20.02.2018

ЎЗ УЙИДАН ҲАЙДАЛГАН ОИЛА

уч йилдан кўпроқ вақт мобайнида уйга эгалик ҳуқуқини тиклаш учун курашиб келмоқда

У олти ой давомида тўртинчи марта таҳририятимизга келди. «Яна ёрдам сўраб келдим», деди ҳорғин кайфиятда. Кейин 200 варақча келадиган қоғозларни столга қўйди. Бу гал суҳбатимиз икки соатча давом этди...

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бу бўлган воқеа. Узоқ ўтмишда эмас, бундан уч йилча илгари Андижон туманида рўй берган воқеа.

Одилжон Аҳмедов Андижон тумани «Оқ ёр» ҚФЙ Қўшариқ маҳалласида яшайди. 2012 йилда унинг ҳовлиси ёнидан ўтган катта йўл четида намунавий лойиҳалар асосида уйлар қуриладиган бўлади. У укаси ва онаси билан бирга яшаб келган 51-уй(ҳовли жой)нинг йўл томондаги катта қисмини бузишга тўғри келади. Андижон вилоят ҳокимлиги билан келишувга кўра, ҳовли жойнинг бузилган қисми ўрнида қуриладиган янги уй О.Аҳмедовга берилиши айтилади. Ўзаро келишувнинг асосий шартларидан бири шу эди.

Хуллас, отамерос уй икки қисм­га бўлинади, йўл юзида намунали лойиҳа асосида янги уй қурилади. 2012 йил 20 июль куни «Қишлоқ қурилиш банк» Андижон ҳудудий филиали билан О.Аҳмедов ўртасида 62 миллион 920 минг сўм (15 йил муддатга) ипотека кредити бериш тўғрисида 1/273-сонли шартнома тузилади. О.Аҳмедовлар оиласи янги уй (11-уй)га кўчиб ўтиб, яшай бошлайди.

2013 йилнинг иккинчи ярми ва 2014 йилда унинг оиласида рўй берган вақтинчалик муаммолар сабабли кредит бўйича белгиланган тўловларни жами олти ойча амалга оширолмай қолади. У кейинги ойларда қарз­дорликни ҳам қоплаб, тўловни давом эттиришни ўйлаганди. Бироқ бу қарздорлик учун яшаб келган уйидан ажралиб қолиши хаёлига ҳам келмаганди.

«Қишлоқ қурилиш банк» Андижон минтақавий филиали билан ипотека кредити бўйича тузилган шартномага кўра, қарз олувчи (О.Аҳмедов) тўлов мажбуриятларини бажармаган ҳолда, яъни тўлов муддатлари ўн икки ой мобайнида 3 мартадан кўп бузилганда, қарзни ундиришни ипотека предмети ҳисобланадиган мол-мулкка қаратиш назарда тутилган. Шунга асосан фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига «кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, ундирувни жавобгарнинг ипотека кредити эвазига қурилган уй-жойга ва бошқа мол-мулкларига қаратиш ҳақида»ги даъво аризаси киритилади.

Суд ушбу даъвони 2014 йил 6 июнь куни кўриб чиқади. Унда О.Аҳмедов шартнома талабларини бажармагани, 2014 йил 1 март ҳолатига кўра, асосий кредит қарзи ва кредитга ҳисобланган фоиздан, эътибор беринг, жами 6 миллион 708 минг 316 сўм муддати ўтган қарздорлик юзага келгани қайд этилади. Суд ишни муҳокама қилиб, «Қишлоқ қурилиш банк» Андижон минтақавий филиали ва О.Аҳмедов ўртасида 15 йил муддатга тузилган шартномани муддатидан олдин бекор қилиш, О.Аҳмедовдан жами 66 миллион 632 минг 648 сўм қарзни ундириш, ундирувни эса жавобгарнинг мол-мулкига қаратиш ҳақида қарор қабул қилади.

Суднинг бу қарори суд ижрочилари Андижон туман бўлими томонидан ижро этилиши керак эди. (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги тегишли фармони билан Суд департаментининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонун ва бош­қа қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифалари, функциялари ҳамда ваколатлари Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига ўтказилган).

Қонунга мувофиқ, қарздорликни ундириш мол-мулкка қаратилганда, мол-мулк хатланади, қарздорнинг мол-мулкини реализация қилиш (сотиш) эса шартнома-воситачилик асосларида ёхуд электрон онлайн-аукционларда амалга оширилади. Қарздорнинг хатланган мол-мулкини реализация қилиш хатланган кундан бошлаб икки ой ичида уни сотиш йўли билан амалга оширилиши белгиланган. Агар мулк ким ошди савдосида сотилмаса, арзонлаштирилган ҳолда қайта савдога қўйилиши, шунда ҳам сотилмаган ­тақдирда мулк қарзни ундирувчига қайтарилиши лозим.

Яъни, қонун талабларига асосан О.Аҳмедовнинг уйи суд ижрочилари ­Андижон туман бўлими томонидан ким ошди савдосига қўйилиши зарур эди.

Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2014 йил 6 июндаги қарорини ижро этиш бўйича суд ижрочилари Андижон туман бўлими 2016 йил 15 сентябрда (икки йилдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин) қарор чиқаради. Ушбу қарорда уй ким ошди савдосига қўйилгани, лекин сотилмагани, шунинг учун «Қишлоқ қурилиш банк» Андижон минтақавий филиалига топширилиши қайд этилади.

 Масаланинг ҳайратланадиган томони шундаки, бу воқеалардан О.Аҳмедов бехабар бўлган. У уйидан айрилгани, уй банк томонидан бошқа шахс — Андижон йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Эргашев Озодбекка сотиб юборилгани, шунинг учун уйни бўшатиб қўйиши кераклиги, бу ҳақда фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди қарор чиқаргани тўғрисида 2017 йил июль ойида хабар топади. Бу ҳақда унга суд ижрочилари чақириб маълум қилади.

О.Аҳмедов суднинг уйдан кўчириш ҳақидаги қароридан норози бўлиб, Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят судига апелляция шикояти беради. Мазкур суднинг 2017 йил 11 июльдаги ажрими билан бу шикоят қаноатлантирилмайди. О.Аҳмедов ўз адвокати орқали 2017 йил 27 июль куни банкдан 11-уйга оид маълумотларни олганида, отамерос ҳовли-жой ўрнида қурилган янги уйдан, уй учун тўланган 68 миллион сўм пулдан маҳрум бўлганини билади.

Шундан кейин О.Аҳмедов уй қачон ким ошди савдосига қўйилганини билишга уринади. Суд ижрочилари бу ҳақдаги маълумотларни тақдим этмагандан сўнг, адвокат орқали «Кўчмас мулк савдо» МЧЖ ҳудудий филиалига сўров хати юборилади. Ушбу ташкилотдан 2017 йил 8 август куни олинган жавоб хатида Аҳмедов Одилжон Саидали ўғлига тегишли бўлган уй-жойни ким ошди савдосида сотиш бўйича суд ижрочилари томонидан буюртма тушмагани, бу уй савдога қўйилмагани маълум қилинади. Демак, суд ижрочилари Андижон туман бўлимининг уй ким ошди савдосида сотилмагани учун «Қишлоқ қурилиш банк» Андижон минтақавий филиалига топширилсин, деган қарори шубҳали бўлиб чиқади.

Шунга асосан О.Аҳмедов турмуш ўртоғи З.Саидова билан бирга суд ижрочилари Андижон туман бўлимининг сотилмаган кўчмас мулкни ундирувчига топшириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги (2016 йил 15 сентябрь) қарорини ғайриқонуний деб топиш тўғрисида Избоскан туман маъмурий судига шикоят қилади. Мазкур суд ишни 2017 йил 7 сентябрь куни кўриб чиқиб, шикоятни қаноатлантиришни рад этади.

Начора, энди Фарғона вилоят маъмурий судига апелляция шикояти билан мурожаат қилинади. 2017 йил 15 ноябрь куни апелляция инс­танциясининг очиқ суд мажлисида бу иш Фарғона вилоят судининг ­судьяси Ў.Пўлатов раислигида атрофлича кўриб чиқилади. Ушбу судда суд ижрочилари Андижон туман бўлими О.Аҳмедовга тегишли бўлган кўчмас мулкни ундирувчи, яъни «Қишлоқ қурилиш банк» Андижон минтақавий филиалига топшириш ҳақида ғайриқонуний қарор қабул қилгани, бу жараёнда қонун талабларига риоя этилмагани қайд қилинади. Хусусан, уй-жойнинг аукцион савдоларига қўйилган ёки қўйилмагани, кўчмас мулкни сотиш бўйича ким ошди савдо ташкилотига буюртма берилган-берилмагани билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмагани, ижро ишига оид маълумотлар иш ҳужжатларига қўшилмаганига эътибор қаратилади.

