06.02.2018

ЎЗХДП ФРАКЦИЯСИ БИР НЕЧТА ҚОНУНЧИЛИК ТАШАББУСЛАРИНИ ТАЙЁРЛАМОҚДА

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон ХДП фракцияси матбуот анжумани ўтказди. Унда фракция раҳбари Ҳотамжон Кетмонов 2017 йилда амалга оширилган ишлар, жорий йилга мўлжалланган режалар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига атрофлича маълумот берди.

— Хабарингиз бор, давлат раҳбари томонидан қонун ташаббускорлигига оид фаолиятимиз асосли равишда танқид қилинди. Бу борада ҳуқуқий ваколатларни тўла ишга солиш, ташаббускорликни ошириш устида янада қаттиқроқ ишлашимиз лозимлигини англаб турибмиз. Жорий йил учун мўлжалланган иш режамизда айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, Давлат дастуридан келиб чиқиб, 15 та қонун лойиҳасига таклифлар шакллантириш режалаштирилган. «Иссиқлик таъминоти тўғрисида»ги, «Давлат минимал ижтимоий стандартлари тўғрисида»ги ва «Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини фракция ташаббуси билан Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш устида ҳам иш олиб борилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мурожаатлар билан ишлаш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш, аҳолини фракцияда бўлаётган жараёнлардан хабардор этиш бўйича самарали тизим вужудга келмоқда. Фракциямиз аъзолари ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари орқали ҳам сайловчилар билан мулоқот олиб боряпти.

Бир сўз билан айтганда, фракциямиз фаолияти бир неча янги йўналиш ва ёндашувлар ҳисобига бойиди. Лекин биз бу билан тўхтаб қолмасдан, изланишда давом этамиз.

Матбуот анжуманида журналистлар Қоунунчилик палатаси депутатларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

САВОЛ:

— Маълумки, ишламайдиган, яъни «ўлик» қонунлар танқид қилинган эди. Ўзбекистон ХДП фракцияси бу борадаги камчиликларни бартараф этиш учун қандай ишларни режалаштирган?..

ЖАВОБ:

— Дарҳақиқат, амалдаги айрим қонунларимизнинг ишлаши учун тегишли механизмлар яратилмаган, баъзи қонунлар қонун­ости ҳужжатларига мувофиқ эмас ёки бир-бирига зид нормалар мавжуд.

Ишламайдиган, яъни «ўлик» қонунлар бўлмаслиги учун, энг аввало, соҳалар бўйича қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказишимиз лозим. Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт, деган фикрдан келиб чиқиб, ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан — фуқаролардан, халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартиби кенг жорий этилади. Шу мақсадда Ўзбекис­тон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда фракцияси қошида Ахборот-таҳлил ва ташаббускорлар гуруҳи ташкил этилади.

Гуруҳнинг низоми ва иш режаси ишлаб чиқилади, унинг таркибига тажрибали экспертлар, партия фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва минтақавий кенгашларнинг фаол аъзолари ҳам киритилади.

САВОЛ:

— 2017 йилда фракция ташаббуси билан қандай қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди?

ЖАВОБ:

— Ўтган йили фракция ташаббуси билан алоҳида қонун лойиҳаси муҳокамага киритилмади. Лекин бу бизда ташаббус йўқ эди, дегани эмас. Қонун лойиҳасини парламент муҳокамасига киритиш осонлик билан бўладиган иш эмас. Бунинг учун жойлардаги муаммоларни ипидан игнасигача ўрганиш керак. Қонун қабул қилингандан кейин ҳаётда ниманидир ўзгартириши лозим. Депутатларимиз қўмиталардан киритилган қонун лойиҳаларини такомиллаштириш жараёнида ўз таклифлари билан фаол иштирок этиб келмоқда. Масалан, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги ва яна қатор қонун лойиҳаларида депутатларимизнинг ўзига хос иштироки бор.

САВОЛ:

— Депутатлик сўрови институтидан қай даражада самарали фойдаланиляпти? Давлат ҳокимияти идораларида бу масалага муносабат ўзгаряптими?

ЖАВОБ:

— Аввало депутат сўрови билан мурожаатни яхши фарқлаб олишимиз керак. Ана шунда мутасаддиларнинг сўровга нисбатан муносабати тубдан ўзгаради. Яъни, депутатлик сўрови мазмунан тўғри бўлса, жавоб ҳам аниқлашади. Масалан, айрим депутатлар сўров юбориш орқали кимгадир қандайдир моддий ёрдам кўрсатилишини сўрайди. Бу — депутатлик сўрови эмас.

2017 йилда асосан сифатга эътибор қаратдик ва сўровларнинг аввалги йилларга қараганда сон жиҳатдан камайганини кўриш мумкин. Юборилган 43 депутатлик сўровининг ҳаммасига ҳам қониқарли жавоб ололмадик. Мутасаддилар томонидан сўровга ўз вақтида жавоб бериш тизими йўлга қўйилган бўлса-да, мазмунан ноаниқликлар кузатилаётганини ҳам айтиш керак. Асосан «бу масала кўриб чиқиляпти, 2018 йилнинг иш режасига киритилган» ёки «комиссия тузиб, муаммони жойида ўргандик ва хулоса тайёрлаяпмиз» мазмунидаги жавоблар олиняпти.

Депутатлик сўровига жавоб бериш бўйича қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар масъулиятни янада оширади. Фракциямиз бундан буён қатъий регламентга амал қилган ҳолда иш олиб боради. Депутатлик сўрови институтидан ҳам ўз ўрнида ва самарали фойдаланади. Бу ҳақда келгуси учрашувларимизда сизларга батафсил маълумот берамиз.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.