Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
01.02.2018

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИННОВАЦИОН ТАРАҚҚИЁТ ДАСТУРИ

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ, Академик:

— Мамлакатимизда ҳозирги вақтда деярли ҳар куни улкан янгилик ва ўзгаришлар содир бўлмоқда. Бу, ўз нав­батида, тараққиётимиз суръатлари нақадар тезлашиб, уларнинг натижадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади. Энг муҳими, бундай кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар аниқ мақсадга — мамлакатимиз ривожини янги босқичга олиб чиқиш, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилгани билан беқиёс аҳамиятга эгадир.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2018 йил мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинди ҳамда бу борадаги стратегик мақсад ва вазифалар аниқ белгилаб олинди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 22 январда қабул қилинган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга доир Давлат дастури тўғрисида»ги фармони билан 2018 йилга мўлжалланган давлат дас­тури тасдиқланди.

Мазкур дастурнинг маъно-мазмуни билан танишар эканмиз, аввало у ҳаётимизнинг барча соҳаларини янги ғоялар, туб демократик ўзгаришлар асосида янги босқичга кўтаришга қаратилган, том маънода инновацион тараққиёт дастури эканига ишонч ҳосил қиламиз. Аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилиниб, улардан тушган 4 минг 400 таклиф ва мулоҳазалар асосида қайта ишланиб, такомиллаштирилган мазкур дастур 5 бўлимдан иборат. Йил давомида дастур доирасида 37 қонун, 142 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш, турли соҳаларни қамраб оладиган 52 амалий чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Ана шу чора-тадбирлар юртимизда яшаётган оддий инсонлар, тадбиркорлар, бошқа соҳа вакиллари учун шу қадар улкан аҳамиятга эгаки, уларни том маънода тарихий аҳамиятга эга ўзгаришлар, дейиш мумкин. Масалан, вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд тураржойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга олишга оид тақиқ бекор қилиниши кўзда тутилаётгани — бу қанча-қанча одамлар, айниқса, ёшларнинг юрак дарди, орзуси эди. Ушбу норма фуқароларимизга мамлакатимизнинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишда ҳеч қандай чекловларсиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини бериши фармон шарҳида алоҳида таъкидланган.

Айтиш керакки, бундай ўзгариш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий-маънавий жиҳатдан ҳар бир ватандошимизга жуда катта имкониятлар беради.

Биринчидан, мамлакатимизнинг бутун ҳудуди бўйлаб ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши, меҳнат бозорида барча фуқароларимиз учун тенг имкониятлар таъминланиб, уларнинг қаердан келгани ва қаерда ҳисобда туриши эмас, балки профессионал малакаси, меҳнатга лаёқати, иш тажрибаси каби муҳим кўрсаткичлар етакчи ўринга чиқади.

Яширишнинг ҳожати йўқ, илгари ана шундай эркин ҳаракатланиш имкониятининг йўқлиги туфайли истеъдодли, билимли ва малакали кадрлар вилоятларда, қишлоқларда қолиб кетар эди. Улар пойтахтга келиб, бу ердаги меҳнатга, профессионал малака ва тажрибага юксак талаблар қўйиладиган ва шунга яраша иш, фаолият таклиф этиладиган муҳитда ўзини намоён қила олмас, замонавий кадр сифатида шакллана олмас эди. Албатта, замонавий кадр, ўз ишининг ҳақиқий устаси, профессионал касб эгаси бўлмасдан туриб етук шахс бўлиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши қийин. Бу — исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Иккинчидан, шахснинг яшаш ва меҳнат қилиш имкониятлари фақат маълум бир ҳудуд доирасида чеклаб қўйилиши юртдошларимизнинг вилоятдан пойтахтга келганида ўзини тўлақонли эркин фуқаро деб ҳис этишига халақит берар эди. Эркин ва озод ҳаётнинг энг муҳим шарти бўлган мамлакатимизнинг хоҳлаган ҳудудига бориб эркин ишлаш ва яшаш ҳуқуқини амалга ошириш имкониятлари чекланган эди. Шу маънода, Ҳаракатлар стратегия­сини «Фаол ­тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технология­ларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга доир Давлат дастурида белгиланган мазкур ўзгаришлар ҳар бир фуқаро ҳаётида, ҳеч шубҳасиз, янги даврни бошлаб беради. Фуқаролар ҳаётидаги янги давр — бу бутун мамлакат ҳаётидаги янги давр эканини тушуниш албатта қийин эмас.