«Кўчмас мулк савдо хизмати» МЧЖ Андижон вилоят филиали томонидан 11-уй бўйича буюртма берилмагани ва у аукцион савдосига қўйилмагани ҳақида маълум қилингани, шунингдек, «Қишлоқ қурилиш банк» Андижон минтақавий филиали ҳисоботида ўша ипотека кредити бўйича тўловлар О.Аҳмедовдан 2015 йилда ҳам қабул қилингани маълум бўлади. Қизиқ, суд қарорида банк билан О.Аҳмедов ўртасидаги шартнома бекор қилинади-ю, лекин уй учун тўловларни банк қабул қилиб келади.

Шуларга асосан Фарғона вилоят маъмурий суди Избоскан туман судининг (2017 йил 7 сентябрдаги) ҳал қилув қарорини бекор қилиш, суд ижрочилари Андижон туман бўлимининг (2016 йил 15 сентябрдаги) сотилмаган кўчмас мулкни ундирувчига топшириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қарорини ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги апелляция шикоятини қаноатлантириш бўйича ажрим чиқаради...

Бу ажрим 2017 йил 15 ноябрь куни чиқарилган.

Ушбу ажримга асосан О.Аҳмедов фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига О.Эргашев билан «Қишлоқ қурилиш банк» Андижон минтақавий филиали ўртасида тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича даъво аризаси киритган. Лекин мазкур даъвони кўриб чиқиш суд томонидан тўхтатиб қўйилган...

Хуллас, бўлиб ўтган воқеа шундан иборат. О.Аҳмедов даъвоси қачон кўриб чиқилишини кутиб, ҳозиргача югуриб юрибди. Бизга ҳам шу масалада ёрдам сўраб келган экан...

Яна бир ғалати ҳолат кишини ўйлантиради. О.Аҳмедовнинг оиласи 2017 йилнинг октябрь ойида ­уйидан чиқариб юборилган. Улар қаерга кетди, деб ўйлайсиз?.. Улар ҳалиям шу уйнинг ҳовли дарвозасидан кириб чиқяпти. Чунки, 11-уй катта йўл бўйида жойлашган. Эски ҳовли жойнинг бузилмай қолган қисмидаги уйга фақат янги уй дарвозаси орқали кириб чиқилади. Бош­қа чораси йўқ: эски ҳовли(ча)нинг ҳар икки ёни ва орқа томонида қўшниларнинг иморатлари жойлашган.

О.Аҳмедовнинг 4 нафар фарзанди бор. У билан бирга яшаб келган укаси Юлдашев Рустамбекнинг турмуш ўртоғи, 3 нафар фарзанди бор, лекин келин жой йўқлиги учун болалари билан ҳозир ота-онасиникида яшаяпти. Бир ёқда опа 3 фарзанди билан сарсон. Битта уй можаросини деб уч оиланинг тинчи бузилган, ҳаловати йўқолган. Энди ўзимизни улар ўрнида бир тасаввур қилиб кўрайлик... Уйсиз йил, ойлар у ёқда турсин, бир кун, бир соатни ўтказиш амри маҳол эмасми?.. Уч оиланинг бошида дуогўй бўлиб турган 75 яшар онахон торт­ган руҳий азобга изоҳ шарт бўлмаса керак.

Уй билан боғлиқ можаролар куча­йишидан олдин О.Аҳмедов қурилиш материаллари сотиш билан шуғулланган, яхшими-ёмонми 10 нафардан ортиқ маҳалла ёшларини иш билан банд қилган экан. Лекин идорама-идора, судма-суд югуришлар асабларини тамом қилган, натижада иш тўхтаб қолган. Бунинг увол-савоби, савол-жавоби кимнинг гарданига тушиши керак?..

О.Аҳмедов таҳририятимизга келган (2018 йил 9 февраль) куни Олий суд қабулида ҳам бўлган. Шундан кейин, 12 февраль куни фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлар­аро суди О.Аҳмедовнинг даъво аризаси бўйича иш юритишни тиклаган. Воқеанинг охири нима бўлади?.. Оила уч йилдан кўпроқ вақт курашиб, уйга эгалик ҳуқуқини тиклай оладими ёки...

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 



DB query error.
Please try later.