06.02.2018

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТУРИЗМ САЛОҲИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ УЧУН ҚУЛАЙ ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Республиканинг туризм салоҳиятини, биринчи навбатда инвестицияларни фаол жалб қилиш, соҳага инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатнинг бой табиий, маданий ва тарихий меросининг мавжуд ресурслари ва имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида:

1. 2018 йил 10 февралдан бошлаб Исроил давлати, Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси ва Япония фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақат­новларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддат­га визасиз режим белгилансин.

2. 2018 йил 10 февралдан бошлаб фуқаролари учун Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучер­ни ёхуд Ўзбекистон Республикасига таклиф қилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаатно­масини тақдим этишга оид талаб бекор қилинишини ҳамда ҳужжат­ларни қабул қилиш куни ҳисобга олинмаган ҳолда икки иш куни мобайнида визани расмийлаш­тиришни назарда тутадиган туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинадиган мамлакатлар рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва бошқа ман­фаат­дор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 июлдан бошлаб электрон кириш визаларини бериш тизими ишга туширилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Миллий туризм маҳсулотини тарғиб қилиш маркази» ДУК Ўзбекистон Респуб­лика­си Туризмни ривожлан­тириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Миллий PR-маркази» ДУК этиб қайта ташкил этилсин, унга респуб­ликанинг туризм салоҳиятини тар­ғиб қилишни ташкил этиш бўйича вазифалар юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Туризм­­ни ривожлантириш давлат қўмитаси бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

2018 йил 1 мартига қадар «Миллий PR-маркази» ДУК учун замонавий ва юқори технологик суратга олиш ускуналари, авто­транспорт восита­лари, шу жумладан юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган автотранспорт воситаларини сотиб олишни ўз ичига олувчи зарурий моддий-техник базаси яратили­шини, шунингдек, ижара тўловисиз зарурий хоналар ажратилишини;

2018 йил 1 апрелига қадар ижо­дий ва суратга олиш гуруҳла­рини, шу жумладан хорижий мута­хассис­ларни жалб қилиш йўли билан шакллантиришни, шунингдек, уларни таъминлаш ва моддий рағбатлан­тириш учун зарурий маблағлар ажратилишини;

шакллантирилган ижодий ва суратга олиш гуруҳларининг сцена­рий­лар ва суратга олиш ишлари концепциясини ишлаб чиқиш, республика ҳудудларига ижодий экспедициялар ва хизмат сафар­лари, шунингдек, мамлакат­нинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича материалларни тайёрлай­диган бошқа ижодий гуруҳлар фаолиятини доимий асосда, шу жумладан аутсорсинг орқали молия­лаштирилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолия­тини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг қуйидаги аҳоли қатламлари учун республика ҳудуд­лари бўйлаб туризм-экскурсия турлари ташкил этилишини кўзда тутувчи «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастурини (кейинги ўринларда — Дастур) амалга ошириш тўғриси­даги таклифи маъқуллансин:

таълим муассасалари ўқувчилари учун — таътил даври ва дам олиш кунларида;

ташкилотлар ходимлари учун — дам олиш кунларида, умуммиллий байрамлар ва таътил кунларида, айниқса, туризм мавсуми суст давр­да;

аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун — санато­рий-курортларда дам олишдан фаол фойдаланган ҳолда йил давомида;

кексалар, ёш оилалар, фуқаро­лар йиғинлари фаоллари, хотин-қизлар ва бошқа жамоат бирлаш­малари вакиллари учун — туризм мавсуми суст даврда.

6. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

бир ой муддатда Дастурни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқ­лаш учун киритсин;

Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақо­батни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда туризм хизматлари кўр­сатувчи тадбиркорлик субъект­ларининг сифат, хавф­сизлик ва нархларнинг рақобат­бардошлиги мезонларидан келиб чиқиб Дастур­да иштирок этиш ҳамда уларнинг Дастурни амалга ошириш доираси­да ўзаро ҳамкорлик қилиш меха­низм­ларини белгиласин;

2018 йилнинг 1 мартига қадар ўзининг расмий веб-сайтида Дастур­да иштирок этиш шартлари, туризм-экскурсия дастурларини ташкил этиш механизмлари ҳақи­даги, ҳамкор ташкилотчилар ва улар томонидан кўрсатиладиган хизмат­лар рўйхатлари ҳамда бошқа зарурий маълумотларни жойлаштир­син.

7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги манфаат­дор вазирлик ва идоралар билан биргалик­да Ўзбекистон Республи­каси­нинг тузилган халқаро шартно­ма­ларини мазкур Фармоннинг талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқилишини таъминласин.

8. Қуйидагилар:

а) асосий фаолият тури тематик хиёбонлар хизматларини ташкил қилиш бўлган юридик шахсларни улар томонидан тематик хиёбонлар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил муддатга — юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўло­вини тўлашдан;

б) тематик хиёбонлар, меҳмон­хона ва бошқа жойлаштириш воси­таларини 2022 йилнинг 1 январига қадар — белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳоз­лаш учун Ўзбекистон Респуб­ли­касида ишлаб чиқарилмай­диган асбоб-ускуналар, техника, хом ашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисм­лар, қурилиш ва бошқа мате­риал­ларни олиб кириш учун божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар­дан ташқари);

в) туризм соҳасидаги тадбир­корлик фаолияти субъектларини 2022 йил 1 январга қадар — Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган:

ҳайдовчи билан биргаликда 8 ва ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган туризм тоифасига оид транспорт воситалари;

дор (осма) йўлларни, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа ўхшаш объектлар ва иншоот­ларни қуриш, қайта таъмир­лаш ва жиҳоз­лаш учун асбоб-ускуналар, меха­низм­лар ва эҳтиёт қисмлар, шунинг­дек, аэростатлар (ҳаво шарлари), мотор қайиқ ва квадро­цикллар учун белгиланган тартибда тасдиқлана­диган рўйхатларга кўра божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этил­син.

