06.02.2018

БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИ НЕГА ЯШИРИЛАДИ?..

Бўш иш жойлари тўғрисидаги ахборотни яшириш, бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги ахборотларни меҳнат органига ўз вақтида тақдим этмаслик иш берувчи мансабдор шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 229-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорида жарима солинишига олиб келади.

Фуқаролар мурожаатлари ҳамда олиб борилган таҳлиллар натижасига кўра, кўпинча иш берувчи бўш иш ўрни тўғрисидаги маълумотни тақдим қилмайди ёки бу маълумотларда мавжуд бўш иш ўринлари кўрсатилмайди. Асосий иш ҳақи юқори бўлган лавозимлар «таниш-билишлар» учун яшириб қолинади ва маоши паст бўлган иш ўринлари кўрсатилади.

Бундай ҳолат иш берувчининг қонун талабларини билмаслиги ёки тушунмаслиги натижасида келиб чиқади. Баъзан эса таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва мансабдор шахсларнинг бошқа шахсий манфаатлари устун қўйилади.

Тайлоқ туман бандликка кўмаклашиш марказининг давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан ўтган йилнинг декабрь ва жорий йилнинг январь ойи мобайнида бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган ва бўш иш ўринларини яширган жами 15 нафар мансабдор шахсга нисбатан 7 миллион сўм­дан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилди.

Аҳолини иш билан таъминлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсатига лоқайд муносабатда бўлган Тайлоқ туман тиббиёт бирлашмаси, 25-мактабгача таълим муассасаси, 20-, 49-ўрта умумтаълим мактаблари раҳбарлари бир миллион 647 минг сўм жарима тўлашга мажбур бўлди.

Маълумки, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳар ойнинг 5-кунигача ўзларида мавжуд бўлган бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотни бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиши керак. Лекин январь ойида туманда фаолият юритаётган 12 корхона, ташкилот ва ­муассаса раҳбарларининг бефарқлиги оқибатида маълумотлар тақдим этилмагани учун уларга жарима жазоси қўлланилди.

Аҳолини иш билан таъминлашда фақат давлат органларигина эмас, балки жамоатчилик, айниқса, корхона, ташкилот ва ­муассаса раҳбарлари, яъни иш берувчиларнинг роли катта аҳамиятга эга. Иш берувчиларнинг аҳо­лини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштироки «Аҳолини иш ­билан таъминлаш тўғ­рисида»ги Қонуннинг 18-моддасида белгилаб қўйилган.

Мазкур Қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган низомга кўра, иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасига тегишли бадалларни тўловчи сифатида рўйхатга олинган (микрофирма ва кичик корхоналардан таш­қари) барча иш берувчилар ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ҳамда мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши лозимлиги кўрсатилган.

2017 йил май ойидан бошлаб иш берувчилар учун бундай маълумотларни ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказларига интернет тармоғи ор­қали электрон тарзда тақдим этиш имконияти яратилди. Бу маълумотлар иш берувчиларда бўш иш жойлари мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам тақдим этилиши лозим.

 Бўш иш жойлари тўғ­рисидаги ахборотни яшириш, бўшатилиши мўл­жал­ланаётган ходимлар тўғрисидаги ахборотларни меҳнат органига ўз вақтида тақдим этмаслик иш берувчи мансабдор шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ко­декс­нинг 229-моддасига асосан энг кам иш ҳа­қининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорида жарима солинишига олиб келади.

Мазкур қонунчиликка риоя қилиниши бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда фуқароларни иш билан таъминлашга имконият яратади.

 

Шаҳбоз ХОЛИҚУЛОВ,

Тайлоқ туман бандликка кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори.



DB query error.
Please try later.