08.02.2018

ДЕПУТАТЛАР ТАКЛИФИ ҲУКУМАТ ҚАРОРИДА АКС ЭТДИ

Аҳад АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида муайян туманда бўлиб, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, ҳақиқий ҳолатни таҳлил қилиши, тегишли хулоса бериши натижасида қатор масалалар ҳал этилмоқда.

Ўтган йили мулоқотларда аксарият туманларда аҳоли электр энергияси, газ ва ичимлик суви сарфини ҳисобга олиш ускуналарини давлат қиё­словидан ўтказиш учун 50-100 км масофа босиб, вилоят марказига боришга ва ускуналарнинг давлат қиёсловидан ўтказилишини 30 кунгача кутишга мажбур бўлаётгани, мазкур жараённи соддалаштириш зарурлиги тўғрисида таклифлар билдирилган эди. Шунинг­дек, фуқаролар томонидан ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш қоидаларининг бузилиши ҳолатлари ҳам учраб турар эди.

Мазкур ҳолатлар бўйича маълумотлар депутатлар томонидан умумлаштирилиб, «Ўзстандарт» агентлигига депутат сўрови юборилди. Шу орқали соҳада учраётган муаммоларни бартараф этиш масаласи қўйилди.

«Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом талаб­ларидан аҳоли норози экани кузатилди. Зотан низомда газ ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш истеъмолчилар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилгани ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ­Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан 2017 йил март ойида 3 марта «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси, «Ўзбекэнерго» акциядорлик компанияси ва масъул агентлик вакиллари иштирокида тузилган ишчи гуруҳ томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар атрофлича ўрганилди. Жумладан, электр энергияси, газ ва ичимлик суви сарфини ҳисобга олиш ускуналарини давлат қиёсловидан ўтказиш тартиблари танқидий кўриб чиқилди.

Уларнинг натижалари умумлаштирилиб, май ойида «Ўзстандарт» агентлиги ҳамда «Ўзтрансгаз» компаниясига тегишли тартибда мурожаат юборилди. Унда аксарият туманларда «Ўзстандарт» агентлигининг бўлимлари мавжуд эмаслиги боис ҳисоблагичларни давлат қиёсловидан ўтказиш масалаларида истеъмолчилар жиддий ноқулайликларга дуч келаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, газ ҳисоблагичларни давлат қиё­словидан ўтказиш билан боғлиқ вазифаларни тўлиқ «Ўзтрансгаз» компанияси зиммасига юклаш бўйича тавсиялар ҳам билдирилган эди.

Яқинда қабул қилинган «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарорида аҳолини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган, ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётан ушбу муаммо ечими бўйича берилган таклифлар акс этди. Яъни, эндиликда маиший истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш замонавий ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва газ таъминоти ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Шунингдек, ҳисобга олиш ускуналарининг даврий давлат қиёсловидан ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини ташкил қилиш бўйича жавобгарлик ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва газ таъминоти ташкилотларига юклатилди.

Кўриниб турибдики, халқ билан мулоқот қилишга асосланган фаолият ўз самарасини бермоқда. Таҳлиллар ва ўрганишлар натижалари ислоҳотларга таъсир этаётганини инкор қилиб бўлмайди.

Шу ўринда аҳоли томонидан билдирилаётган айрим асоссиз норозилик ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш зарур. Мулоқотлар давомида кўпчилик электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини даврий давлат қиёсловидан ўтказишга ўз эътирозини билдиради. «Нима кераги бор?», «завод чиқарганку!», деган фикрларни ҳам эшитамиз. Аммо унутмаслик керакки, ускуна ўз номи билан ускуна. Вақт ўтиши ёки турли таъсир воситалари орқали унинг фаолиятидаги техник барқарорлик ўзгариши мумкин. Шунинг учун уларни муайян муддатларда қиёсловдан ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бу амалиёт бутун дунёда бор.

Жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ишлари бу йил ҳам давом этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь ойида республикамизнинг 13 та туман ва 1 та шаҳрига депутатлар томонидан чиқиш­лар ташкил этилди.

Муаммоларни жойида бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида 4,4 мингдан ортиқ хонадонга борилди, 240 маҳаллий давлат ҳокимия­ти органи ва ташкилотлари, 573 ижтимоий соҳа объекти, 301 фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолияти ўрганилди. Бу жараёнда 20 минг нафардан зиёд фуқаро, шу жумладан, 1,5 минг нафар тадбиркорлик субъекти вакиллари билан бевосита суҳбатлар ўтказилди.

Депутатлар жойларда нафақат халқ дардини эшитмоқда, балки бир вақтнинг ўзида жойлардаги маҳаллий бошқарув идоралари билан мулоқот майдони юзага келмоқда. Энг асосийси, қонунларни ҳаётий меъёрлар ҳисобига такомиллаштириш имконияти пайдо бўлмоқда.



DB query error.
Please try later.