06.02.2018

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИГА ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига

ШАРҲ

Кейинги йилларда республикада шаҳарсозликни такомиллаштириш соҳасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Замонавий ижтимоий объектлар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаган ҳолда аҳоли фаровонлиги даражасини ошириш, арзон ва айни вақтда қулай ҳамда шинам уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш борасидаги ишлар шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасида сезиларли ўзгаришлар ясамоқда.

Шу билан биргаликда замонавий бинолар, иншоотлар, кўп функцияли комплексларни барпо этишгагина эмас, балки аҳоли пунктларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга кўмаклашувчи янги истироҳат боғлари, хиёбонлар, сув ҳавзалари ва спорт иншоотлари билан биргаликда рекреация зоналарини барпо этишга ва мавжудларини ободонлаштиришга катта эътибор берилмоқда.

Ривожланишнинг бош режаларини ишлаб чиқиш жараёни ҳудудларни режали ва босқичма-босқич қуришнинг асоси ҳисобланади.

Ушбу омил ҳисобга олинган ҳолда қуйидаги чоралар кўрилди:

биринчидан, мақсадли давлат дастурларига мувофиқ 96 та шаҳар ва 87 та шаҳар посёлкалари учун бош режалар ишлаб чиқилди ҳамда 550 та қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари учун ҳудудларни меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳалари тайёрланди;

иккинчидан, бош режаларни сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқишни таъминлаш мақсадида республика ҳудудларида қўшимча равишда 26 та етакчи лойиҳа-қидирув ташкилоти ҳамда «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» давлат унитар корхонасининг 12 та филиали ташкил этилди, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишга жалб этилган бош лойиҳа ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш чоралари белгиланди.

Шу билан биргаликда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар ва идоралар томонидан кўрилган чоралар етарли бўлмаганлиги сабабли 23 та шаҳар, 994 та шаҳар посёлкаси ва 922 та қишлоқ аҳоли яшаш жойлари тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига эга эмас.

Лойиҳа ташкилотларининг замонавий техник воситалар, илғор инновацион дастурий маҳсулотлар ва зарур ахборот базаси билан етарлича таъминланмаганлиги лойиҳа маҳсулотининг сифати пасайишига ва ишлаб чиқиш муддатлари чўзилишига олиб келмоқда. Хорижий тажрибани ўрганишда ва кадрларни тайёрлаш жараёнида тизим йўқлиги ҳам лойиҳа-қидирув ишларининг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни, улар билан аҳоли пунктларини ўз вақтида қамраб олиш учун шарт-шароитлар яратишни, лойиҳа ташкилотларининг фаолиятини янада такомиллаштиришни, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари томонидан архитекторлар, қурувчилар ва тармоқнинг бошқа мутахассисларини тайёрлаш сифатини оширишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорда қуйидаги чоралар назарда тутилган:

биринчи — 2018-2022 йилларда республика шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг бош режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш дастурлари, 2018-2019 йилларда аҳоли пунктларини батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилиши билан бир вақтда қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш дастури ҳамда Ишлаб чиқилаётган шаҳарсозлик ҳужжатлари сифатини яхшилаш, лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлашни такомиллаштириш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс тадбирлар тасдиқланди;

иккинчи — 2018-2022 йиллар даврида 23 та шаҳар ва 115 та шаҳар посёлкаси бош режалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида 55 та қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланди;

учинчи — шаҳарсозлик ҳужжатлари сифатини яхшилаш ва ўз вақтида ишлаб чиқиш мақсадида ушбу қарор билан тасдиқланган дастурларни амалга ошириш бўйича буюртмачи функцияси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияларидан Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаларига олиб берилди;

тўртинчи — ихтисослаштирилган лойиҳа ташкилотлари «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» давлат унитар корхонаси ва «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги «Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2946-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган минтақавий етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари лойиҳага кўра аҳоли сони 20 минг кишидан кам бўлган шаҳар посёлкаларининг бош режаларини ишлаб чиқишга жалб этилмоқда. Шу билан биргаликда «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖга қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан биргаликда қўшимча батафсил режалаштириш лойиҳаларини ҳамда ушбу батафсил режалаштириш лойиҳалари учун топогеодезия хариталарини ишлаб чиқиш юкланмоқда;

бешинчи — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига, шунингдек, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида тегишли маблағлар ажратилишини назарда тутиб ушбу қарор билан тасдиқланган дастурларни амалга оширишни молиялаштиришга ҳар йили зарур маблағлар ажратилишини таъминлаш юкланади;

олтинчи — шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишга тор доирадаги республиканинг лойиҳа ташкилотларига монопол ҳуқуқ берилиши амалиётидан воз кечиш мақсадида қарор билан биринчи марта Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг ҳамда бошқа шаҳарларнинг бош режаларини ишлаб чиқишга хорижий лойиҳа-қидирув ташкилотларини танлов асосида жалб этиш назарда тутилмоқда;

еттинчи — лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига икки ой муддатда «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» ДУК, «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК ва «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖнинг етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари тузилмасига ҳудудларни режалаштириш ва қуриш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида улар фаолиятининг самарадорлигини оширишни, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ҳажм-режалаштириш жиҳатидан лойиҳалаштиришни назарда тутувчи долзарб ўзгартиришлар киритилишини, шунингдек лойиҳа-ташкилотлари ва шаҳарсозлик фаолиятининг бошқа иштирокчилари орасида тегишли долзарб ахборотни тезликда ва кенг кўламли тарқатиш имконини берувчи замонавий техник даражадаги ахборот-таҳлилий база ташкил этилишини таъминлаш вазифаси қўйилди;

саккизинчи — илғор хорижий тажрибани синчиклаб ва тизимли ўрганмасдан ҳеч бир соҳада илғор технологияларни жорий этишдан реал натижаларга эришиб бўлмаслигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Таш­қи ишлар вазирлигига архитектура соҳасида хорижий илмий-тадқиқот ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига ҳар томонлама кўмаклашиш топширилди;

тўққизинчи — Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тармоқ мутахассисларининг малакасини ошириш учун тизимли асосда тажриба алмашишни ва мақсадли тажриба орттиришларни ташкил этиш учун ҳар йили 1 декабргача етакчи ихтисосли хорижий олий таълим ва тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлаш топширилди;

ўнинчи — Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига таълимнинг янги талаб этилган йўналишлари бўйича кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ҳар йили 1 декабргача таълимнинг ушбу йўналишларини очиш ва улар бўйича қабул квоталарини белгилаш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига ягона шаклларга мувофиқ аниқланган эҳтиёжлар бўйича асосланган таклифларни киритиш вазифаси юклатилди.

Таъкидлаш керакки, ишлаб чиқилаётган шаҳарсозлик ҳужжатлари сифатини яхшилаш, лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлашни такомиллаштириш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс тадбирлар шаҳарсозлик соҳасида норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник базани такомиллаштиришга йўналтирилган чораларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурлари тасдиқланиши қисқа муддатда барча шаҳарларни, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ ҳудудларининг бир қисмини шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш имконини беради, бу эса аҳоли пунктларининг қиёфасини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатади, кўчаларни ва бошқа ҳудудларни тартибсиз ва ўзбошимчалик билан қуриш ҳолатларининг олдини олади, яъни аҳолининг қулай яшаши даражасини оширишга кўмаклашади.

Аҳоли ҳаёт фаолияти учун қулай муҳит яратиш, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва муҳандислик-транспорт инфратузилмаси ривожланган обод аҳоли пунктларини барпо этиш янги шаҳарсозлик сиёсати амалга оширилишининг натижаси бўлиши керак.



DB query error.
Please try later.