07.11.2017

Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси: ЎзХДП ФРАКЦИЯСИ АЪЗОЛАРИ ҚАНДАЙ ФИКРДА?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йилдаги 9 ойлик ижроси тўғрисидаги масала қизғин муҳокама этилди.

Таъкидландики, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга доир Давлат дастури доирасида қариялар ва ногиронлар учун санаторийлар ҳамда интернат уйларига 65 миллиард сўм, ногиронлар реабилитация марказларига 14,2 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағ эвазига 85 минг нафардан ортиқ фуқарога ижтимоий хизматлар кўрсатилган. Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя кафолатларини мус­таҳкамлаш, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этяпти.

Атрофлича таҳлил ҳамда савол-жавоблардан кейин ЎзХДП фракцияси аъзолари Давлат бюджети ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.

 

Феруза ЭШМЕТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Фракциямиз Давлат бюджети ижросида ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини ошириб бориш масалалари доимий эътиборда бўлаётганини қайд этади.

Тақдим этилган ҳисоботга кўра, ёлғиз кекса, пенсио­нер ва ногиронлар учун 1625 та ногиронлар аравачаси, 303 та эшитиш мосламаси, 1167 та ҳасса ва 820 жуфт қўлтиқтаёқ етказиб берилган. Аммо ҳудудлардаги фаолиятимиз жараёнида ногиронлар аравача­сининг­ сифатсизлиги, эшитиш мосламаларининг алоҳида ёшларга мўлжаллангани йўқлиги ҳақида эътирозлар бўлмоқда. Шундан келиб­ чиқиб, фракциямиз аъзолари Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар сифатсиз маҳсулотлар учун сарфланишининг олдини олиш бўйича ўз таклифларини берди. Бу масала электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар рўёбга чиқишида муҳим ўрин тутади.

 

Қаҳрамон МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Айтиш керакки, Давлат бюджети ижросида соғ­лиқни сақлаш соҳасини ўз вақтида ва самарали молия­лаштириш масаласига жиддий эътибор қаратилган.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар соғ­лиғини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни вояга етказиш масалалари Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурида белгиланган устувор вазифаларга мос келади. Шунинг учун фракциямиз тиббиёт соҳасини ривожлан­тириш­ йўлидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Ўз навбатида фракциямиз аъзолари 2018 йил учун давлат бюджетини шакллантиришда айрим масалаларни назарда тутиш керак, деб ҳисоблайди. Хусусан, ногиронлар учун алоҳида спорт мажмуалари, реабилитация, санаторий-профилакторий муассасаларини қуриш долзарб аҳамиятга эга.

Йиғилишда, шунингдек, Давлат бюджети ижросида таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни ҳамда биринчи даражали тўловларни ўз вақтида молиялаштиришга алоҳида эътибор берилгани эътироф этилди. Ушбу ҳолат Ўзбекистон ХДП электорати манфаатларига ҳам­оҳанг экани таъкидланди.

Депутатлар қурилаётган арзон уй-жойлар сифати, истеъмол товарлари нархлари барқарорлигини назорат қилиш, ички йўллар сифатини яхшилаш, ичимлик суви таъминоти масалаларида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Булар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари тинг­ланди.

Давлат бюджети ижросида мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини ошириш, молиявий интизомга риоя этиш ҳамда бу борада назоратни янада кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси тўғрисидаги ҳисоботни қўллаб-қувватлаш ҳақида қарор қабул қилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.