Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
22.02.2018

ТУШУМНИ КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?..

Бозорларда текшириш ўтказилган кунларда тушум кескин ошади, бошқа кунлари кескин пасаяди. Нега?

Тажрибада кўп кўрганмиз бозорларда текшириш ўтказилган кунларда тушум кескин ошади, бошқа кунлари эса кескин пасаяди. Нега?

Таҳририятимизга келаётган хатлар орасида таклиф ва эътирофлар, ариза ва шикоятлар ҳам, муаммолар юзасидан маслаҳат сўраганлари ҳам учрайди. Баъзан эса нимадандир норози бўлган фуқаролар тўғри таҳририятимизга ёрдам сўраб келишади.

Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Жом» қишлоғидан келган Ғулом Нишонов бир даста қоғозни стол устига қўйиб, шундай деди:

— Ҳақиқатни юзага чиқарсангизлар... Менга бошқа нарса керак эмас...

 Ундан нима гаплигини сўрадик.

— Мен 2015 йил 2 декабрда «Нуробод деҳқон бозори» МЧЖнинг «Жом» мол бозори филиалига паттачи вазифасига ишга қабул қилиниб, беш ой ишладим. Иш давримда камчиликларга йўл қўймадим, имкон даражасида бозорда қулайлик яратишга ҳаракат қилдим. Ҳамма гап шундаки, бозорда мендан аввал паттачи бўлиб ишлаган Жамшид Ўсаров «Нуробод деҳқон бозори» МЧЖнинг собиқ директори томонидан ўз ишига совуққонлик билан қараганлиги, меҳнат интизомини бузганлиги ҳамда унинг айби билан давлат солиқ инспекцияси томонидан МЧЖга жарима қўлланилганлиги сабабли ишдан бўшатилган. Бундан норози бўлган Жамшид Ўсаров МЧЖнинг устидан фуқаролик ишлари бўйича Пастдар­ғом туман судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суд 2016 йил 22 апрелда уни «Жом» мол бозори паттачиси вазифасига ишга тиклаш тўғрисида қарор чиқарган...

— Хўш, нимадан норозисиз, — савол бердик Ғулом Нишоновга.

— Жамшид Ўсаровнинг мол бозорида паттачи бўлиб ишлашга ҳаққи йўқ. Негаки, у патта пулини тўлиқ топширмасдан чўнтагига уради, — деди у. — Солиқчилар тушум бўйича мониторинг ўтказишганида, Жамшид Ўсаровнинг камчиликларини топишди, тақдимномалар киритилган. Натижаси эса йўқ. Тўғри, Самарқанд вилоят ҳокимига ўтган йил 5 апрелда ёзган аризамдан сўнг Жамшид Ўсаров яна вазифасидан озод қилинди. Аммо у «отдан тушган бўлса-да, эгардан тушмаган», шу кунларда ҳам мол бозорида патта пулларини йиғиб юрибди. Ишонмасангиз бориб кўринг...

Тўғриси, бозорлар тўғрисида ҳар хил гаплар қулоққа чалиниб туради, баъзан ишонарли, баъзан ишончсиз. Масалан, бозорларда, хусусан, мол бозорларида тушум пулларини тўлиқ топширмай, солиқ тўлашдан қочиш ҳоллари борлигини кўп эшитганмиз.

Шикоят хатида келтирилган важлар нечоғли асосли ёки асоссиз эканлигини ўрганишга қарор қилдик. Самарқанд шаҳридан 60 км. узоқликда жойлашган «Нуробод деҳқон бозори» МЧЖ «Жом» филиали мол бозорига эрта тонгда етиб келдик. Атрофга қараймиз. Мол бозори дарвозаси ёнида турган икки киши келувчилар билан ҳисоб-китоб қиляпти. Неча бош қўй-қўзи ёки қорамол кир­япти, санаб пулини олишяпти. Ярим соатлик кузатишдан кейин мол бозори дарвозаси ёнида турган йигитлардан сўрадик.

