22.02.2018

ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА ДЕПУТАТЛАР

яхлит тизим сифатида ишлаши талаб этилади

Боймурод ЮСУПОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:

— Сиёсий партиялар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ташаббускор бўлиши зарур. Бугунги замон шиддати биздан шуни қатъий талаб этмоқда.

Бунинг учун нима қилиш керак? Аввало, партиянинг марказий органи ишини тизимлилик асосида қайта кўриб чиқиш, қуйи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш керак бўлади.

Ўтган йили Ўзбекистон ХДП кенгашлари қошидаги 206 та ­Жамоатчилик қабулхонасига 10244 мурожаат тушган бўлиб, уларнинг 7490 таси, яъни 73 фоизига ечим топилган, қолганлари эса назоратга олинган. Мурожаатлар соҳа ва йўналишлар кесимида таҳлил қилинганида, уларнинг асосий қисми иш билан таъминлаш, коммунал хизматлар кўрсатиш, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий масалаларга доир экани маълум бўлди. Бу ҳудудий партия ташкилотларимиз, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳларимиз ишини тубдан кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Нимага десангиз, жойлардаги ижтимоий масалаларни ҳал қилиш бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятига қачон ва нимага асосан баҳо бериш мумкин?.. Ҳудуддаги умумий вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, жиноятчилик камайса, янги иш ўринлари яратилса, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланса, шунда маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади. Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифи чоғида, фаоллар билан йиғилишларда бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда. Демак, ҳали камчиликлар оз эмас.

Мисол учун, кўплаб маҳаллий партия кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти тегишли низом талаблари асосида олиб борилмаяпти. Сайёр қабуллар кутилганидек ташкил этилмаётир. Аҳоли томонидан кўтарилган муаммоли масалалар ечимини топиш деганда, кўпчилик ташкилотларга хат орқали мурожаат этишни ёки маҳаллий Кенгашлар сессиясига номига масала киритишни тушунмоқда.

Аччиқ бўлса-да, тан олишимиз керак, партия Марказий Кенгаши фаолияти ҳудудий кенгашларга, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар туман, шаҳар кенгашларига етиб бормаяпти.

Ўз навбатида, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг таъсири сезилмаяпти, улар томонидан қилинаётган ишлар, ташаббуслар жуда кам. Жойлардаги муам­моларни ҳал этишда партия гуруҳлари томонидан сессиялар кун тартибига имконият даражасидан кам миқдорда масала киритилмокда. Бир сўз билан айтганда, марказ ва қуйи тизим бир-бирини етарлича тушунмаётганлиги натижасида қатор камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Масалан, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ташаббуси дастурий мақсадларни амалга оширишга эмас, кўпроқ депутатларнинг ўз сайловчилари билан учрашувлари давомида кўтариладиган алоҳида масалаларни ҳал этишга қаратилмоқда. Бу эса депутатлик назорати воситалари, жумладан, депутат сўровидан етарлича фойдаланилмаслигига олиб келяпти. Аксарият ҳолларда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари – депутатлар мазкур ҳуқуқдан қонунлар ва муҳим қарорларнинг ижро этилишини назорат қилиш эмас, балки шахсий масалалар юзасидан йўлланган мурожаатларни ҳал қилишга кўмаклашиш илинжида фойдаланмоқда.

Сиёсий партиялар ташкилотлари ва депутатларнинг иш услубини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида жойларда «марказ-вилоят-туман» тартибида ишлайдиган тизим йўлга қўйилди. Юқоридан паст­га тушиб, ҳам депутатларни, ҳам турли аҳоли қатламларини Олий Мажлис палаталари, сиёсий партия­лар фаолияти, қонун ижодкорлиги, қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатлари ҳақида хабардор қилиб боришни йўлга қўйиш муҳим вазифа.

Яна бир аҳамиятли томони, шу орқали Олий Мажлис иш услубини вилоят кенгашларига, вилоят кенгашлари иш услубини эса туман ва шаҳар кенгашларига ўргатиш имконияти пайдо бўлади. Ҳаётга, одамлар ичига кирмасдан, улар билан мулоқот қилмасдан, фақат юқоридан туриб топшириқ беришдек номақбул амалиёт энди иш бермаслигини, ундан бутунлай воз кечиш вақти келганини ҳаммамиз тушунишимиз керак.

Бунинг учун, биринчи навбатда, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларида электорат манфаатлари амалда ҳимоя қилинишига эришиш зарур. Жумладан, маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан биргаликда партия электоратини ўйлантираётган муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда умумий ечим йўлларини топишга эътибор қаратиш талаб этилади. 2017 йилнинг декабрь ойида «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар бунга имкон беради.

Маълумки, мазкур қонун билан белгиланган янги меъёрлар сиёсий партиялар депутатлик бирлашмаларининг сессияларда давлат ҳокимияти ижро этувчи органлари мутасадди шахслари ҳисоботларини эшитиш ташаббусини илгари суриш билан боғлиқ масалалардаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтирди. Шунингдек, партия гуруҳларининг Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Кенгашларига киритиладиган масалаларга доир таклифлари кўриб чиқилиши шартлиги белгиланди.

Лекин битта савол очиқ қолмаслиги керак. Яъни, маҳаллий Кенгашлар депутатлари кимдан ва қаердан тажриба ўрганади? Янгича ҳуқуқий шароитда ишлаш учун уларга яқиндан кўмаклашиш лозим бўлади. Ўйлашимизча, бу ўринда айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга.

Биринчидан, қонун лойиҳалари устида ишлаш бўйича Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоларининг 2018-2019 йилларга мўлжалланган иш режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш керак.

Яъни, Ўзбекистон ХДП Сайлов­олди дастури асосида қонун лойиҳаларини тайёрлаш мақсадида ЎзХДП фракцияси аъзолари, ­тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳларини шакллантириш ҳамда белгиланган муддатларда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокамага киритиш амалиётини жорий этиш.

Иккинчидан, ижтимоий йўналишда қабул қилинган қонунларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, бир-бирини такрорловчи, бир-бирига зид меъёрларни аниқлаш, қонуности ҳужжатларини ажратиш ва яхлит тизимга келтириш, қонун ва қонуности ҳужжатларининг бир-бирига мос келишини таҳлил қилиш, шуларнинг натижаларидан келиб чиқиб, қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси билан чиқиш лозим.

Учинчидан, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган қонун ҳужжатлари бўйича Ўзбекистон ХДП позициясининг бошқа сиё­сий партиялар позициясидан фарқ қилишини таъминлаш. Партиялар­аро баҳсларни олиб бориш учун тегишли ва аниқ таклифларни ишлаб чиқиш.

Тўртинчидан, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган қонун лойиҳалари юзасидан тайёрланган фракция таклифларини кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиш.

Бешинчидан, ҳар бир қонун лойи­ҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан, яъни фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш, аҳоли ўртасида очиқ муҳокамалар ташкил қилиш. Шу мақсадда қонун лойиҳалари бўйича давра суҳбатлари, жамоатчилик баҳс­лари, жумладан, партиялар­аро баҳсларни ташкил этиш.

Олтинчидан, фракция мажлисларида партия фаоллари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг иштирокини таъминлаш, муҳокама этилаётган қонун лойиҳаси юзасидан уларнинг ҳам фикрларини инобатга олишни амалиётга жорий қилиш.

Еттинчидан, Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш тўғрисидаги қарорига мазкур лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига чиқариш ҳақидаги меъёр киритилишини кўзда тутиш муҳим, деб ўйлайман.

Шулар орқали қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бу жараёнда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш масалаларини босқичма-босқич ҳал этиб бориш мумкин бўлади.



DB query error.
Please try later.