Дастурнинг учинчи йўналиши — иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга бағишланган бўлимда белгиланган чора-тадбирлар замонга ҳамоҳанглиги, маъно-мазмуни, кўлами ва миқёси билан кишини янада ҳайратга солади. Мен иқтисодчи олим сифатида узоқ йиллардан буён иқтисодиёт илми билан шуғулланиб, бу соҳадаги янгиликларни кузатиб, таҳлил қилиб келаман. Президентимизнинг мазкур фармони ва Дастурнинг маъно-мазмуни билан танишиб чиққач, ўзимизда, хорижда нашр этилган қомусий китобларни бир-бир варақлаб, Интернет маълумотларидан фойдаланиб, кўпгина тушунча, атама ва иборалар бўйича ўз билим ва тасаввурларимни янгилаш, тўлдиришга тўғри келди. Чунки бу ноёб тарихий ҳужжатлар — фармон ва Дастурда замонавий иқтисодиётга хос энг сўнгги янгиликлар, инновацион ҳодиса ва жараёнлар ҳар томонлама ҳисобга олинган. Буларнинг барчаси биздан уларнинг моҳиятига чуқур кириб бориш учун ўз билим ва тасаввуримизни муттасил ошириб боришни талаб этади.

Дастурда ўз аксини топган «венчур фондлар», «венчур молиялаштириш», «стартап лойиҳалар», «рақамли банкинг», «интернет банкинг» каби иборалар изоҳи мустақиллик йилларида чоп этилган «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»да ҳам, бундан 10-15 йиллар олдин Россияда чиқарилган «Новый энциклопедический словарь» каби нуфузли нашр­ларда ҳам учрамайди. Бу мамлакатимиз ўз тараққиётида қанчалик шиддат билан илгарилаб бораётганидан далолат беради. Яъни бундан 10-15 йил олдинги тасаввур ва қарашлар, улар ҳақидаги манбалар ҳам бугунги замон, тараққиёт талабларига жавоб беролмасдан қолмоқда. Буни инкор этиб бўлмайди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда турли жабҳаларда фаол қўлланаётган, биз учун мутлақо янги ижтимоий ҳодиса бўлган инновацион тараққиёт билан боғлиқ янги-янги тушунчалар, ижтимоий-иқтисодий ҳодисалар ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. Венчур фондлар ҳам шулар жумласидандир. Бунда тадбиркорлар, бизнес тузилмалари ҳиссадорлик асосида, таваккал қилиб истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда ўз маблағлари билан иштирок этади. Стартап лойиҳаларда эса яхши бизнес ғояни амалга оширишни бошлаш учун бошқаларни жалб этиш, қизиқтириш муҳим ўрин тутади. Дастурда ана шундай инновацион янгиликларни амалга ошириш бўйича рағбатлантирувчи механизмлар, солиқ имтиёзлари жорий этиш кўзда тутилаётгани иқтисодиётимизда илғор ғоялар, «смарт» технологиялар ва нау-хауларга асосланган инновацион тараққиётнинг янги моделига бос­қичма-босқич ўтиш имконини беради.

Маълумки, ҳозирги тараққиёт даврида тадбиркорлик ва туризм соҳаси иқтисодиётнинг энг муҳим ва истиқболли тармоқларига айланиб бормоқда. Президентимиз фармони асосида тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш бўйича икки йил муддатга мораторий эълон қилингани бу ҳам инқилобий бир ўзгаришдир.

Шу вақтга қадар тадбиркорлар ўз ишини қандай ривожлантириш, қандай янгиликларни жорий этиш, жамиятга қандай фойда келтириш каби энг муҳим масалалар билан шуғулланмасдан, уларнинг асосий вақти, асаби ва куч-ғайрати бошқа нарсаларга кетарди. Улар турли назорат ва текширувчи органларга ҳисобот бериш, бу тузилмалар вакиллари кўзига ёмон кўринмасликка бор кучини сарф­лар, ана шундай ишлар, сансалорликлар туфайли овораю сарсон бўлиб ҳолдан тояр, ўз ишига ҳаваси ва иштиёқи сўнар эди. Ана энди бизнес тузилмалар ўз фаолиятини қандай қилиб инновацион асосда ташкил этиш, ривожлантириш, илм-фан ютуқларини жорий қилиб, ўз маҳсулоти, хизматлари сифатини ошириш ҳақида ўйлаш, ортиқча маблағини шундай мақсадларга сарфлаш бўйича жуда катта имкониятларга эга бўлмоқда.

Умуман, дастурнинг қайси бир йўналиши ёки бандини олиб қарамайлик, уларнинг барчасида замонавий инновацион янгилик ва технологияларни қўллаш бош ғоя бўлиб турганини кўрамиз. Дастур доирасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун 13,5 триллион сўм ва 1,3 миллиард АҚШ доллари йўналтириш назарда тутилмоқда. Яъни шунча маблағ ёруғ келажагимиз бўлган инновацион ривожланиш учун сарфланмоқда.

Дунё иқтисодчиларининг «Энг яхши сармоя — келажакка қўйилган сармоя» деган, амалда кўплаб мисолларда ўз тасдиғини топиб келаётган ҳикматли сўзи бор. Бугунги кунда мамлакатимиз шундай кенг кўламли дастур асосида бутун куч ва имкониятларини буюк келажагимиз йўлида сафарбар этаётган экан, бу жараёнда фаол иштирок этиш, инновацион фикрлаш, инновацион ташаббус ва ҳаракатлар билан уни янада мазмунли қилиш ва тўлиқ амалга ошириш учун муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.



DB query error.
Please try later.