01.02.2018

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

чинакам тарбия маскани, фарзандларимиз келажаги учун ҳар томонлама мақбул ва ишончли даргоҳга айланади

Президентимиз томонидан 2017 йил 9 сентябрда имзоланган Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорга кўра, мактабгача таълим муассасаларида катта ўзгаришлар бошланди.

Бунга асосий сабаб — бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларида кўплаб муаммоларнинг мавжудлиги ва умуман ушбу тизимнинг эскирганлигидир. Бу борада фаолият юритиб келган мутасадди вазирликлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мактабгача таълим соҳасига ёндашуви қониқарсиз аҳволдалигидир. Мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг ҳозирги ҳолати болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга имкон бермаяпти.

Мамлакатимизда мактабгача таълим муассасалари тизими босқичма-босқич ҳам мазмунан, ҳам шаклан янгиланишни тақозо қилади.

Президентимиз томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда мактабгача таълим муассасалари тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор ҳамда унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган Мактабгача таълим муассасаларининг фао­лиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қарор бу жараённи тезлаштиришга туртки бўлди.

2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қа­рорда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, хусусан, шериклик асосида ҳаммабоп ва ҳамёнбоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, МТМлар фаолиятини яхшилаш, уларга методик кўмак бериш каби кенг кўламли комплекс тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Давлат мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларнинг таъминоти давлат бюджетлари маблағлари, нодавлат таълим муассасаларида эса сарф-харажатлар муассис ҳисобидан амалга оширилади. Давлат ва нодавлат таълим муассасалари болаларга таълим-тарбия беришда бир хил мақсад ва вазифаларни бажаради.

Мактабгача таълим тизимига сифатли хизмат кўрсатиш, болаларнинг интеллектуал ва жисмоний ривожланишини тўғри ташкил этиш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш талабларини шарт-шароити бўлмаган, мослашган биноларда жойлашган муассасаларда, айниқса, қиш­лоқ боғчаларида бажариш мушкул. Эндиликда бу камчиликлар бартараф этилиб, янги қиёфага кираётган мактабгача таълим муассасалари замонавий мебель ва ўқув жиҳозлари, ўйинчоқлар, болалар учун адабиётлар билан таъминланмоқда.

Қарорга биноан, давлат, нодавлат мактабгача таълим муассасаси, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг соғ­лом ва хавфсиз овқатланишини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Шунингдек, давлат мактабгача таълим муассасаларида нутқи, эшитиши ва ­кўришида енгил нуқсонлари бўлган ­болаларга хизмат кўрсатиш учун дефектолог штат бирлиги жорий этилди. Психик ривожланишида нуқсонлари бўлган ўғил-қизларни жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасаларидан ташқари бош­қа давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Қарорда жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасалари раҳбар, педагог ва тиббиёт ходимларининг лавозим маошлари ва базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча тўлов сақлаб қолинганлиги кўрсатилган. Таълим-тарбия жараёни ва муассасанинг иш тартиби, мактабгача таълим муассасалари педагог ходимларининг давлат бюджети ҳисобидан малака оширишларининг ташкил этилиши, болаларни қабул қилиш тартиби, чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қабул қилишда бериладиган имтиёзлар, гуруҳлардаги болалар сонининг минимал ва максимал меъёрлари, муассасаларни молиялаштириш манбаларининг аниқлаштирилиши, кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш ёшининг ўзгартирилиши, тарбияланувчиларнинг соғлом ­овқатланишини ташкил этишнинг янги механизмларини жорий этиш назарда тутилганлиги эътиборга сазовордир.

Мактабгача таълим беришнинг сифатини ошириш ва болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шаклларини жорий этиш орқали таълим-тарбия жараёни янада такомиллаштирилади. Қисқа муддатли гуруҳлар сонини кўпайтириш натижасида ҳар йили 5-6 ёшдаги 3950 нафар болани мактаб таълимига тайёрлаш учун шароит яратилади. Қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг муассасада бўлиш вақтини қисқартириш эвазига ота-оналарнинг бадал тўловлари 30 фоизгача камайтирилади. Мактабгача ёшдаги болаларни қабул қилиш ёшининг 2 ёшдан 3 ёшга ўзгартирилиши билан болаларни мактабгача таълимга қамрови 1,5 баробарга оширилади. Бу эса ҳар томонлама соғ­лом ва баркамол болани ул­ғайтириш мақсадига эришишга замин яратади

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан муассасаларга тайёр ва ярим тайёр озиқ-овқатларни етказиш тизими қайта кўриб чиқилмоқда. Бу жараёнда узлуксизликни, белгиланган стандарт ва сифатни таъминлашга катта эътибор қаратилади. Шу боис соҳага тадбиркорлар ҳам жалб қилинади. Мутахассислар озиқ-овқатларнинг фойдали элементларга бойлигини, шифокорлар эса болаларнинг ўсиш суръатларини кузатиб боради.

Қарор асосида соҳада давлат-хусусий шериклик механизмлари илк бор жорий этилиб, бунда хусусий секторлар солиқ, бож тўловларида, узоқ муддатли ва мақбул шартларда кредитлар олиш каби қатор имтиёзларга эга бўлади. Бундай саъй-ҳаракатлар туфайли мактабгача таълим муассасаларида ҳаммабоп нархлар таъминланади.

Нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятининг белгиланган талабларга тўла жавоб бериши вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан назорат қилинади, тегишли меъёрлар бузилган ҳолатларда қонуний чоралар кўрилади. Қолаверса, хусусий болалар боғчаларидаги алоҳида қулайликлар, намунали жиҳатлар ўзлаштирилиб, ўзаро тажриба алмашилади.

Болалар боғчаларида ота-оналарнинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олиб, 3-4 соатлик кичик гуруҳлар ташкил этилади. Муассасаларда давлат тили билан бир қаторда рус тили ва инглиз тилларини ўргатиш самарадорлиги оширилади. Бундан таш­қари, тарбиячи ва болалар учун янги ўқув-методик ҳамда дидактик адабиётлар нашр этилади. Мактабгача таълим муассасаларига малакали шифокорлар, дори-дармон ва тиббиёт буюмлари, санитария-гигиена воситалари ажратилади. Таълим муассасалари босқичма-босқич замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва зарур техника воситалари билан таъминланади. Шунингдек, ота-оналарнинг муассаса фаолия­тидан қай даражада қониқаётгани, уларнинг талаб ва истакларини аниқлаштириш учун анонимик тарзда сўровномалар олинади.

Мухтасар айтганда, мактабгача таълим муассасаси чинакам тарбия маскани, фарзандларимиз келажаги учун ҳар томонлама мақбул ва ишончли даргоҳга айланади. Бундай замонавий тизим болаларни тўлиқ қамраб олиш, уларни интеллектуал ва жисмоний жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказиш имконини беради.

 

Шоиста СОДИҚОВА,

Низомий номидаги ТДПУ

мактабгача таълим методикаси кафедраси доценти. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: