12.10.2017

ОСОЙИШТАЛИК ЙЎЛИДА ҲАМКОРЛИК — ҲАЁТИЙ ЗАРУРАТ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси (ҲПББ) томонидан «Ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси: осойишталик йўлида ҳамкорлик» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда ИИВ ҲПББ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи масъуллари, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бир қатор жамоат ташкилотлари ходимлари қатнашди.

— Сўнгги пайтларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида жуда катта ўзгаришлар юз берди, — деди ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси бошлиғи Азизбек Икромов. — Хусусан, ҳар ҳафтанинг пайшанба куни — Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кунида маҳаллалардаги хонадонларга кириб, оиладаги маънавий-ижтимоий муҳит, таълим муассасаларида ўқувчилар давомати ўрганиляпти. Содир этилган жиноятларни ўша куннинг ўзида муҳокамасини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Ўтказилган тадбирлар натижасида жиноятларнинг салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга камайди.

Хонадонларга борилиб, ҳар бир уйда юзага келаётган турли хил муаммолар ўрганилди. Тадбирлар жараёнида 284 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланиб, қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши таъминланди. Маҳаллаларда профилактика инспекторлари ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда фуқароларнинг осо­йиш­талигини таъминлаш йўлида туну кун хизмат олиб борилиши натижасида 1 528 маҳаллада жиноят содир этилишининг олди олинишига эришилди. Жиноят содир этиб, жазодан қочиб юрган 849 нафар қидирувдаги шахс ушланди.

Бундан ташқари, ўтмишда содир этилган 559 жиноят фош этилди. Лекин амалга оширилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан, содир этилаётган жиноятларнинг оила-турмуш муносабатлари доирасидагилари сони камаймаётир. Хусусан, жорий ­йилнинг ўтган даври мобайнида қотиллик ва суиқасд қилиш жиноятларининг 135 таси оила-турмуш муносабатлари доирасидаги келишмовчиликлар туфайли юз берган.

Ўқувчилар ўртасида қаровсизлик, назоратсизлик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, давоматини яхшилашда ички ишлар органлари асосий эътиборни таълим муассасалари билан ҳамкорликка қаратмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида бу борада бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳамкорликда амалга оширилган режали тадбирлар натижасида республика ҳудудида вояга етмаганлар жиноятчилиги сезиларли даражада камайди.

Анжуманда юртимизда осо­йишталикни таъминлашда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликни янада яхшилаш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, ИИВ тизими мутасаддилари тадбир иштирокчиларининг саволларига жавоб берди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози мухбири»



DB query error.
Please try later.