15.02.2018

ФАОЛ АЁЛЛАР АНИҚЛАНДИ

Термиз шаҳридаги вилоят «Баркамол авлод» болалар маркази биноси байрамона безатилган. Муҳташам кошонада партия фаоллари, депутатлар, ёшлар тўпланишди. «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг Сурхондарё вилоят босқичи бу йил ҳам кўтаринки руҳда ташкил қилинди.

Танловни ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Мавжуда Ҳасанова кириш сўзи билан очди ва мамлакатимиз ривожида воҳалик хотин-қизларнинг фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлади.

— Бу йилги кўрик-танлов «Ташаббус ва ғояларимиз мустақил Ўзбекистон тараққиёти учун!» шиори остида ўтказилмоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Нилуфар Юлдашева. — Бу Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастури ҳамда Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ҳам айни муддао бўлмоқда.

Ниҳоят, ҳаяжонли дамлар бошланди. 14 нафар иштирокчи хотин-қизлар учун барқарор иш ўринлари яратиш борасидаги лойиҳаларни тақдим этди. Бандликни таъминлашдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида таклифлар айтилди.

— Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ЎзХДП Шўрчи туман кенгаши мутасаддиларига мурожаат қилгандим, — дейди Ойсулув Жўраева. — Улар менга ҳуқуқий маслаҳат ва амалий кўмак берди. Шундан кейин «Зебузар-Зиёда зарлари» хусусий корхонамиз иш бошлади. Жамоамизда 10 нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Махсус кийим ва аёллар либослари харидорларга манзур бўлаяпти. Ниятларимиз катта. Сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни келажакда «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи билан хориж­га экспорт қилмоқчимиз. Кўрик-танлов ташаббускор ва фидойи опа-сингилларимизни кашф қилаётганидан хурсандман.

Ўзгача шукуҳда кечган танловда Денов туманидаги 78-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гулруҳой Ҳусанова биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичида иштирок этадиган бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Шеробод туманидаги «Ғамбур» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Саховат Тўраева ҳамда Қумқўрғон нефть-газ саноати касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Садоқат Қорёғдиевага насиб этди.

Ғолиб ва совриндорларга вилоят партия кенгашининг совғалари топширилди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.