9. Қорақалпоғистон Республика­сида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туризм операторларига истисно тариқасида экстремал турларни ташкил қилиш учун двигатель ҳажми 2,4 л. дан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган олиб кирилаётган транспорт воситаларига авто­транспорт воситаларини рўйхатга олиш бўйича алоҳида давлат рақами сериясини татбиқ этган ҳолда ва улардан фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш шарти билан 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш орқали амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида бож тўловларини тўлашга рухсат этилсин.

10. Белгилансинки:

2018 йилнинг 1 январидан эътиборан туризм маҳсулотларини сотиш ва/ёки туризм хизматларини онлайн брон (банд) қилиш бўйича хизмат кўрсатувчи хўжалик юри­тувчи субъектларнинг солиққа солинади­ган базаси электрон хизматларни, жумладан, электрон тўловлар, брон (банд) қилиш, эквайринг ва бошқа хизматларни, шунингдек, туризм хизматларининг замонавий турлари­ни таклиф қилувчи ихтисослаш­тирилган интер­нет-сайтлар ва порталларни йўлга қўйишга йўналти­рилган харажатлар миқдорига камайтирилади;

жамоат жойларида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) барпо этган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъект­лар фойдаланувчиларнинг шахсини мажбурий тартибда аниқлаган ҳолда тегишли сифатдаги уланишни таъминлашлари лозим;

ўз ҳудудида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) ўрнатган хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базаси, шу жумладан ягона солиқ тўлови бўйича базаси тегишли сифатдаги симсиз уланиш ҳудудини кенгайтириш учун асбоб-ускуна­ларни харид қилиш ва интернет-трафикни сотиб олишга йўналти­рил­ган харажатлар миқдорига камайти­рилади;

жамоат жойларида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) барпо этган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъект­ларга бундай ҳудудларни ташкил этган жойларда 18 кв.м.дан ортиқ бўлмаган ўлчамдаги реклама баннери ёки ромларини ўрнатиш ҳуқуқи беғараз асосда ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли рухсатларини олмасдан тақдим этилади;

Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларида (Wi-Fi) тақдим этилаётган хизматлар сифатини назорат қилиш Ахборот технология­лари ва коммуника­цияларини ривож­лантириш вазир­лиги ҳузуридаги Алоқа, ахборот­лаштириш ва теле­коммуникация технологиялари соҳа­сида назорат бўйича давлат инспекцияси томо­нидан амалга оширилади.

11. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг меҳ­мон­хоналарни, туташ йўл, муҳан­дислик ва коммуникация инфратузилмаларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини бирга­ликда молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линия­сини очиш тўғрисидаги таклифла­рига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси икки ой муддатда тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъект­ларига қуйидаги шартларда кредит­лар ажратилиши учун уларга кредит линияларини очсин:

меҳмонхоналар ва туташ йўл, муҳандислик ва коммуникация ин­фра­тузилмалари объектлари учун импорт ускуналар ва технология­ларни харид қилиш учун кредит муддати 15 йилни (имтиёзли давр — 5 йил) ташкил қилади. Мақсадли кредит линиясининг маблағлари ҳисобига битта мижоз учун ажра­тиладиган кредит ҳажми лойиҳа қийматининг 50 фоизидан ошмас­лиги лозим;

кредитлар ваколатли тижорат банкларининг инвестиция лойиҳа­сини амалга оширишнинг иқтисодий ва молиявий мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги ижобий қарорлари асосида берилади. Бунда, бир қарз олувчига бериладиган кредит миқдори битта инвестиция лойи­ҳаси учун 10 миллион АҚШ долларидан ошмаслиги лозим.

12. Ўзбекистон Миллий телера­дио­ком­паниясининг «Dunyo Bo‘ylab» телеканали Ўзбекистон Республика­си Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ички туризм, дам олишнинг фаол турлари ва спорт туризмини ривожлантириш, мада­ний мерос объектлари ва табиий бойликлар, шу жумладан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича ўтказиладиган тадбирларни ёритиш масалалари бўйича бош ахборот ҳамкори сифатида белги­лансин.

13. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Респуб­лика­­си Вазирлар Кенгаши, вилоят­лар ва Тошкент шаҳар ҳокимлик­лари билан биргаликда ўн кунлик муддатда мазкур Фармонни ҳисобга олган ҳолда кириш туризмини ривожлан­тириш, ички туризмнинг жадал ривожланишини таъминлаш, шу­нинг­дек, Ўзбекистон Республи­каси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ваколатлари ва тузил­масини қайта кўриб чиқиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларининг лойиҳа­ларини ишлаб чиқсин ва киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонла­рига 2-иловага мувофиқ ўзгарти­риш­­лар киритилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгар­ти­риш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республи­ка­си Вазирлар Маҳкамасига кирит­син.

Вазирлик ва идоралар бир ой муддатда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат­ларни ушбу Фармон билан мувофиқ­лаштирсин.

16. Мазкур Фармоннинг ижро­сини назорат қилиш Ўзбекистон Республика­сининг Бош вазири — Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаш­ти­­рувчи кенгаш раиси А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республика­­си Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмурадов ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривож­лан­тириш давлат қўмитасининг раиси А.А.Абдухакимов зимма­сига юклан­син.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2018 йил 3 февраль


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: