20.02.2018

ФУҚАРОЛАР ЭМАС, ҲУЖЖАТЛАР ҲАРАКАТЛАНАДИ

Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари буни таъминлайди

Президентимизнинг Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги Фармонига асосан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилган эди. Ушбу тизимнинг фаолияти, мазмун-моҳияти нималардан иборат? Мухбиримиз Миробод тумани Давлат хизматлари маркази раҳбари Диёр Обидов билан ана шулар ҳақида суҳбатлашди.

 

— Аввало давлат хизматлари нималардан иборат ва унинг қанақа афзалликлари бор, деган саволга жавоб излайлик, — дейди Диёр ­Обидов. — Яширишнинг ҳожати йўқ, кўз ўнгимизда бўлган воқеа — тадбиркорлик фаолиятини бошлашни ният қилган одам ҳар хил ҳужжатларни йиғиш учун кўплаб идораларга бош суқарди, сарсон-саргардон бўларди. Бюрократия, коррупция, қоғозбозлик шунчалик кучайиб, томир отиб кетган эдики, бечора тадбиркор керакли-кераксиз ҳужжатларни йиққунча кўп вақт ўтиб кетарди.

Тўғри, бундан 15 йил муқаддам туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузурида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари ташкил этилиб, улар «ягона дарча» тамойили асосида иш юрита бошлади. 2016 йилнинг январидан мазкур инспекциялар негизида ташкил қилинган тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари томонидан янада соддалаштирилган хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Жорий йилнинг 1 февралидан мазкур ягона марказларнинг Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши ва вертикал бошқарув тизимининг ишга туширилиши тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 37 тагача оширди. Энди ҳар бир фуқаро бу хизматлардан фойдаланиши мумкин ва уларнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилди.

— Демак, бундан буён тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, фуқаролар ҳам ушбу тизим хизматидан фойдаланади.

— Албатта. Ўтган йилнинг 1 апрелидан бошлаб тадбиркорларни рўйхатга олиш тартибини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берадиган автоматлаштирилган тизим ишга туширилди. Хабарингиз бўлса керак, бу янгилик «Doing Business 2018» глобал рейтингидаги «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга кўтарди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Давлат хизматлари агентлиги тузилмалари томонидан ҳозир қирққа яқин турдаги хизматлар кўрсатилаётган бўлса, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб бундай хизматлар жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилади ва уларнинг сони яна 13 тага кўпайтирилади.

2020 йил ­охиригача эса бу кўрсаткич юздан ошади. Жорий этилган электрон навбат муаммосига ечим излаб келган фуқарони рўйхатга олади ва масаласини ҳал этишни тезлаштиради. Масофадан туриб олиб бориладиган видеокузатув тизими кўрсатилаётган хизматларнинг узлуксизлиги ва сифатини кузатиб бориш имконини беради. Компьютер ускуналари бўл­маган ёки интернет тармоғидан фойдаланиш­ имкони йўқ фуқа­ролар учун барча давлат хизматлари марказлари махсус инфокиосклар билан таъминланади.

Узоқ ва олис жойлардаги аҳо­­лига енгилликлар яратиш мақ­са­­дида барча зарур техникалар билан таъминланган автотранспорт воситалари орқали бевосита жойларга бориб, уларга мобиль давлат хизматлари кўрсатилади.

Кўрсатиладиган барча давлат хизматлари қатъий равишда инвентаризация қилинади ва Давлат хизматлари ягона реестридан рўйхатдан ўтказилади. 2018 йил 1 июндан бошлаб мазкур реестрга киритилмаган давлат хизматлари кўрсатилишига йўл қўйилмайди.

— Фуқаролар бу хизматлар орқали қандай муаммоларини ҳал қилиши мумкин?

— Фуқароларимиз кундалик ҳаётимизда зарур бўладиган муҳим ҳужжатларни расмийлаштиришда турли қийинчиликларга дуч келишарди. Эндиликда электр-энергия, газ, сув, канализация ва иссиқлик таъминоти ҳамда бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, якка тартибда уй-жой қуришни амалга оширишга рухсатнома, турар-жой бўйича рўйхатга олиш (прописка), рўйхатдан чиқариш ва ҳисобга қўйиш, турли ФҲДЁ ва нотариал органлари архив маълумотномалари, патентлар, гувоҳномалар ва расмий ҳужжатлар дубликатларини олиш каби ҳужжатлар расмийлаштирилиши давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган автоматлаштирилган тизим ёрдамида амалга оширилади.

— Бу борада дунё мамлакатлари тажрибаси ҳам ҳисобга олинган бўлса керак?

— Бир жойнинг ўзида давлат хизматлари кўрсатилиши амалиёти бир қатор хорижий давлатлар тажрибасида бор ва бугунги кунда жуда кўплаб давлатлар ана шу усулга ўтмоқда. Бу янги соҳа бўлгани учун давлат хизматларини амалиётга самарали ва тезкор жорий этиш мақсадида хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди, Адлия вазирлигининг бир гуруҳ масъул ходимлари Озарбайжон ва Грузия давлатларида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш амалиё­тини ўрганиш бўйича хизмат сафарида бўлиб қайтди.

— Уларнинг бу борадаги тажрибалари янги тизимни ишга туширишда қанчалик қўл келди?

— 2012 йилдан бошлаб Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик хизматлари ва ижтимоий инновациялар бўйича давлат агентлиги ҳузурида «ASAN ­xidm t» маркази ташкил этилган бўлиб, бу марказ давлат идоралари томонидан кўрсатиладиган хизматларни ягона ва мажбурий шаклда бажарилишини таъминлайдиган уюшма ҳисобланади. Ана шу марказ фаолияти 6 йил мобайнида такомиллашди, унинг негизида муайян, яхлит бир тизим яратилди. Ҳозирга келиб мазкур марказ томонидан аҳолига 200 дан ортиқ хизматлар кўрсатилмоқда.

