Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
08.02.2018

ЗАҲМАТКАШ НАВОИЙШУНОС ОЛИМЛАР ДЕЙДИКИ...

Азиз ҚАЮМОВ, академик, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби:

— Алишер Навоийнинг замондоши, шогирди, тарихчи Хондамир ўзининг «Макорим ул-ахлоқ» асарида ёзишича, ўша даврда хориждан жуда кўп меҳмонлар Ҳиротга келар экан. У пайтларда китоб топиш муаммо бўлганлиги учун сайёҳлар Навоий ғазалларини ўқиш, ўз юртларига олиб кетиш мақсадида хаттотларга Алишер Навоий ғазалларидан нусха кўчиртириб, шоирнинг мухлисларига етказар экан. Бу ҳолат Навоий ҳаётлигидаёқ жуда машҳур бўлгани, ул зотнинг ижодига юксак ҳурматни кўрсатади.

 




Суйима ҒАНИЕВА, Ўзбекистон Қаҳрамони:

— Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида сўз дурга қиёсланади. Дур денгиз қаърида бўлганидек, сўзнинг макони инсон кўнглида: «Сўз дуррининг тавофути мундин доғи беғоятроқ ва мартабаси мундин ҳам бениҳоятроқдур. Андоқки, шарафидин ўлғон баданға руҳи пок етар, касифидин ҳаётлиқ танға заҳри ҳалок хосияти зуҳур этар».

Навоий ҳар бир киши ўз айтар сўзига эгалик қилиши, сўз одоби, маданиятини сақлай билиши кишининг юксак инсоний фазилатлари сирасидан эканини таъкидлайди. Она тилимизга садоқат, ҳурмат-эҳтиромнинг туб моҳиятига эътиборимизни қаратади.

 



Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси:

— Алишер Навоий ҳазратларининг «Лисон ут-тайр» асарида қушлар афсонавий Семурғга олиб бориш йўлини билган қушни ўзларига раҳбар этиб тайинлашади. Бу қуш Сулаймон подшоҳнинг тарбиясини олгани, Сулаймон алайҳиссаломга сирдош ва маслакдош эди:

Ҳам Сулаймон базмида топган қабул,

Ҳам расул этган сени андоқ расул.

Бу байтларнинг замирида илоҳий, ирфоний маънолардан ташқари катта ҳаётий ҳақиқат бор.

Инсоният энг олий мақсадларга етишмоқ учун шижоатли ва доно, йўлнинг машаққатидан хабардор, донишманд инсонлар таълимини олган Йўлбошчи танлаши керак бўлади.

 



Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ, профессор, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати:

— Амир Низомиддин Алишер Навоий фақат ўзбек халқи эмас, балки бутун турк оламининг буюк шоири, мутафаккири сифатида жаҳон бадиий тафаккури тарихида ўз ўрни ва мақомига эгадир. Унинг жаҳон бадиияти хазинасига қўшилган шоҳ асарлари, XV асрнинг иккинчи ярми темурийлар салтанати даври илм-фани ва санъатини ривожлантиришга қўшган бениҳоя катта ҳиссаси аллақачон эътироф этилган. У ҳаётини тўлалигича мамлакат равнақи, миллатнинг тинч-тотув яшаши ҳамда давлат қудратини мустаҳкамлашга бағишлади. Султон Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийни «мамлакат устуни, дину давлат низоми, мулку миллат асҳоблари зубдаси, хайрли бинолар муассиси, хоқон давлати таянчи», деб эътироф этган.

 



Олимжон ДАВЛАТОВ, филология фанлари бўйича фалсафа доктори:

— Ҳазрат Навоий ғазалларининг бирида ифтихор билан шундай ёзади:

Дедим: «Назм аҳлининг сархайликим бўлғай?» — Деди ҳотиф:

«Навоий бўлғай, улким сен тилайдурсен, агар бўлғай!»

Бундай юксак мартабага эришиш, Мавлоно Жомий эътироф этганларидек, макон ва замон талабларини ўз забтига олиш, мангуликка дахлдор асарлар яратиш орқали икки дунё саодатига муяссар бўлишнинг асосий сабаби истеъдод ва эътиқод уйғунлигида, деб ўйлайман.

Тарихда жуда кўп истеъдодли одамлар эътиқод мўртлиги сабабли ижодий ҳаёти барвақт хазон бўлганини биламиз. Бир умр фақат ҳақ йўлда собитқадам бўлиб, инсонийликнинг асосий нишонаси иймон эканлигига заррача шубҳа қилмаган инсонгина буюкликка мустаҳиқдир. Ҳазрат Навоий ана шундай зотлардан эди.



DB query error.
Please try later.