22.02.2018

БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН БЕРЛИН

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида турли соҳаларда эришилаётган ютуқ ва тажрибаларни ўрганиш, уларнинг турмуш тарзи, саноат, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш йўналишларида қандай янгиликларга эришилаётганидан хабардор бўлиш, бир сўз билан айтганда, жаҳон аҳли билан бўйлашиб яшаш бугунги кунда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.

Юртимиз фермер ва тадбиркорлари ҳам ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда турли давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиб, уларни ўз фаолиятида изчил жорий этмоқдалар. Ўтган йили бир гуруҳ фермер ва тадбиркорлар Европанинг Италия, Швейцария, Бельгия, Голландия, Франция, Германия, Польша каби давлатларида бўлиб, тажриба ўрганиб қайтишди.

Шукурки, бир ижодкор сифатида улар сафида бўлиш менга ҳам насиб этди. Сафар таассуротлари асосида ёзган публицистик рисоламда инсоният эришган бугунги тараққиёт манзаралари, кўҳна қитъага хос қадриятлар, боқий анъаналар, ишбилармонлик тажрибаси, айни пайтда, Ватан соғинчи, юрт қадри, миллат ғурури, маънавий пок­лик борасида баҳоли қудрат фикр билдирдим. Қуйида севимли газетамиз ўқувчиларига ушбу рисоламдан айрим қисмларини ҳавола қиляпмиз.

Бир қарашда биз Берлинни яхши биламиз. Бу шаҳар ҳақида ўрта мактаблар партасидаёқ ўқиганмиз. География дарсида шаҳар табиати ҳақида маълумотлар олиб, тасаввурлар ҳосил қилганмиз. Аммо дангали гапни айтадиган бўлсак, бу шаҳар ҳақидаги қарашларимиз саёз эди. Сабаби — ҳукмрон мафкура туфайли юзаки ва бирёқлама тушунчага эга эдик.

Хуллас, биз Германияга, Берлин шаҳрига етиб келдик. Йўллар тир­бандлиги боис тўхтаб-тўхтаб юриб, ҳатто ўн икки соатдан ҳам зиёдроқ йўл босишимизга тўғри келди. Бизни жиззахлик ҳамроҳимиз Очил ­Саидовнинг 15 йилдан бери Берлинда яшаб, ишлаётган ўғли ­Фахриддин кутиб олди ва Берлин бўйлаб уюштирган сафаримизга бош бўлди. «Европа CITV» меҳмонхонасига жойлашдик. Меҳмонхона жуда эски, хонадаги иситиш ускуналари, худди биздагидек, чўяндан. У урушдан кейин қурилган бўлса керак, деган хаёлга бордик. Бу ердаги лифтларга икки киши аранг сиғади. Аммо ётоқхоналарда немис халқига хос саранжом-саришталик, файзу тароват, тозалик уфуриб турибди. Хонада барча имкониятлар бор.

Узоқ йўл юриб келганимиз боис оқшомда ётиб дам олдик. Тонгда, нонуштадан кейин, Берлин чеккасидаги, шаҳардан 20-25 километр наридаги савдо марказига бордик. Оила аъзоларимизга совға-салом, қолаверса, ўзимиз учун ҳам ул-бул харид қилишни мўлжаллаб қўйган эдик.

Савдо маркази асосан Берлин шаҳри аҳолиси учун хизмат кўрсатар экан. Шаҳар марказида сайёҳлар кўп бўлгани боис озиқ-овқат дўконларидаги кундалик зарур маҳсулотлар ҳам нисбатан қиммат, шунинг учун берлинликлар шу савдо марказига бориб харид қилишаркан. Ҳатто, қўшни Голландия давлати фуқаролари, айниқса, чегарага яқин турадиганлари овқатланиш учун ҳам Берлин ҳудудига ўтишар экан.

Тўғрисини айтганда, нарх-наво шунга арзигулик. Бир жиҳатни алоҳида қайд этмоқчиманки, биз Рим, Турин, Женева, Париж, Брюссель, Амстердам шаҳарларида бўлдик, лекин бирон жойда арзон маҳсулот кўрганимиз йўқ. Берлин меҳмонхонасига келиб тушганимиздан кейин Асқар билан 100-150 метр чамаси наридаги озиқ-овқат дўконига бордик. Бир литрлик иккита минерал сув, 1,5 литр сут, уч хил колбаса олдик, тасаввур қилинг, 6,5 евро бўлди. Юқорида номлари тилга олинган шаҳарларда бу камида 30 еврога бориши аниқ эди.

