Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
01.02.2018

ҚАШҚАДАРЁЛИКЛАР ҚАЛБИ ЭЗГУЛИК, ЯРАТИШ ВА ОРЗУ УМИДГА ТЎЛА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев куни кеча жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлганида, барча туманларни ривожлантиришга оид ўнлаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, қимматли маслаҳатлар берди.

Экспортбоп экинлар экиш, асаларичилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа соҳаларни ривожлантириш имкониятлари ҳақида таклифлар билдирди. Ўрмон хўжаликлари, лалми ерларда коврак, анзур рўян сингари шифобахш ўсимликларни ўстириш юзасидан ҳам тавсиялар берилди. Умуман, Қашқа воҳасининг салоҳиятини янада ошириш борасида аниқ йўналишлар, вазифалар белгилаб олинди.

Ҳаётимизга «Фаол тадбиркорлик», деган ибора чақмоқ сингари кириб келди. Ана шундай серғайрат, тинмай олға интилаётган тадбиркор Анзур Нормуродов ўтган йили Қашқадарё соҳилидаги янги сайилгоҳ яқинида қўш қаватли, замонавий дорихона бунёд этди. Энг сифатли ва нархи чақмайдиган дори-дармонлар шу жойда сотилмоқда. Тағин ўзи туғилиб ўсган Яккабоғ туманида, фақат фойда ҳисобидан «Дармон шарбат» — меваларни қайта ишлаш корхонасини ишга туширди. Австриядан келтирилган замонавий ускуналар ҳар соатда 2 тонна мева ва сабзавотни қайта ишлаб, шарбат тайёрлай олар экан. Ҳозир 15 киши меҳнат қилаяпти.

Яккабоғдан Қаршига элтувчи катта йўлнинг ёқасидаги, ўтган йили сентябрь ойида иш бошлаган корхонага етиб келганимизда кун анча совуқ эди. Аммо бу жойда қилинган ишлар, ишчи-хизматчиларнинг меҳнати қалбимизга аллақандай илиқ ҳарорат бағишлади. Корхона ҳовлиси атрофидаги 20 гектар интенсив боғни ҳам ўзлари барпо қилишибди. Уч йиллик ниҳоллар ҳосилга кириб, ўтган йили 200 тонна мева олишибди ва уларни қайта ишлаётган экан.

— Президентимизнинг корхонамизга ташриф буюрганидан бошимиз кўкка етди, — дейди Анзур Нормуродов. — Албатта, ҳали етишмовчиликлар кўп. Масалан, меваларни сақлаш имконияти йўқ. Давлатимиз раҳбарига ниятларимизни гапириб бердим. Дастлаб, 5 минг тонна мева сақлайдиган музлатгич — омборхона қуришимиз керак. Тағин болалар учун махсус идишларда тўла табиий шарбатлар ишлаб чиқарадиган янги цех қуриш ҳақидаги лойиҳамизга тўхталдим. Жами 500 гектар янги боғ яратамиз, дедим. Аммо ишимиз билан танишаётган Президентимиз: «Камида 5 минг гектар мевали боғлар яратасиз, бунга қурбингиз етади», деди. У кишининг ишончи, воҳамизнинг салоҳиятини юзага чиқариш юзасидан билдирган таклиф ва мулоҳазалари бир оддий тадбиркор сифатида мени яна олға ундайди. Бу кунни ҳеч вақт эсимдан чиқармайман...

Яккабоғдан Шаҳрисабзга йўл оламиз. Сал ўтмай жаҳон цивилизацияси тараққиётига бемисл ҳисса қўшган Абадий шаҳарнинг бош майдонига етиб келамиз. Дунёда барча катта-кичик шаҳарларнинг марказий майдони бор. Аммо ҳеч қайсиси қадимий Кешга ўхшамайди. Бу майдонда ўтмиш ва келажак бир-бирига пешвоз чиқади. Давлатимиз раҳбари дастлаб Кўкгумбаз жоме масжидига ташриф буюрди. Бу манзилда ўтганлар руҳига қуръон тиловат қилинди.

