15.02.2018

ҲАҚИҚАТ АЧЧИҚ БЎЛАДИ,

лекин камчиликларимизни тузатишга хизмат қилади

Фазлиддин ТЕМИРОВ, ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи:

— Бугун партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятининг аҳамияти ҳақида узундан-узоқ гапириш шарт эмас. Уларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни кундек равшан. Ҳамма гап биз ўз вазифамизни қанчалик даражада бажаришимизга, одамлар ишончини оқлашимизга боғлиқ.

Навоий вилоятида 11 Жамоатчилик қабулхонасига 2017 йилда фуқаролардан турли мазмундаги 530 га яқин мурожаат бўлди. Уларнинг катта қисми коммунал соҳа, ишга жойлашиш ва моддий ёрдам олиш масалалари билан боғлиқ.

Мурожаатларни ижобий ҳал этиш мақсадида жойлардаги партиямиз гуруҳлари билан иш олиб борилди. Биргина январь ойи давомида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзолари томонидан турли масалалар бўйича маҳаллий ҳокимликлар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг мансабдор шахсларига 82 депутатлик сўровлари юборилган. Бу жараёнларда айрим депутатларимиз фаоллик кўрсатмоқда. Хусусан, Навоий шаҳар Кенгаши депутати Ж.Жўраев «Янги­обод» маҳалла аҳолиси билан учрашув ташкил қилиб, 19 фуқаро, Навбаҳор туман Кенгаши депутати Феруза Раҳимова 10 фуқаро, Томди туман Кенгаши депутати Нурсулу Карнеева 7 нафар фуқаронинг мурожаатларини ўрганиб, уларнинг ечими бўйича ижобий ишларни амалга оширган. Натижада Навбаҳор тумани «Янгиобод» маҳалласида замонавий бекат қурилишига, Қизилтепа туманида йўллар асфальт қилинишига эришилди. Бундай мисоллар оз эмас.

Шунингдек, ўтган йили электорат манфаатлари билан боғлиқ 19 масала сессиялар муҳокамасига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Лекин Учқудуқ туманида бирон бир масала сессия кун тартибига киритилмади. Бунинг сабаби нимада? Депутатлар ваколатларидан самарали фойдалана олмаяптими ёки ҳудудда ҳаммаёқ тинчми? Аслида туманда ечимини кутаётган масалалар етарли. Масалан, вилоят марказидан қарийб 300 километр олисда жойлашган мазкур ҳудудда бандлик, коммунал соҳага оид муаммолар бор. Бундан ташқари, тиббиёт ва таълим соҳасида олий маълумотли кадрларга талаб юқори. Олис чўл ҳудудларида яшовчи фуқароларнинг турмуш шароити ҳам талаб даражасида эмас.

Нима, депутатлар бу камчилик­ларни билмайдими? Улар ўзи яшаб турган ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш истагини қачон билдиради? Афсуски, юқоридан бориб иш битирилишига ўрганиб қолганлар ҳамон топшириқ келишини кутиб ўтирганга ўхшайди...

Президентимиз сиёсий партиялар, парламент, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари вакиллари билан бўлган учрашувда олдимизда турган муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтган эди. Айниқса, «депутат сўрови — халқ сўрови», деган тамо­йилнинг ҳаётимизга кириб келгани мутасаддиларнинг депутатлик сўровига масъулиятини оширди.

Тўғри, авваллари депутатлик сўровига ўз вақтида жавоб ололмасдик. Бу эса муаммонинг ижобий ҳал этилишига тўсқинлик қиларди. Бугун бу борада ўзгаришлар сезиляпти. Аммо қарс икки қўлдан чиқади, дейилганидек айрим мутасаддилар сингари депутатлик сўровининг аҳамиятини яхши англамаган депутатларимиз ҳамон учраб турибди. Баъзи халқ депутатлари йил давомида бирор ташкилот ёки идорага бир марта ҳам депутатлик сўрови юбормаган. Наҳотки, ана шундай депутатларимиз ишлаётган жойларда ҳамма нарса рисоладагидек бўлса?.. Айрим депутатларимиз ҳаттоки ўзи фаолият кўрсатаётган корхона ёки ташкилот ходимларининг манфаатини ҳимоя қилишга ҳам журъат тополмаяпти, деган хулосага келиш мумкин.

Мисол учун, Томди туман Кенгашидаги партия гуруҳимиз аъзоси Нуркен Қараханов «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси раҳбари. Маълум бўлишича, корхонада автомашиналарнинг етишмаслиги, чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаслиги билан боғлиқ муаммолар талайгина. Туманда манзарали ва мевали дарахтлар ўтқазиш, ҳудудни ободонлаштириш борасида ҳам ечимини кутаётган масалалар оз эмас. Шулар ҳақида аввало депутат ўйлаб, ташаббус кўрсатса, бошқаларга ўрнак бўлса, нур устига нур бўлар эди.

Яна бир мисол. Учқудуқ туман Кенгаши депутати Толиб Файзиев Шимолий кон бошқармаси геотехнология кони 9-сон касаба уюшма қўмитаси раиси вазифасида ишлаб келмоқда. Ишчиларнинг ижтимоий ҳимоя­сига масъул бўлган депутатимиз бу борада кўзга кўринарли саъй-ҳаракат қилмаган. Ваҳоланки, у ерда ходимларни арзон уй-жой билан таъминлаш, узоқ масофадан қатновчилар учун транспорт ташкил этиш билан боғлиқ масалалар жуда долзарб.

Бугун айрим депутатларнинг ишига назар ташладик. Бу билан кимнидир обрўсизлантириш фикридан мутлақо йироқмиз. Фақатгина ҳар бир одам ўз ишини виждонан, ҳалол бажарса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Камчиликларни бир-биримизга айтишни, танқидни тўғри қабул қилишни ўрганишимиз керак. Акс ҳолда, ишимизда ўзгариш бўлмайди.



DB query error.
Please try later.