Биз шаҳар четидаги савдо марказида қарийб 4 соат савдо қилдик. Мен ўзим ва ўғлимга мобиль телефон аппарати, яна оила аъзоларим учун зарур нарсалар, қизлар, набиралар учун совғалар, Париждан ололмаган атирларни шу ердан олдим. Фахриддинга ҳамроҳларимиз, имкон бўлса, Берлинда бир ош есак, деган фикрни билдиришди. У Берлинда бир турк одам раҳбарлик қиладиган ошхона борлиги, бу жойда паловни жуда дўндириб тайёрлашларини айтганида кўпчилик, олдиндан буюртма бериб, кечга томон ўша ерга боришга ваъдалашди.

Биз савдо марказидан келгандан кейин метрога тушиб, уч бора йўлдан йўлга ўтиб, ошхонага етиб бордик. Бизга чойхонага ўхшаш жой дейилганди, йўқ, росмана бир бар, чоғроққина жой экан. Бўш ўрин топиб ўтирдик. Шўрванинг ўрнига ярим косадан қизил карам шўрва ичдик, кейин бир тақсимчадан ош едик. Айтиш керак, ошни ниҳоятда ўрнига қўйган, чиройли дамлаган экан. Карам шўрва 2,5 евро, ош ҳар бир кишига 10 евродан тушди. Хуллас, киши бошига чой, нон 15 евродан тўлаб, таом едик, мамнун бўлдик.

Берлиндаги биринчи кунимиз шундай ўтди. Таксида меҳмонхонага келдик.

22 ноябрь якшанба бўлгани боис биронта дўкон ишламас экан. Биз билан келганлардан 11 киши Польша давлатига ўтмасдан, Франк­фурт шаҳри орқали Ўзбекис­тонга учиб кетишлари керак эди. Эрта билан уларни йўлга кузатиб, ўзимиз етти киши-етти кишидан бўлиб 3 та такси чақириб, Берлин шаҳрини айлангани кетдик.

Рости, дастлаб келганимизда шаҳар унчалик улуғвор, кўркам кўринмаган эди. Аммо кейинги пайт­да қурилган замонавий бинолар, биз кўриб улгурмаган тарихий музейлар, руслар черкови, бир қанча муаззам бинолар — Рейхстаг, парламент биноси, Бош канцлер қароргоҳи, ҳукуматга тегишли бир қанча салобатли иншоотларни четдан кузатдик, томоша қилдик.

Мана, Рейхстаг биноси ёнидамиз. Бу бино ўрта асрлардаги олмон миллатининг муқаддас Рим ­империясидаги марказий ҳокимият органлари жойлашган бинодан бири, тарихий обида сифатида немислар учун ниҳоятда қадрли.

Айнан шу бинога 1945 йилда маршал Г.Жуков қўмондонлигидаги Биринчи Белоруссия фронти жангчилари томонидан ғалаба байроғи қадалган. Айтиш керакки, бу воқеа фашизм балосидан башарият халос бўлганининг рамзи сифатида тарихга кирди.

Бино қаршисида туриб тўрт-беш йил қон кечиб, Ўзбекистондан йўлга чиқиб, Германия тупроғигача бўлган масофани жанги жадаллар билан пойи пиёда босиб ўтган, не-не кўргуликларни бошидан кечирган, шу манзил маконгача омон етиб келиб, ғалабага саноқли кунлар қолганда шу ерларда шаҳид бўлган қаҳрамон ҳамюртларим, жасоратли ўзбек ўғлонлари хаёлимдан ўтади. Гўё уларнинг маъюс нигоҳлари менга боқиб тургандек туюлади. Чин дилдан тиловат қиламан. Яратгандан руҳи поклари шод бўлишини тилайман. Айнан шу ғалаба боис ер юзи аҳолиси эркин нафас олди. Шу ғалаба боис дунёда тинчлик яна бар­қарор бўлди, давлатлар ўртасида дўстона ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Буларнинг барчаси ана шу фидойи аждодларимиз жасорати туфайли бўлиб, буни унутиш асло мумкин эмас.

Табиийки, энди Германия каби машҳур давлат ва унинг пойтахти Берлин ҳақида ўқувчиларимизга бироз маълумот берамиз.

Берлинда машиналар тез юрадиган махсус «Автопан», деб номланган йўл бор экан. Ҳайдовчилар тезликни соатига 300 километрга етказиши мумкин. Аслида бу йўл уруш пайтида қурол-яроғни манзилга тез етказишни ўйлаб қурилган. Қолаверса, ҳарбий техниканинг тез юриши учун ҳам шундай йўл керак бўлган.

Фахриддиннинг фикрича, немисларда: «Биз дунёдаги энг зўр машиналарни чиқарамиз. Йўлимиз ҳам шунга яраша бўлиши керак. Тезликни чегаралашга ҳаққимиз йўқ», деган фикр бор экан.

Менга маъқул бўлгани бошқа шаҳарларга нисбатан Берлинда 40-50-60 қаватли чиройли, кўркам бинолар кўп экан. Хуллас, кўрса, завқ олса бўлади. Ҳозирги вақтда тарихга айланган Берлин деворини бориб кўрдик. Кўплаб бинолар олдида суратга тушдик. Такси ҳайдовчи Аюб исмли 55 ёшли турк экан. Тўрт қизи, бир ўғли бор экан. Ниҳоятда ҳушчақчақ. Аранг бир-биримизни таржимонсиз тушуниб, суҳбат қурган бўлдик. Чунки Фахриддин ­Мирзоҳид билан Ўзбекистонга қайтиши керак бўлган ҳамроҳларимизни Франкфуртга кузатгани кетишган эди. Демоқчиманки, барибир таржимонсиз қийналдик. Чет элга сафаримиздаги бироз йўл азоби, бирмунча қимматчиликка ҳам чидаса бўлар экан. Аммо тил билмаслик азоби, мушкулоти барчасидан ўтиб тушди. Рости, ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Қанча-қанча олтиндан қиммат вақтимизни елга совурганмиз, иккинчи, учинчи даражали ишлар учун вақт топганмиз, аммо тил ўрганишни хаё­лимизга ҳам келтирмаганмиз. Эндиги афсус ва надоматдан фойда йўқ эди.

Мен Фахриддиндан: «Немислардан нимани ўргансак бўлади?» деб сўрадим. Унинг жавоби бундай бўлди: «Жамоатчилик одобига қатъий риоя қилишади. Битта одам кўпчилик ичида бирон саволга нотўғри жавоб берса, биздаги каби кулиб юборишмайди. Бу ҳолни сезмагандек тутишади ўзларини. Немислар кўпчилик ичида бир кишини ҳеч қачон изза қилишмайди. Умуман, улар бировнинг устидан кулишни хуш кўришмайди.

Биз — ўзбеклар ўзимизни гоҳида ҳаддан ташқари меҳнаткаш, деб ўйлаймиз. Немислар бизга нисбатан кўпроқ меҳнат қилишади назаримда. Немислар вақт билан қатъий ҳисоблашишади. Бизга ўхшаб «Ҳормангга келдик», деб бир-бирига халақит бермайди. Биз иш жараёнида истаган пайтда танаффус қилишимиз мумкин. Уларда бундай эмас.

Немислар жуда-жуда тежамкор, дунё халқлари ичида бежизга «немисча ҳисоб-китоб», деган ибора қўлланмайди. Озиқ-овқатга ҳам ўта тежаб-тергаб пул сарфлашади. Немисларда «эллик ёшдан кейин ўзим учун яшашим керак», деган кайфият ҳукмрон бўлади ва улар бунинг уддасидан чиқишади.

Ёш болаларда ҳам жамоатчилик маданияти яхши ривожланган. Хато бўлса ҳам болаларига ўз фикрларини очиқ айтишга, мустақил фикр­лашга имконият яратишади. Китобга, кутубхонага муносабат немис жамиятида аъло даражада юксак. Уларда китобхонлик маданияти яхши шаклланган. Кутубхоналарга пенсия­га чиққан аёллар боғча ёшидаги болаларга китоб ўқиб бериш учун ўз эълонларини осиб қўйишади. Саводхонлик ҳам юқори даражада. Мактабга ёш болаларни фақат ота-онаси ёки тайинланган одам олиб боради. Болани ёлғиз қолдиришмайди.

Такрор айтаман, немислар вақт­дан унумли фойдаланишади. Вақтга худди пулдек муомала қилишади. Борадиган жойини бир кун олдин белгилашади. Белгиланган вақт­дан бир-икки дақиқа олдин сизни кутиб олишади. Кечикиш, сабабсиз келмай қолиш уларда жуда қораланади. Бирон тадбирга кечиксангиз, ўзингиз ноқулай аҳволга тушиб қоласиз...

Энди олис сафардаги ҳамроҳимиз Очил Саидов ҳақида икки оғиз сўз айтмасак, албатта адолатдан бўлмайди. Бу инсон Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилиб, камолга етган. Саккиз фарзанднинг — икки қиз, олти ўғилнинг падари бузруквори. Умрини маърифатга бағишлаган. Кўп йиллар ўрта мактабда кимё-биология фанидан ўқувчиларга сабоқ берди. Айни пайтда Жиззах шаҳрида яшаб, истиқомат қилади. Вилоят халқ таълими бўлимида услубчи бўлиб ишлайди. 58 ёшда. Фарзандларининг 6 нафари олий маълумотли.

Ҳамроҳимиз том маънода маърифатли инсон экани, умрини, ҳаётини фарзандлари камоли, илму одоби учун бахшида этгани ва бундан ўзи мамнун экани чеҳрасидаги нурдан, сўзидаги шукронадан кўриниб турарди.

— Яқинда бир китобда ўқиб қолдим, — дейди у. — Умрни узайтиришнинг бир шарти сафар экан. ­Рости ўн бир кундан бери Европа мамлакатларини айланиб, бу фикр­нинг тўғри эканини қалбим билан сезиб, англаб турибман. Шунча кун автобусда юришнинг ўзи бўлмайди. Аммо бизнинг чарчоғимизни шу яшиллик, шу ўрмонлар оляпти, дея ўйлаб қоламан. Инсон ҳаётдан аввал эзгулик излаши керак. Мени Европанинг табиати ва халқининг маданияти лол қолдирди. Ҳар бир халқда ибрат олса арзийдиган жиҳатлар бор. Муомала ва хизмат кўрсатиш маданияти, меъморлик маданияти, хуллас, яхши назар билан боққан одам яхшиликни кўради.

Яна биз кўрган юртлар фуқароларида меросга ҳурмат кучли экан. Сафаримиз менга маъқул, мазмунли ўтяпти. Тил ўрганиш албатта зарурлигини ҳис қилдим. Инсон, имкон топса, яхшиликка, эзгуликка хизмат қилавериши керак экан. Агар хизматни уддасидан чиқолмаса, яхши ният қилиши зарур. Чунки ­халқимиз эзгуликнинг эрта-кечи йўқ, деб бежиз лутф қилмаган.

Мен Европада юриб, ўзим эришолмаган ниятга фарзандларим эришаётганидан мамнун бўлдим. Нафақат Фахриддин, балки қизим Лола ҳам Германиянинг Нюрнберг шаҳрида олий ўқув юртининг иқтисодиёт факультетида таҳсил олади. Немис тилини яхши билгани учун ўзи интернет орқали грант ютиб олган. Бу йил февралда ўқишни битиради. Бир ўзи эмас, Ўзбекистондан 9 нафар ўғил-қиз келишган.

Энди аллақачон бизнинг қаҳрамонимизга айланиб улгурган ­Фахриддин Саидов ҳақида гапирсак. У 1979 йили таваллуд топган. Самарқанд давлат қишлоқ хўжалиги инс­титутида таҳсил олган. Тил ўрганган. Институтга ташриф буюрган юртимиздаги Германия элчихонаси вакиллари «Сен немис тилини яхши билар экансан», деб ­Падерборн шаҳрига 6 ойга ўқишга таклиф қилишган. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларида заҳарли моддаларни бартараф этиш юзасидан илмий иш олиб борган.

Кейинги йилларда элчихона ходимларига ёрдам тариқасида Самар­қанддаги ва юртимиздаги бош­қа университетлардан Германияга келиб ўқиш истагида бўлган талабаларни имтиҳондан ўтказиб юрган. Хуллас, элчихона билан мус­таҳкам алоқада фаолият юритган.

2012 йил Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасига ишга таклиф қилишади. 2014 йилдан бошлаб эса Берлинда ўзининг қонуний ташкилотини очади. Ҳозирги кунда бизнесменларни самолётга билет билан таъминлайди, почта хизмати кўрсатади. Аёли немис тилидан бошланғич синфларга дарс беради.

 

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири.



DB query error.
Please try later.