Тадбиркор Ортиқ Аҳмедов анча йил илгари картон қутилар тайёрлаш кичик корхонасига асос сол­ган эди. У бош майдон четида қурилган қўшқаватли бинони 906 миллион сўм кредит эвазига сотиб олиб, 30 бола тарбияланадиган боғчага айлантирди. Машғулотлар инглиз тилида олиб борилади. Давлатимиз раҳбари янги боғча шароитидан мамнун бўлиб, мудирага янги машина сов­ға қилди. Шу ернинг ўзида мутасаддилар олдига хусусий мактабгача тарбия муассасаларини кўпайтириш, 2021 йилгача вилоятдаги болаларнинг 80 фоизини қамраб олиш вазифаси қўйилди.

Бош майдон марказидаги ХVI асрда қурилган Коба обидаси энди ўзининг иккинчи умрини бошлади. Бино таъмирланиб, мақом марказига айлантирилди. Шу жойда Президентимиз туризм ва бошқа соҳаларга оид ўнлаб лойиҳалар билан танишди. Масалан, вилоятда тоза ичимлик суви билан таъминлаш 53 фоиз, Деҳқонобод туманида 2 фоиз экан. Агар тумандаги Оққишлоқ заминидан қудуқ қазиб сув олинса, таъминот 63 фоизга кўтарилади. Раҳбаримиз бу ва бош­қа масалаларни ечиш юзасидан аниқ топшириқлар берди.

— Мен ҳам Президентимизнинг фикрларини тингладим, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Элмурод Боймуродов. — У киши мумтоз мақом санъатимизни ривожлантириш ҳақида гапирди. Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан Амир Темур ҳайкали қаршисида алоҳида саҳна бунёд қилинади ва ҳар икки йилда мақом халқаро анжумани ўтказиладиган бўлди. Мен раҳбаримизга нафақага чиқсам-да, ҳозир туман маданият саройида 30 нафар ёш истеъдодни бирлаштирган «Бахтли болалик» мақомчилар ансамблига раҳбарлик қилаётганим, шогирдларимнинг ютуқлари ҳақида гапириб бердим...

— Шу куни Чироқчи тумани ҳокимлигининг катта мажлислар залида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди, — дейди ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги пар­тия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов. — Очиғи, шундай муҳим масалалар ўртага ташландики, жон қулоғимиз билан тингладик. Президентимиз яқинда Қозоғистонда юртдошларимиз фожиали ҳалок бўлгани ҳақида куйиниб гапирди. «Халқимизга муносиб ҳаёт тарзини яратиб бериш лозим», деди. Айниқса, раҳбарлар олдига бу борада катта вазифалар қўйилди. Шунингдек, янги иш ўринлари яратиш, ёшларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Видео алоқа орқали бу йиғилиш барча туманларга узатилди. Натижада жойлардан вакиллар ҳал бўлиши қийин бўлган муаммо ва масалаларни кўтаришди. Умуман, халқимизнинг яхши ҳаёт кечириши ва вилоят тараққиётига дахлдор кўплаб вазифалар ва йўналишлар белгилаб олинди.

— Чироқчига мустақиллик йилларида биринчи бор ­Давлат раҳбари ташриф буюриши, — дейди Чувиллоқ қишлоғида яшовчи фермер ­Яхшинор Чоршанбиев. — Ахир энг улкан туман, аҳолиси кўп, саноат секин ривожланаяпти. Айтадиган гапларимиз йиғилиб қолганди. ­Президентимизга ана шулар ҳақида гапириб, улкан орзумиз — янги темир йўл қурилиши кўп йиллардан буён пайсалга солинаётганини айт­дим. Раҳбаримиз дарров тегишли мутасаддиларга кўрсатма берди. Деҳқонча айтайми? Мен мамлакатимиз раҳбари ташрифидан Чироқчида ҳам улкан ўзгаришлар бўлишига ишонаман...

Қашқадарё вилоятида мамлакатда энг кўп — 406-407 минг тонна пахта етиштирилса-да, толани қайта ишлаш корхоналари кам. Президентимиз ўтган йилнинг февраль ойида вилоятга ташриф буюрганида бошқа соҳалар қатори воҳада текстиль саноатини ривожлантириш юзасидан таклифларини, тавсияларини айтган, бир қанча янги корхоналар лойиҳалари билан танишган эди. Шулардан энг йириги — Қарши туманида хитойлик сармоядорлар томонидан қурилган «АТ textile internation» корхонасидир. Мен бу корхонани бориб кўргандим. Ходимлар бўлими бошлиғи, хитой тилида эркин гаплаша оладиган Зафаржон Набиев корхона фаолияти билан таништирганди. Бу ерда 300 ўринли ётоқхона бор. Жами 700 га яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилади.