— Жамшид керак эди.

— Нима эди?

— Мол олмоқчи эдик, бир танишим Жамшид деган йигит арзонроқ мол олишда ёрдам беради, деганди.

      Менман, — дея ўзини таништирди тўладан келган йигит. — Бўпти, акаларга айтамиз. Ўтинг.

У шундай дея қўли билан мол бозори ичкарисига ишора қилди.

Жамшид Ўсаров ишдан бўшатилган бўлса-да, ҳамон патта пули йиғиш билан шуғулланиб юрган экан-да?! Ким унга бундай ҳуқуқ берган?

Мол бозоридан бир ҳатлаб ёнидаги бозорга ўтдик. Бу ерда озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун деярли шароит йўқ. Ерда ўтириб савдо қилаётган сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам бу ҳолатга кўникканга ўхшайди. Бозордаги кўнгилни хира қиладиган манзарани томоша қилиб, одамлар билан танишамиз, суҳбатлашамиз.

— «Жом» қишлоғида яшайман, — ўзини таништирди Учқун ­Боратов. — Мол бозорга уч бош қўзи олиб келдим. Жамшид деган йигитга 38 минг сўм пул санаб бердим. Молимни сотганимдан кейин билдимки, чекда 25 минг сўм ёзилган экан. У битта мендан эмас, бошқалардан ҳам 10 минг сўмдан 15 минг сўмгача қўшимча ҳақ олади. Аслида бу маблағлар давлат ғазнасига кирим қилиниши керак. Жамшиднинг ноқонуний ишига чек қўядиган одам топилмаяпти. Мол бозори паттачиси вазифасига ҳалол, халққа қайишадиган одамни қўйиш керак...

«Жом»дан шундай таассуротлар билан Самарқандга қайтдик.

Самарқанд вилоят Бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раиси Тоҳир Мамадалиев билан учрашиб, шикоятдаги важларга муносабатини билмоқчи бўлдик.

— Ғулом Нишонов фақат ўзининг «интересини» ўйлайди. Ундайларни жавобгарликка тортиш керак. Ёзганларига умуман қўшилмайман, — деди раис.

— Жамшид Ўсаров ҳақидаги гапларга нима дейсиз?

— У аллақачон бўшатилган. Ёзаверади-да. Мана, яқинда Тойлоқдан ҳам шунга ўхшаганлар ёзган экан. Тасдиқланмади. Кечирим сўрашди.

— Куни кеча Ғулом Нишоновнинг шикоятини ўрганиш мақсадида «Жом» мол бозорида бўлдик. Сиз бўшатилган деган Жамшид Ўсаров патта пулини йиғаётганлигини кўр­дим. У билан суҳбатлашдим, — дея уюшма раиси ва ўринбосари олдига суратларни қўйдим.

— Бўлса бордир, — деди ­Тоҳир Мамадалиев. — Сизга айт­сам, шу шикоятчи ўзининг иши билан шуғуллансин. Фермер хўжалиги бор, лицензиясиз таксислик қилади...

Ажабо...

Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан «Нуробод деҳқон бозори» МЧЖ ва унинг филиалларидаги қонунбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Нуробод туман ҳокими, ­Самарқанд вилоят Бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раиси ҳамда «Нуробод деҳқон бозори» МЧЖ раисига тақдимномалар киритилган.

Хусусан, «Жом» деҳқон бозори ва «Жом» мол бозори филиаллари фаолияти юзасидан солиқчилар томонидан қисқа муддатли текширишлар ўтказилиб, бозор назоратчилари сотувчилардан бир марталик йиғимларни ундириб, назорат-касса машинасида чек бермаганликлари ва бошқа бир қатор хато-камчиликлар аниқланган. Унинг натижаларига кўра, жамият мансабдор шахсларига нисбатан тегишли маъмурий жазо чоралари ва жамиятга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилган.

