб истеъдоднинг фақат сўз санъатига мо­йиллиги ҳақида эмас, балки унинг фарзандлари ҳам китобни ўзларига дўст тутишлари ҳақида қай­ғурганлиги борасидаги қимматли фикр­ларни келтирадики, бу диққатга сазовордир: «Бобур ўғилларининг адабиётга ошно бўлишини жуда-жуда истарди. Агар қисқа умри асосан жангу жадаллар ичида ўтмаганида, эҳтимол, у янада буюк адиб бўлиб етишармиди. Унинг қаламига мансуб ­«Бобурнома»га эътибор берсак, у ўзига нисбатан жуда талабчан, шу билан бирга, моҳир сўз устаси бўлганига, ҳар бир иборани ўта ҳассослик билан танлаганига ишонч ҳосил қилиш мумкин».

Ёзувчи Бобур табиатидаги сахийлик ва ҳиммат туйғуларини характерли мисоллар билан кўрсатиб беради. Аслида жуда кўп Шарқ ва Ғарб олимлари, адиблари томонидан ­Бобурнинг ушбу фазилатлари ҳақида қимматли фикрлар баён этилган. Румер Годден Бобурнинг Ҳиндистонда ҳам, Кобулда ҳам кўплаб машҳур тарихий шахслар, зодагон сарой аёллари ёки унчалик маълум бўлмаган кишилар исмларини номма-ном атаб, уларга туҳфалар жўнатганлигини ҳайрат билан келтиради.

Панипатда бўлган жангдан ке­йин Бобур ҳисобсиз ўлжага эга бўлади ва бу бойликнинг катта қисмини беклар, лашкарлар қатори бошқа­ларга ҳам тақсимлаб берадики, «Гулбадан» асарининг ­муал­лифи унинг саховатидан ҳайратга тушганини очиқча тан олади: «Қўлга тушган ана шу ўлжалардан Бобур Кобулдагилар учун ҳам ажойиб сов­ғалар юборди. Совғаларни элтиш учун тайинланган масъул мансабдорга уқтириб шундай деди: «Мен сен билан ҳинд элининг қўлимизга тушган асл моллари ва ажойиботларидан совғалар жўнатяпман. Мен сенга рўйхат қилиб бераман ва сен уларни эгаларига элтиб берасан». Шуниси ҳайрон қоларлики, давлат ташвишлари билан ­доимо банд бўладиган шоҳ вақт топиб, Кобулдагиларнинг ҳар бирини ёдда тутиб, ҳар бирига яраша совға тайёрлаб қўйган экан».

Бобур хислати ва характерини чизишда Румер Годден ўша давр султон ва подшоҳлари характеридан яққол фарқ қиладиган жиҳатларини топиб тасвирлашга, ана шу хислатларга алоҳида урғу беришга, уларни асарнинг марказига олиб чиқишга ва ўқувчининг диққатини қаратишга интилади ҳамда ўзига хос хулосаларга келади. Бир қараганда Бобурдаги бу хислатлар бугунги китобхонга унчалик янгилик эмасдек туюлади, аммо бу асарда унинг шахсияти, иродаси, китобсеварлиги, маърифатпарварлиги ва бу хислатларни фарзандларида ҳам кў­ришни, зурриётларининг ҳам китобга дўст бўлиб вояга етишини истаган отанинг — ­Бобур­­­­нинг орзуси тасвирланади.

Ёзувчи Бобур ҳақидаги тарихий манбаларни ўқиб, ўзлаштириб, улардаги ­маълумотларни китобхонга яхлит, мантиқан тугал тарзда етказа олганки, бу асар ­муаллифининг маҳоратидан дарак беради. Шу ўринда ­Румер Годденнинг яна бир адабий-бадиий ютуғини айтиб ўтишни лозим топдик. У ­Бобур характеридаги бир неча жиҳатлар: унинг яшаш тарзи, лашкарбошилиги, китобсеварлиги ва лашкарнинг сафар ҳаракатлари, уруш анжомлари нимадан иборат эканлиги ҳақидаги маълумотларни ҳам келтирадики, бу бизнинг ­Бобур ҳақидаги тасаввуримизни янада бойитади: «Бобур иродаси мустаҳкам, қатъиятли шахс бўлиб, ўз олдига бир мақсад қўйса, уни рўёбга чиқармай қўймас эди. Гарчанд у шоҳ бўлса-да, умри мудом юришларда ўтарди. Бу сафарлар давомида у бир жойдан иккинчи жойга осонлик билан кўчар эди. Унинг асосий юки чодирлар бўлиб, улар қисқа муддат ичида ўрнатилиб, зарур бўлганда осонгина йиғиштириб олинарди. Қўшин ўзи билан олиб юрадиган жиҳозлар асосан гиламлар, хушбўй гиёҳлар тутатадиган махсус мосламалар, китоб мутолааси учун лавҳлар ва идиш-товоқлардан иборат бўларди... Бобур юришлари қанчалик оғир ва узоқ бўлмасин, бир неча ноёб китоблар ҳамиша унинг ҳамроҳи эди. У айниқса, жанговар отлар, бақувват ва чидамли туялар, қурол-аслаҳа ва совутларни жуда эҳтиётлаб асрарди»...

Умуман олганда, Румер Годденнинг «Гулбадан» асари Гулбаданбегимга бағишланган бўлса ҳам, унда Бобур шахсияти ва ижодининг нозик жиҳатлари ёрқин ва жонли тасвирларда ёритиб берилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

 

Исроил СУЛАЙМОНОВ,

филология фанлари номзоди.



DB query error.
Please try later.