Мамлакатимиз раҳбари 29 январь куни Қарши туманидаги ана шу хорижий корхона фаолияти билан танишди. Бу корхонанинг иккинчи навбати 2019 йилда ишга тушади ва яна 650-700 киши ишли бўлади. Бундай истиқболли корхоналар Ғузор, Миришкор ва бошқа туманларда ҳам бунёд этилади, минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Қарши туманининг Қовчин қишлоғида бундан 1000 йил бурун яшаб ўтган етук аллома Абу Муъин Насафийнинг хилхонаси бор. Ҳазрат Абу Мансур Мотуридий таълимотини ёйган бул зотнинг кўплаб асарлари араб тилида. Мамлакатимиз раҳбари Насафий ҳазратларининг абадий маконини обод қилиш, кутубхона, қироатхона қуриш ишларининг бориши билан ҳам танишди. Қурилишни «Пудина Қувончбек» МЧЖ олиб бораяпти. Ҳадемай 3 гектардан ортиқ майдонда дарахтзор — гулзор барпо этилади. Келгусида улуғ зотнинг асарлари таржима қилиниб, ундан халқимиз баҳраманд бўлади.

— Ихлос-халос, дейдилар, — дея юрагидагини тўкиб солади «Бахт» фермер хўжалиги раиси, ЎзХДПдан Қарши туман Кенгаши депутати Иброҳим Холлиёров. — Тўқсонинчи йилларнинг бошидан Насафий бобомизнинг тарихи ва таълимотини ёзувчи Шомурод Шаропов билан бирга ўрганиб, шу кунгача 3 китоб чоп эттирдик. Бугун улуғ алломанинг мангу манзили обод қилинаётганидан, асарларини халқимизга етказиш учун жон куйдирилаётганидан қалбимиз фахр-ифтихорга тўлмоқда.

— Шу куни зиёратгоҳни кўздан кечирган Юртбошимиз хўжалигимизга келди, — давом этади Иброҳим ­Холлиёров. — Хўш, нимага эришганмиз? Чорвачилик йўналишида ривожланаяпмиз, гўшт ва сутни қайта ишлаш кичик корхоналаримиз бор. Яна 1 гектар майдонда балиқхона барпо этдик. Хўп, яна 1000 бош парранда, 100 бош қўй, 33 бош от, 18 бош туя парвариш қилаяпмиз. Ўтган йили Германиядан яна «Англер» зотли сермаҳсул 32 бош қорамол сотиб олдик. Қуён боқаяпмиз, 90 сотих жойда иссиқхонамиз бор. Яна 1 гектар ерда замонавий янги иссиқхона қурмоқчимиз. Бу йил 10 гектар ерга қовун экиб, Россия давлатига экспорт қилмоқчимиз. Ҳозир 107 киши меҳнат қилаяпти. Бу йил четга отланган 4 нафар ёш йигитни қайтариб, иш билан таъминладик. Ҳали орзуларимиз кўп. Ана шулар ҳақида Президентимизга гапириб бердим.

Шу куни Давлатимиз раҳбаримиз Қарши туманидаги Хонобод қишлоғида жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб, учувчилар билан суҳбатлашди. Ҳарбий хизматчиларнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш, уларнинг жанговор тайёргарликларини такомиллаштириш юзасидан вазифалар белгиланди.

Президентимиз ташаббуси билан Қарши шаҳрида кўркам хиёбон барпо этилди ва Абдулла Орипов номидаги ихтисослашган мактаб ўтган йил сентябрда 142 нафар истеъдодли ёшни қабул қилиб олди. Мактабнинг 50 ўринли ётоқхонаси, ёпиқ сузиш бассейни бор, шоирга бағишлаб музей ташкил этилган. Давлатимиз раҳбари мактабга ташриф буюриб, ана шу намунали шароит, замонавий жиҳозланган синфхоналар билан танишиб, ёшлар фикри, ижод намуналарини тинглади. Вақти келиб, улар орасидан улуғ ижодкорлар етишиб чиқишига ишонч билдирди.

Президентимизнинг Қашқадарё вилоятида бўлиши, воҳа аҳолисининг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшди. Қашқадарёликларни юксак марралар сари илҳомлантирди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Суратларда: 

1. Абу Муъин Насафийнинг хилхонаси.  2. Абдулла Орипов мактаби ўқувчилари.



DB query error.
Please try later.