Жумладан, «Жом» мол бозори филиалида ўтказилган қисқа муддатли текширишларда бозор назоратчиси Жамшид Ўсаров бозорга келган сотувчилардан бир марталик йиғим суммасини назорат-касса машинасидан чек бермасдан йиғиб олаётганлиги такроран аниқланган.

Ўтказилган назорат тадбирлари натижалари шуни кўрсатганки, мазкур бозорларда хронометраж ва текшириш ўтказилган кунлар бир марталик йиғимдан тушган тушумлар кескин кўпайиб, назорат тадбирлари ўтказилмаган кунлар эса кескин ­камайиб кетиши кузатилган. Бу ҳолат бозор назоратчилари томонидан бир марталик йиғимдан тушган маблағлар тўлиқ кирим қилинмасдан, ўзлаштирилаётганидан далолат беради.

Бозор ва унга қарашли барча филиаллар ҳудудларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмаган, асфальтланмаган, электр энергияси билан таъминланмаган, ёриткичлар ўрнатилмаган ва тегишли инфраструктура ишлари шакллантирилмаган. Айрим филиалларда савдо расталари мавжуд эмаслиги сабабли фуқаролар ерда ва белгиланмаган жойларда савдо қилишмоқда.

Шикоят хатида кўрсатилган важларни ўрганиб қайтганимиздан кейин орадан олти ой ўтди. Биз бозордаги вазият яхши томонга ўзгарса керак, деган фикр­да мақолани чоп этишга шошилмаган эдик. Масъуллар «Жом» мол бозорида тартиб ўрнатиб, Жамшид Ўсаровнинг патта йиғишига чек қўйишар, дея ўйлагандик. Яқинда яна «Жом»да бўлиб, бозорга кирдик. Мол бозорига кираверишда Жамшид Ўсаров шериги билан патта пулини олаётганига гувоҳ бўлдик... Бу ҳолни қандай тушуниш мумкин?

Вилоят Бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раиси Тоҳир Мамадалиев эса «ишлаётган бўлса, нима қилибди», деган кайфиятда юрибди. Эҳтимол, бозордаги тартиб-интизом, давлат хазинасига пул тушуми аҳволи ҳам уни қизиқтирмаса керак. Акс ҳолда, масалага муносабати бошқачароқ бўларди...

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

Ушбу мақоладаги масала бир қарашда майда мавзуга ўхшаб туюлади. Кичик бир бозордаги патта тушумини муаммо қилиб кўтариш шартмиди, деб ўйлайдиганлар топилади.

Биринчидан, фуқаролар шикоят қилгани учун масалани ўрганишимиз керак эди. Иккинчидан, сир эмас кўпгина бозорлардаги тушумларнинг аксарият қисми кассага эмас, кимларнингдир чўнтагига тушаётгани одатий ҳолга айланиб қолганини биламиз. Тўғриси, назорат қилувчилар ҳам, жамоатчилик ҳам бунга кўникиб қолгандекмиз.

Ўйлаб кўрайлик, республикамизда қанча катта-кичик бозорлар бор, кундалик тушумларнинг қанчаси уёққа, қанчаси буёққа кетяпти? Ушбу мақолани ёритишдан мақсад — бозорлардаги тартиб-интизомга яна бир бор эътибор қаратиш, камчиликлар устида ўйлаб кўришга масъулларни, жамоатчиликни даъват этиш. Эҳтимол, бозорларни тартибга солишнинг янги — инновацион усуллари ҳақида ўйлаб кўриш керакдир. Эҳтимол, ҳафтанинг ҳар якшанбасини «Бозорлар куни» деб эълон қилиш ва шу куни тегишли идоралар мутасаддилари жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда бозорларни айланиши, тартиб-интизомдан кўз-қулоқ бўлишини йўлга қўйиш керакдир. Ўшанда тушумларни қиёслаб кўриш имконияти яратилади, камчиликларга маълум даражада барҳам берилади, харидорлар манфаати ҳимоя қилинган бўлади.



DB query error.
Please try later.