Ўзингиз тасаввур қилинг, бу бир одамга қанчалик имкониятлар яратишини! Озарбайжонда ўндан зиёд ана шундай «ASAN xidm t» маркази фаолият кўрсатади. Мобиль хизматларни кўрсатиш учун 10 автобус ажратилган бўлиб, ушбу тизим ор­қали ҳозиргача 13 миллиондан зиёд фуқарога турли хилдаги хизматлар кўрсатилган. Ўтказилган сўров натижаларига кўра, аҳолининг 98 фоизи ўзларига кўрсатилаётган бундай автоматлаштирилган хизматлардан мамнун. Грузияда эса жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш муассасаси «Адлия уйи» деб аталади ва у аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган 300 дан ортиқ хизматларни ўзида бирлаштирган. Агар Жанубий Корея тажрибасини таҳлил қиладиган бўлсак, кўчиш, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва бошқа қарийб 5000 турдаги маълумотлар 100 фоиз онлайн тарз­да тақдим қилинмоқда. Компанияларни рўйхатга олиш ва бошқа 3020 турдаги аризаларнинг 76 фоизи онлайн амалга оширилади. Фуқарони рўйхатга олиш маълумотномаси ­нусхаси ва бошқа 1208 турдаги ҳужжат олиш билан боғлиқ хизматларнинг 99 фоизи Интернет ёрдамида битказилмоқда.

— Мамлакатимизда кейинги пайтларда «Электрон ҳукумат» тизими ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш вазифаси муҳим аҳамият касб этаяпти...

— Тўғри, бошқарув жараёнини автоматлаштириш, ҳудудлар ва бутун мамлакатда юзага келаётган таҳдид ва муаммоларга ўз вақтида ҳамда муносиб таъсир кўрсатиш учун ахборот алмашишнинг самарали тизимини шакллантириш мақсадида барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида «Элек­трон ҳукумат» тизими ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш вазифаси белгиланган.

Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашнинг таъсирчан механизм­ларини яратишда, уларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидан тезкор баҳраманд бўлишида «Электрон ҳукумат» тизими жуда қўл келади. Бу — аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилайди, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини барқарорлаштиради ва бизнесни янада ривожлантиришга имкон беради.

Айтиш керакки, давлат хизматларини кўрсатишда Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонуни муҳим аҳамият касб этади. Қонунга кўра, электрон давлат хизмати — ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилган ҳолда кўрсатиладиган давлат хизмати ҳисобланади.

Қонун давлат органлари фаолия­тининг самарадорлигини, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлайди, уларнинг масъулияти ва ижро интизомини кучайтиради. Бунда тадбиркорлик субъектлари электрон ҳужжат асосида иш юритади, статистика ҳисоботини тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар олишда, шунингдек, давлат органларидан ахборот олиш жараёнларида ундан фойдаланади.

Шу билан бирга, бу қонун тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланишига кенг имконият яратади. «Электрон ҳукумат» тизими орқали коммунал хизматлар ҳисобга олинади, назорат қилинади ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган усули жорий этилади. Нақд бўлмаган ­элек­трон тўловлар, давлат харидларини амалга ошириш, масофадан фойдаланиш тизимлари ва банк-молия соҳасидаги фаолиятнинг бошқа электрон шакллари ривожлантирилади.

— Бундай ислоҳотлар жойларда фаолият кўрсатаётган ваколатли органлар масъулиятини оширади, албатта...

— Бу жараён амалга оширилаётган ислоҳотларнинг уйғунлиги ва изчиллигини таъминлайди, давлат хизматларини сифатли бажариш учун ваколатли органлар ва ташкилотларнинг жавобгарлигини оширади. Энди нафақат тадбиркорлар, балки оддий фуқаро учун ҳам бир жойда, бир зумда давлат хизматларини кўрсатишга шароит яратилади.

Яна шуни алоҳида таъкидлашим керак, Давлат хизматлари марказлари Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритади.

— Бундан буён фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади, дейилаяпти...

— Тўғри, давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш механизмининг шакллантирилиши ортиқча, кераксиз ҳужжатлар йиғишни бартараф этади, ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар зарур ҳужжатлар ва ахборотларни бошқа тузилмалардан мустақил равишда олиши соддалаштирилади.

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига инновацион ечимлар ва ахборот-коммуникация технология­ларини жорий этиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг маълумотлар базаларини идо­ралар­аро электрон ҳамкорлик ягона тизимига интеграция қилиш бунда муҳим роль ўйнайди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматлари кўрсатиш амалиётини кенгайтириш, мобиль давлат хизматлари кўрсатишнинг мақбул, қулай ва шаффоф услубларидан фойдаланиш аҳоли учун шубҳасиз, қулайлик яратади ва энг муҳими, ҳар бир инсон учун қимматли бўлган вақтни тежаш имконини беради. Автоматлаштирилган тизим ва узайтирилган иш графигидан фойдаланиш эса, бу борада бюрократия ва коррупция юзага келишини бартараф этади.

Давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва тезкорлигини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг илғор механизмларини жорий этиш, аҳоли билан қайта алоқанинг самарали тизимини, шу жумладан, тезкор алоқаларни, расмий сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобиль иловаларда онлайн сўровларни ташкил қилиш бу соҳадаги камчиликларни тезлик билан бартараф этишга шароит яратади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

 «Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: