09.11.2017

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ: ЯНГИ ТУЗИЛМА ФУҚАРОЛАР ХИЗМАТИДА

Ички ишлар идоралари ходимлари зиммасига фуқаролар хотиржамлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилганларини фош этиш сингари муҳим вазифалар юклатилган.

Президентимизнинг жорий йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, ­эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида пойтахтимизда шаҳар ички ишлар бўлимлари фаолияти йўлга қўйилди. Учтепа туманидаги Гузар, Кўҳна Чўпонота, Боғистон, Боғ­обод, Чўпонота маҳаллаларида истиқомат қилаётган 28700 нафардан зиёд турли миллат вакиллари тинчлик-осойишталигини таъминлашга туман ИИБ 40-шаҳар ички ишлар бўлими масъул. Мазкур бўлимда профилактика инспектори, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш инспектори, нав­батчи, суриштирувчи, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари, шунингдек, жиноят-қидирув бўлинмаси тезкор вакиллари фаолият юритмоқда.

— «Хавфсиз шаҳар» концепцияси доирасида бугунгача 85 кўп қаватли уйга 218 видеокузатув мосламалари ўрнатилди, — дейди туман ИИБ 40-шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи, II даражали «Шон-шараф» ордени соҳиби, подполковник ­Муҳиддин ­Комилов. — Бу ўз нав­батида ҳудуддаги вазиятдан доимий хабардор бўлиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилганларини қисқа муддатда фош этиш имконини бермоқда. Мулкий жиноятлар кескин камайди. Фуқаролар ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатга нисбатан жазо муқаррар эканлигини тушунмоқда. Шу ўринда профилактика инспекторларининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида бир қатор қулайликлар яратилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Жумладан, улар хизмат уйлари ва шахсий автомашиналар билан таъмин­ла­наяпти.­ Бундай қулайликлар профилактика ­инспекторларимиз зиммасига янада катта масъулият юклаяпти, албатта.

Бўлим фаолияти ҳақида сўз кетар экан, содир этилган жиноятлар кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиняпти. Бу амалиётнинг тарбиявий аҳамияти катта. Муқаддам судланган ва профилактик ҳисобда турган шахслар билан якка тартибдаги суҳбатлар, уларнинг оилавий аҳволи, турмуш тарзини яшаш уйларига бориб ўрганиш ҳам кутилган натижани беряпти. Ҳудуддаги олий ва ўрта махсус, шунингдек, умумтаълим муассасаларида вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ўтказилаётган тарбиявий тадбирлар жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Осойишталик посбонлари жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фаоллари билан доимий алоқа ўрнатишга эътибор қаратяпти.

— Шаҳар ички ишлар бўлими фао­лиятининг йўлга қўйилиши аҳолига кўплаб қулайликлар яратди, — дейди Кўҳна Чўпон ота маҳалла фуқаролар йиғини раиси ­Баҳодир Арзиқулов. — Фуқароларимиз қонунчиликка оид саволлар, миграция ва фуқароликни расмийлаштиришга оид ҳужжатлар ёки оилавий, қўшничилик муносабатларига доир масалалар юзасидан бу ерга мурожаат қилиш­япти. Ички ишлар идоралари ходимларининг аҳоли билан хушмуомалалиги, фуқаролардан ёрдамини аямаслиги, ўртадаги ўзаро ишонч ва ҳурмат маҳаллаларда тинч­лик-фаровонликни таъминлашда жуда муҳим.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, одамларга ёрдам бериш, яхши-ёмон кунларда уларга елкадош бўлиш осойишталик посбонларини халқ билан яқинлаштиради. Янги ички ишлар бўлимларининг ташкил этилгани ҳар томонлама тўғри иш бўлганини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

 

Равшан ШОДИЕВ,

Шерзод АБДУСАМАДОВ.



DB query error.
Please try later.